AAOIFI Шаръий меъёри №16:
ТИЖОРАТ ҚОҒОЗЛАРИ
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади – тижорат қоғозларига оид ҳукмларни баён этиш, улардан қайси турлари жоиз (рухсат этилган) ва қайсилари ножоиз (тақиқланган) эканлигини, тижорат қоғозларининг муомалада айланиши (тадавул), уларни қабул қилиб олиш (таҳсил), дисконт қилиш (хасм), қабз қилиш (эгаликка олиш) ва уларни тўлов сифатида қабул қилишнинг ҳукмларини ёритиб бериш, шунингдек ислом молия муассасалари томонидан тижорат қоғозлари билан муомала қилишнинг шаръий қоидаларини тушунтиришдан иборат.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр тижорат қоғозлари тўғрисидаги Женева ягона қонуни доираси билан чекланган тижорат қоғозлари — ўтказма вексел (bill of exchange), оддий вексел (promissory note) ва чекка тааллуқли бўлиб, улар билан Шариат қоидалари ва тамойилларига мувофиқ равишда муомала қилиш масалаларини қамраб олади.
Мазкур меъёр юқорида зикр этилган уч турдан ташқари, тижорат қоғозларига хос бўлган хусусиятларга эга бошқа ҳужжатлар ёки воситаларни ўз ичига олмайди.
2. Тижорат қоғозларининг таърифи ва уларнинг шариат нуқтаи назаридан тавсифи:
2/1 Ўтказма вексел (bill of exchange): бу ёзма шаклдаги, вексел чиқарувчи (трассант) томонидан имзоланган ва ҳеч қандай шарт билан чекланмаган буйруқни ифодалайдиган ҳужжат бўлиб, унда вексел чиқарувчи томонидан маълум миқдордаги пул маблағини талаб қилинган заҳоти ёки белгиланган ёки (келажакда) белгиланиши мумкин бўлган санада учинчи шахсга ёки шу учинчи шахснинг буйруғи билан тайинланган шахсга ёки ҳужжатни тақдим этувчига тўлаш кафолати/топшириғи ҳисобланади.
2/2 Оддий вексел (promissory note): бу бир шахс (қарздор/эмитент) томонидан бошқа шахс (манфаатдор томон ёки кредитор)га муайян миқдордаги пул маблағини маълум бир санада ёки (келажакда) белгиланиши мумкин бўлган санада дарҳол (талаб қилинган заҳоти) тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган ёзма ҳужжатдир. Шариат нуқтаи назаридан бундай вексел қарзни тасдиқловчи/ифодаловчи ҳужжат ҳисобланади.
2/3 Чек: маълум (ўрнатилган) шаклга мувофиқ тузилган ёзма ҳужжат бўлиб, унда муайян маблағни учинчи шахс (бенефициар)га талаб қилинган заҳоти тўлаш бўйича бир шахс (чек ёзувчи)нинг бошқа шахс (тўловни амалга оширувчи)га буйруғини ўз ичига олади. Чекнинг шариат нуқтаи назаридан тавсифи – агар чек ёзувчи тўловни амалга оширувчининг кредитори бўлса, бу чекланган Ҳавала бўлади, акс ҳолда чек ёзувчи/берувчи томонга нисбатан чекланмаган (мутлақ) Ҳавала бўлади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси