ШАРЪИЙ МЕЪЁР №15
ЖУЪАЛА
Меъёрнинг матни
6. Жуъалани бекор қилиш (фасх):
6/1 Агар буюртмачи ёки иш бажарувчи ҳали ишга киришмасдан шартномани бекор қилса, иш бажарувчи ҳеч нарса олмайди.
6/2 Агар буюртмачи, иш бажарувчи ишни бошлаганидан сўнг ишга тўсқинлик қилиб уни тўхтатиб қўйса, у ҳолда буюртмачи иш бажарувчига ужра мисл (бозор баҳосидаги ўртача иш ҳақи) тўлашга мажбур бўлади.
6/3 Агар иш бажарувчи ишни бошлаганидан кейин шартномани унинг ўзи бекор қилса, у буюртмачидан ҳеч нарса талаб қила олмайди, томонлар бошқача келишув қилган ҳолат бундан мустасно.
6/4 Агар шартнома иш бажарувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор бўлса ва буюртмачи бажарилган ишдан муайян манфаат олган бўлса, у ҳолда иш бажарувчи буюртмачи олган манфаатга мутаносиб равишда мукофот (ҳақ) олиш ҳуқуқига эга бўлади.
7. Жуъала ижарадан фарқли жиҳатлари:
Жуъала бир неча жиҳатлари билан Ижарадан фарқ қилади, жумладан:
7/1 (Бажариладиган) ишнинг тафсилотлари ноаниқ бўлса-да, Жуъала тўғри (саҳиҳ) шартнома ҳисобланади, бунда буюртмачи томонидан талаб қилинаётган натижанинг аниқлиги етарли бўлади.
7/2 Жуъалада иш бажарувчи томонидан ийжоб (ишни бажаришга розилигини ифода қилиш)га ҳожат йўқ.
7/3 Мукофот олиш ҳуқуқи иш бажарилиб, натижа буюртмачига топширилишига боғлиқ бўлади (яъни шундан кейин мукофотни олиш ҳуқуқи вужудга келади – тарж.).
7/4 Жуъала шартномаси, ҳатто иш бажарувчи муайян бир шахс бўлмаса ҳам ҳақиқий/саҳиҳ шартнома ҳисобланаверади.
7/5 Аслида, Жуъала бажарилиши мажбурий бўлмаган (яъни бир томонлама бекор қилса бўладиган) шартнома, Ижара эса лозим (бажарилиши мажбурий) шартнома ҳисобланади.
8. Жуъаланинг амалиётда қўлланилиши:
Иш ҳажми ва миқдорини олдиндан аниқ айтиб бўлмайдиган ва (иш тафсилотларида) ноаниқликка йўл қўйиладиган фаолият турларида Жуъалани қўллашга қуйидагилар мисол бўла олади:
8/1 Фойдали қазилмаларни қидириш/излаш ёки сув чиқариш:
Жуъала фойдали қазилмаларни қидириш ёки сув манбаларини топишган нисбатан қўлланилади, фақат бунда мукофот олиш ҳуқуқи фойдали қазилма ёки сув манбасига етиб бориш шартига боғлиқ бўлади. Бу ерда ишнинг ҳажми ёки давомийлиги эътиборга олинмайди.
8/2 Қарзларни ундириш:
Жуъала қарзларни ундириш хизматларида ҳам қўлланилади, фақат бунда қарзнинг барчасини ундириш шарт қилинган бўлса, ижрочи мукофотни тўлиқ олади, агар қарзнинг бир қисми ундирилиши шарт қилинган бўлса, у ҳолда ижрочи ундирилган қарз миқдорига мутаносиб равишда мукофот олиши мумкин бўлади.
8/3 Шаръан жоиз молия маблағлари жалб қилиш:
8/3/1 Шариатда рухсат этилган молия маблағлари жалб қилиш деганда иш бажарувчи ислом молия муассасаси томонидан буюртмачи учун молия маблағлари ажратиш ёки синдикат (томонидан) молиялаштиришни маъқуллашига олиб келадиган хатти-ҳаракатларни амалга ошириши тушунилади.
8/3/2 Молиялаштириш жалб қилишда Жуъалани татбиқ этиш мумкин, фақат бунда Жуъала шартномасининг тўғри бўлиш шартига риоя қилиш лозим, яъни шартнома мавзуси шаръан жоиз (шариатга мувофиқ) бўлиши керак. Мисол учун, муддатли тўлов асосидаги Муробаҳа, ижара ҳақи кейин бериладиган Ижара битимлари, қарзи ҳасан (фоизсиз қарз) шартномаси, кафиллик/кафолат хати бериш ёки ҳужжатли аккредитив очиш каби.
Бироқ, ушбу битимлар фоизли қарз бериш (рибо) учун восита ёки ниқоб сифатида ишлатилмаслиги лозим, яъни олдиндан шартлашиб ёки урфга кўра ёки муассасалар ўртасида яширин келишув орқали рибога олиб келувчи амалиётлар учун хийла сифатида фойдаланилмаслиги керак.
8/4 Воситачилик (брокерлик, даллоллик):
Жуъала воситачилик (брокерлик) фаолиятида ҳам қўлланилиши мумкин, бунда иш бажарувчининг мукофот олиш ҳуқуқи у воситачилик қилган шартнома тузилиши / муваффақиятли амалга ошиши билан юзага келади.
8/5 Кашфиётлар, ихтиролар ва дизайн ишларини амалга ошириш:
Жуъала илмий кашфиётлар, инновацион ихтиролар ҳамда логотип ва бренд яратиш каби дизайн ишларида ҳам татбиқ этилади. Бунда мукофот олиш ҳуқуқи илмий кашфиётларни амалга ошириш, ихтиро учун патентларни рўйхатдан ўтказиш ёки буюртмачи томонидан белгиланган шартларга мос келадиган дизайнни яратиш шарти билан боғлиқ бўлади.
9. Молия муассасаларининг жуъала доирасидаги мақоми (роли):
9/1 Молия муассасаси жуъала шартномасида иш бажарувчи сифатида ҳам иштирок этиши, яъни бошқа шахслар манфаати йўлида муайян ишни бажариш бўйича жуъала шартномаси тузиши мумкин. Бунда ишни муассасанинг ўзи бажариши ҳам, ёки, агар ишни муассасанинг ўзи бажариши шарт қилинмаган бўлса, бошқа учинчи шахс билан тузилган иккинчи жуъала (параллел жуъала) орқали ҳам амалга ошириши (яъни бажартириши) мумкин. Бироқ, бу икки Жуъала битими ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлмаслиги шарт.
9/2 Молия муассасаси Жуъалада ишни бажарувчи томон учун буюртмачи мақомида бўлиши мумкин, бунда муассаса бажариладиган ишдан бевосита манфаатдор бўлиши ёки бошқа Жуъала (Пареллел Жуъала) битимидаги ўз мажбуриятини бажартириш мақсадида Жуъала битимини тузган томон бўлиши ҳам мумкин. Бунда, икки Жуъала битими ўртасида боғлиқлик бўлмаслигини ҳисобга олиш лозим.
10. Меъёрнинг чиқарилган санаси:
Ушбу меъёр ҳижрий 1424 йил 27- Рабиъул аввал куни (мил. 2003 йил 8-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси