AAOIFI Шаръий меъёри №17:
ИНВЕСТИЦИЯ СУКУКЛАРИ
Меъёрнинг матни
5. Шаръий ҳукмлар ва мезонлар:
5/2 Сукукларни муомалага киритиш ва қайтариб сотиб олиш:
5/2/1 Агар сукуклар моддий активлар, манфаатлар (фойдаланиш ҳуқуқи) ёки хизматлардаги умумий улушни ифода этса, обуна ёпилганидан, сукуклар тақсимланганидан ва фаолият бошланганидан кейин уларни муомалага киритиш (савдо қилиш) ва қайтариб сотиб олиш мумкин.
Фаолият бошланишидан олдин эса сарф (валюта айирбошлаш) шартномасига оид шаръий қоидаларга риоя қилинади.
Шунингдек, агар тугатиш (ликвидация) амалга оширилса ва активлар қарзлардан иборат бўлса, ёки сукуклар ифода этаётган активлар муддатли тўлов эвазига (насияга) сотилган ҳолатда, қарзларга оид шариат қоидаларига риоя қилиш лозим бўлади.
5/2/2 Муомалага чиқарилиши мумкин бўлган сукукларда чиқарувчи (эмитент) эмиссия проспектида эмиссия жараёни якунлангандан кейин унга тақдим этиладиган сукукларни бозор баҳосида сотиб олиш мажбуриятини олиши мумкин. Бироқ сукукларни номинал қийматида сотиб олиш бўйича мажбурий ваъда бериш жоиз эмас.
5/2/3 Сукукларни шариат қоидаларига зид бўлмаган ҳар қандай одатий усул билан муомалага киритиш мумкин. Масалан, реестрда қайд этиш, электрон воситалар орқали ёки тақдим этувчига тегишли бўлган сукукларда уларни қўл билан топшириш орқали.
5/2/4 Ижарага берилган ёки ижарага берилиши ваъда қилинган активларга эгаликни ифодаловчи сукукларни чиқарилган пайтдан бошлаб, яъни сукук эгалари ушбу активларга эгалик қилган пайтдан бошлаб то муддат якунига қадар муомалага киритиш/ олди-сотди қилиш мумкин.
5/2/5 Ижарага берилган активларга эгаликни ифодаловчи сукуклар уларнинг муддати тугашидан олдин сукук чиқарувчи томонидан бозор нархида ёки сукук эгаси билан чиқарувчи ўртасида қайтариб сотиб олиш кунида келишилган нархда қайта сотиб олиниши мумкин.
5/2/6 Муайян активлар манфаатларига эгалик ҳуқуқини берувчи сукуклар ушбу активлар қайта ижарага берилишидан олдин муомалага киритилиши/савдо қилиниши жоиз. Агар активлар қуйи-ижарага берилса, сукук ижара тўловини ифодалайди, яъни у иккинчи ижарачининг зиммасидаги қарзга айланади. Бу ҳолатда сукуклар савдоси қарзлар билан муомала қилишга оид ҳукм ва меъёрларга бўйсунади.
5/2/7 Муайян моддий активлар манфаатларига эгалик ҳуқуқини берувчи сукукларни тақсимлангандан ва обуна маблағлари тўлаб бўлингандан сўнг ўша сукук эгаларидан бозор баҳосида ёки томонлар ўзаро келишган нархда қайтариб сотиб олиш жоиз. Фақат бунда обуна суммаси ҳам, сотиб олиш нархи ҳам кечиктирилган бўлмаслиги шарт. [“Ижара ва Ижара Мунтаҳия Биттамлик” тўғрисида № (9) шариат меъёрининг 3/4 бандига қаранг]
5/2/8 Зиммада тавсифланган активлар манфаатларига эгалик ҳуқуқини ифодаловчи сукуклар манфаат олинадиган аниқ актив белгилаб олинмагунча муомалага киритилиши/ савдо қилиниши жоиз эмас, фақатгина қарзлар билан муомала қилиш қоидаларига риоя қилиш бундан мустасно.
5/2/9 Муайян шахс томонидан кўрсатиладиган хизматларга эгалик ҳуқуқини ифодаловчи сукуклар ушбу хизматлар қайта ижарага берилишидан олдин муомалага киритилиши/ савдоси жоиз. Агар хизматлар қайта ижарага берилса, сукук ижара ҳақини ифодалайди ва бу ҳолда у иккинчи ижарачининг зиммасидаги қарзга айланади. Шунда сукук муомаласи қарзлар билан муомала қилиш ҳукм ва меъёрларига бўйсунади.
5/2/10 Зиммада тавсифланган манба томонидан кўрсатиладиган хизматларга эгаликни ифодаловчи сукуклар хизмат кўрсатувчи томон аниқланмагунча муомалага киритилиши/савдоси жоиз эмас, фақатгина қарзлар билан муомала қилиш қоидаларига риоя қилинган ҳолат бундан мустасно. Хизматлар манбаси аниқлангандан кейин бундай сукукларни муомалага киритиш/олди-сотди қилиш мумкин бўлади.
5/2/11 Сукук эгалари 5/2/8 ва 5/2/10 бандларда рухсат этилган шаклларда худди шу манфаат хусусиятларига эга бўлган актив ёки хизмат бўйича параллел ижара шартномасини тузиш мумкин. Бундан икка ижара шартномаси бир-биридан мустақил, ўзаро боғланмаган бўлиши шарт.
5/2/12 Муайян активлар манфаатларини қўлган киритган иккинчи харидор уни яна бошқа шахсларга сотиши ҳамда у бу манфаатлар асосида сукук чиқариши ҳам мумкин.
5/2/13 Истисна сукукларини муомалага киритиш ёки қайтариб сотиб олиш, агар Истисна муддати давомида пул маблағлари сукук эгалари мулкига айланадиган моддий активларга айлантирилган бўлса, жоиз. Агар обунадан тушган маблағлар Параллел Истисна шартномаси бўйича нарх сифатида тўланса ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот харидорга топширилган бўлса, у ҳолда Истисна сукуклари муомаласи (олди-сотдиси) қарзлар билан муомала қилиш ҳукмларига бўйсунади.
5/2/14 Салам сукукларини муомалага киритиш/олди-сотди қилиш жоиз эмас.
5/2/15 Муробаҳа сукуклари, Муробаҳа маҳсулоти харидорга топширилгандан кейин муомалага киритилиши/савдо қилиниши жоиз эмас. Бироқ, маҳсулот сотиб олингандан кейин ва харидорга сотилишидан олдин сукукларни муомалага киритиш/олди-сотди қилиш жоиз ҳисобланади.
5/2/16 Музораба, Мушорака ва Инвестицион вакиллик (Вакала бил-Истисмар) сукукларини обуна ёпилгандан, сукуклар тақсимлангандан ҳамда моддий активлар ёки манфаатлар юзасидан фаолият бошланганидан кейин муомалага киритиш/ олди-сотди қилиш жоиз.
5/2/17 Музораъа ва Мусоқот сукукларини обуна ёпилгандан, сукуклар тақсимлангандан ва фаолият бошланганидан кейин муомалага киритиш/ олди-сотди қилиш жоиз. Ушбу қоида агар сукук эгалари ер эгалари бўлса қўлланилади. Аммо агар сукук эгалари ишни бажарувчи томон (деҳқон ёки суғорувчи) бўлса, у ҳолда ушбу сукукларни муомалага киритиш/олди-сотди қилиш жоиз эмас, фақат экин ёки мева ҳосили пишиб етилиши бошланганидан кейин мумкин бўлади.
5/2/18 Муғораса сукукларини обуна ёпилгандан, сукуклар тақсимлангандан ва фаолият бошланганидан сўнг муомалага киритиш/олди-сотди қилиш жоиз, сукук эгалари ер эгалари бўладими ёки ёки дарахт экиш мажбуриятини олган томон бўладими фарқи йўқ.
6. Меъёр чиқарилган (эълон қилинган) сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1424 йил 1-робиъул аввал (мил. 2003 йил 8-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси