AAOIFI Шаръий меъёри №17:
ИНВЕСТИЦИЯ СУКУКЛАРИ
Меъёрнинг матни
5. Шаръий ҳукмлар ва мезонлар:
5/1 Инвестиция сукукларини чиқариш:
5/1/1 Обуна (subscription) орқали йиғилган маблағларни шариатга мувофиқ инвестиция шартномаларидан бирортаси асосида инвестиция қилиш мақсадида сукук чиқариш жоиз.
5/1/2 Моддий активлар, манфаатлар (узуфрукт) ва хизматларни сукукка айлантириш (секюритизация қилиш) жоиз. Бу уларни тенг улушларга бўлиш ҳамда уларнинг қийматига тенг сукук чиқариш орқали амалга оширилади. Қарз мажбуриятларини эса, уларни олди-сотди мақсадида сукукка айлантириш жоиз эмас.
5/1/3 Сукук чиқаришга асос бўлган шартноманинг барча ҳуқуқий оқибатлари эмиссия шартномаси орқали кучга киради. Бу обуна ёпилгандан ва сукуклар тақсимлангандан сўнг содир бўлади.
5/1/4 Сукук чиқариш (эмиссия қилиш) бўйича шартномани имзоловчи томонлар – Сукук чиқарувчи (эмитент) ва унга обуна бўлган шахслар ҳисобланади.
5/1/5 Эмиссия шартномасидаги икки томон ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар шартнома тури ва унинг шаръий табиати (хусусияти)га қараб белгиланади, Бунинг баёни қуйидагича бўлади:
5/1/5/1 Ижара активларига эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Бундай сукукнинг чиқарувчиси (эмитенти) ижара берилган активнинг ёки ижарага олиш ваъдаси берилган активнинг сотувчиси бўлади, сукукка обуна бўлувчилар эса ўша активни сотиб олувчилар ҳисобланади. Обуна орқали жалб қилинган маблағлар сотиб олиш нархи бўлади. Сукук эгалари ушбу активларга умумий эгалик (мушоъ) асосида эга бўладилар ҳамда ундан келадиган фойда ва зарарни ўрталарида мавжуд бўлган шерикчилик асосида бўлишадилар.
5/1/5/2 Манфаат (узуфрукт) га эгаликни ифодаловчи сукуклар:
а) Мавжуд активлар манфаатларига эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмиссия қилувчи) – бу мавжуд актив манфаатини сотувчи томон ҳисобланади, Сукукнинг обуначилари -манфаатнинг харидорлари; обуна орқали жалб қилинган маблағлар эса ана ўша манфаатнинг харид нархи ҳисобланади. Сукук эгалари ушбу манфаатларга умумий эгалик (мушоъ) асосида, у билан боғлиқ фойда ва зарарлар билан бирга эга бўладилар.
б) Зиммада тавсифланган активларнинг манфаатларига эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) зиммада тавсифланган (келажакда тақдим этиш мажбурияти олинган) актив манфаатининг сотувчиси ҳисобланади, Сукукка обуна бўлганлар эса унинг харидорлари, обуна маблағи эса ушбу манфаатнинг (харид қилиш) нархидир. Сукук эгалари ушбу манфаатларга умумий эгалик (мушоъ) асосида, у билан боғлиқ фойда ва зарарлар билан бирга эга бўладилар.
c) Хизматларга эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) – бу хизматнинг сотувчиси, унга обуна бўлганлар – хизмат харидорлари, обуна маблағи эса ўша хизматга тўланадиган нархдир.
Сукук эгалари (а), (б) ва (c) бандларида санаб ўтилган барча турдаги манфаатларни сотиш ва мазкур манфаатларни қайта сотишдан тушадиган маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5/1/5/3 Салам сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) Салам маҳсулотининг сотувчиси ҳисобланади. Обуначилар маҳсулотнинг харидорлари; обунадан тушадиган маблағлар эса маҳсулотнинг харид нархи (Салам капитали) ҳисобланади. Сукук эгалари Салам маҳсулотига эгалик қиладилар, улар ушбу маҳсулот сотувидан тушган маблағларни ёки (агар мавжуд бўлса) Параллел Салам орқали сотилган Салам маҳсулотининг пулини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5/1/5/4 Истисна сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) – ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи/сотувчи), Сукук обуначилари – ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган активнинг харидорлари, обуна маблағи эса ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархи ҳисобланади. Сукук эгалари ишлаб чиқариладиган активга эгалик қиладилар ҳамда уни сотишдан тушадиган пулга ёки агар мавжуд бўлса, Параллел Истисна асосида сотилган маҳсулот нархига ҳақли бўладилар.
5/1/5/5 Муробаҳа сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) Муробаҳа маҳсулотининг сотувчиси, Сукукка обуначилар мазкур маҳсулотнинг харидорлари, обунадан йиғилган маблағлар эса маҳсулотнинг харид баҳоси (таннархи) ҳисобланади. Сукук эгалари Муробаҳа маҳсулотига эгалик қиладилар ҳамда уни сотишдан тушадиган пулларни олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5/1/5/6 Мушорака сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) – бу муайян лойиҳа ёки аниқ бир фаолият бўйича шерикликка киришни таклиф қилувчи шахс ҳисобланади. Сукукка обуна бўлувчилар эса Мушорака шартномасидаги шериклар ҳисобланади. маблағи эса Мушорака капиталидаги обуначиларнинг улуши саналади. Сукук эгалари ширкатнинг активларига, фойда ва зарарлар билан бирга, эгалик қиладилар ҳамда агар фойда юзага келса, улар ундан ўз улушларига мувофиқ фойда олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5/1/5/7 Музораба сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) Музориб, Сукукка обуна бўлганлар роббул мол, яъни капитал эгалари ҳисобланади; обунадан тушган маблағлар эса Музораба капиталини ташкил этади. Сукук эгалари Музораба активларига эгалик қилади ҳамда капитал эгалари учун келишилган фойда улушига ҳақли бўладилар. Агар зарар вужудга келса, Сукук эгалари уни ўз зиммаларига оладилар.
5/1/5/8 Инвестиция вакиллиги (Вакала бил-Истисмор) сукуклари:
Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) инвестиция бўйича вакил ҳисобланади. Сукукка обуна бўлганлар – вакил қилувчи (муваккил)лар, обуна маблағи эса инвестиция қилиш учун вакилга топширилган маблағлар ҳисобланади. Сукук эгалари Сукук ифода қилаётган активларга эгалик қиладилар ва улардан келадиган фойда ва зарар Сукук эгаларига тегишли бўлади. Агар фойда юзага келса, улар бу фойдадан ўз улушларига мувофиқ фойда олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
5/1/5/9 Музораъа сукуклари:
а) Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) ер эгаси (ернинг ўзи ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқининг эгаси) бўлиб, сукукка обуна бўлганлар Музораъа шартномасидаги деҳқон-фермерлар (шахсан ўзлари ёки улар ёллаган ишчилар) ҳисобланади, обуна маблағлари қишлоқ хўжалиги харажатларини қоплаш учун хизмат қилади.
б) шунингдек, Сукук чиқарувчи (эмитент) – деҳқон-фермер (музориъ) бўлиши, сукукка обуна бўлганлар эса ер эгалари (яъни обуна маблағлари ҳисобидан ер сотиб олган сармоядорлар) бўлиши ҳам мумкин. Натижада, Сукук эгалари ердан олинган ҳосилдан шартномада келишилган улушга ҳақдор бўладилар.
5/1/5/10 Мусоқот сукуклари:
а) Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) – бу дарахтлари мавжуд ер эгаси (ернинг ўзи ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахс) бўлиб, сукук обуначилари Мусоқот шартномасидаги суғориш мажбуриятини олган шахс (мусоқий/боғбон) ҳисобланади, обунадан тушган маблағлар эса дарахтларни парвариш қилиш харажатларини қоплаш учун хизмат қилади.
б) Шунингдек, Сукук чиқарувчи мусоқий (боғбон) бўлиши ва сукукка обуна бўлганлар эса ер эгаси (яъни обуна маблағлари ҳисобидан ерлари суғориладиган инвесторлар) бўлиши ҳам мумкин. Сукук эгалари дарахтларда етиштирилган ҳосилдан келишилган улушга эга бўладилар.
5/1/5/11 Муғораса сукуклари:
а) Ушбу сукукларнинг чиқарувчиси (эмитенти) дарахт экиш учун яроқли ер эгаси, Сукукка обуна бўлганлар эса Муғораса шартномасидаги дарахт экиш мажбуриятини ўз зиммасига олган шахс (муғорис)лар ҳисобланади. Обуна маблағлари дарахтларни экиш харажатларини қоплаш учун хизмат қилади.
б) Шунингдек, Сукук чиқарувчи муғорис (иш бажарувчи) бўлиши, сукукка обуна бўлганлар эса ер эгалари (яъни обуна маблағлари ҳисобидан дарахт экиладиган ернинг инвесторлари) бўлиши ҳам мумкин. Сукук эгалари ердан ва дарахтлардан олинган ҳосилдан келишилган улушга эга бўладилар.
5/1/6 Сукук чиқариш шартномалари шартнома тузувчи икки томон — яъни сукук чиқарувчи ва унга обуна бўлган шахс — ўртасидаги муносабатни тартибга солади. Ушбу шартномалар тузилиши билан томонлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларга оид барча ҳуқуқий оқибатлар юзага келади.
5/1/7 Сукук чиқариш проспекти (яъни эмитент қимматли қоғозларни чиқариш ҳақидаги маълумотларни батафсил очиб берадиган расмий ҳужжат)) сукук чиқарувчи томонидан обуначиларга йўлланадиган таклиф ҳисобланади. Сукукка обуна бўлиш эса ийжоб (таклиф)ни ифодалайди. Қабул (акцепт) эса сукук чиқарувчи томоннинг розилиги билан юзага келади. Аммо агар сукук чиқариш проспектида унинг ўзи ийжоб (таклиф) эканлиги аниқ кўрсатилган бўлса, у ҳолда проспект ийжоб, яъни шартнома тузиш учун таклиф, обуна бўлиш эса қабул ҳисобланади.
5/1/8 Эмиссия проспектида қуйидагилар эътиборга олиниши лозим:
5/1/8/1 Проспект шартнома шартларини, сукук чиқаришда иштирок этувчи томонлар ҳақида етарли маълумотларни, уларнинг шаръий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олиши лозим. Жумладан: сукук чиқариш учун масъул вакил, эмиссия жараёни бошқарувчиси, эмиссия ташкилотчиси (оригинатор), инвестиция бўйича ишончли бошқарувчи, кафиллик берувчи (андеррайтер), тўлов агенти ва бошқалар. Шу билан бирга,, уларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш шартлари ҳам ушбу ҳужжатда кўрсатилиши лозим.
5/1/8/2 Проспектда сукук қайси шартнома асосида чиқарилаётгани аниқ кўрсатилиши керак. Масалан, ижарага берилган активни сотиш, Ижара, Муробаҳа, Истисна, Салам, Музораба, Мушорака, Вакала, Музораъа, Муғораса ёки Мусоқот каби.
5/1/8/3 Сукук чиқариш учун асос ҳисобланган шартнома ўзининг барча рукнлари ва шартларига тўлиқ жавоб бериши ҳамда унинг мазмунига зид ёки шаръий ҳукмларига (қоидаларига) қарши келадиган шартларни ўз ичига олмаслиги лозим.
5/1/8/4 Проспектда Шариат талаблари ва тамойилларига риоя қилиниши ҳамда сукук чиқариш механизмини тасдиқлайдиган ва унинг амалга оширилишини бутун муддат давомида назорат қиладиган Шаръий кенгаш мавжудлиги аниқ кўрсатилиши керак.
5/1/8/5 Проспектда сукукдан тушган маблағлар ва мазкур маблағлар кейинчалик айланадиган активлар шариатга мувофиқ инвестиция усулларидан бири асосида инвестиция қилиниши кўрсатилиши лозим.
5/1/8/6 «Ширкат (Мушорака) ва замонавий компаниялар» тўғрисидаги № (12) сонли шаръий меъёрнинг 3/1/5 бандига риоя қилган ҳолда, проспектда ҳар бир сукук эгаси фойдада иштирок этиши ва сукукда ифодаланган молиявий ҳуқуқларга мутаносиб равишда зарарни зиммасига олиши кўрсатилиши лозим.
5/1/8/7 Проспектда сукук чиқарувчининг сукук эгасига сукукнинг номинал қийматини — тажовуз (таъадди) ёки бепарволик (тақсир) ҳолатларидан ташқари — кафолатлашини назарда тутувчи бирор банд бўлмаслиги лозим. Шунингдек, муайян миқдордаги фойдани кафолатлаш ҳам мумкин эмас. Бироқ мустақил учинчи томон кафолатни ихтиёрий равишда (табарру’ сифатида) бериши мумкин. Бунда «Кафолатлар» тўғрисида № (5) сонли шаръий меъёрнинг 7/6 бандига риоя қилинади.
Шунингдек, сукук чиқарувчи ўзининг тажовуз (таъадди) ёки бепарволик (тақсир) ҳолатларида жавобгарлигини кафолатлаш мақсадида сукук эгаларига актив кўринишида (гаров) ёки шахсий кафолат тақдим этиши мумкин. Бунда «Ширкат (Мушорака) ва замонавий компаниялар» тўғрисидаги № (12) сонли шаръий меъёрнинг 3/1/4/3 бандига ва унда кўрсатилган шартномаларга риоя қилинади.
5/1/9 Муассаса обуна бўлмай қолган сукукларни сотиб олиш (андеррайтинг) мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин. Бу мажбурият андеррайтер томонидан бериладиган мажбурий ваъда (ваъд мулзим) асосида бўлади. Бундай мажбурият учун андеррайтер тўлов/комиссия олиши жоиз эмас. Бунда «Ширкат (Мушорака) ва замонавий компаниялар» тўғрисидаги № (12) сонли шаръий меъёрнинг 4/1/2/4 бандига риоя қилинади
5/1/10 Сукук қисқа муддатли, ўрта муддатли ёки узоқ муддатли қилиб чиқарилиши мумкин/жоиз, бунда шариат тамойилларига риоя қилинади. Баъзи ҳолларда сукуклар муайян муддат белгиланмасдан ҳам чиқарилиши мумкин. Бу сукук асосида ётган шартноманинг хусусиятига боғлиқ.
5/1/11 Сукук чиқарувчи ёки сукук эгалари томонидан хатарларни бошқариш, тақсимланаётган фойдадаги тебранишларни камайтириш учун шариат жиҳатдан рухсат этилган усулларни қўллаши мумкин, масалан, фойдани тенглаштириш захираси шакллантириш, сукук эгаларининг бадаллари ҳисобидан ислом суғурта жамғармаси ташкил этиш; ёки сукук эгалари улушидан тўланадиган бадаллар орқали такофул (ислом суғуртаси) тизимига қўшилиш; ёки сукук эгалари томонидан берилган ихтиёрий бадаллар орқали бундай тизимни молиялаштириш. Даромаддан маълум бир улушни чегириб қолишда шаръан ҳеч қандай монеълик йўқ.