ШАРЪИЙ МЕЪЁР №15
ЖУЪАЛА
Меъёрнинг матни
5. Жуъаланинг рукнлари ва шартлари:
Жуъаланинг рукнлари: шартнома тузувчи икки томон (жаъил (буюртмачи) ва омил (иш бажарувчи), шартнома сийғаси (ийжоб ва қабул) ҳамда шартноманинг мавзуси (яъни жуъл – мукофот ва амал – бажариладиган иш).
5/1 Шартнома тузувчи икки томон (буюртмачи ва иш бажарувчи)
Шартнома тузувчи иккала томон шартнома тузиш лаёқатига эга бўлиши шарт. Ишни бажарувчи аниқ шахс бўлиши шарт эмас, шунинг учун Жуъала оммага қаратилган/йўналтирилган ийжоб (таклиф/оферта)ни эълон қилиш билан тузилиши/кучга кириши мумкин. Кимга бу ийжоб (таклиф) етиб борса, у ишни ўзи бажариши ёки бунда бошқалардан ёрдам олиши мумкин. Аммо, агар ишни бажарувчи муайян шахс бўлса (яъни (келишув орқали тайинланадиган бўлса – тарж.), у ҳолда ўша шахс ишни шахсан ўзи бажариши ёки буюртмачининг бевосита ёки билвосита розилиги билан унинг раҳбарлиги ва назорати остида бошқа шахслар бажаришлари лозим.
5/2 Шартнома сийғаси (ийжоб ва қабул)
Жуъала шартномаси маълум бир шахсга ёки оммага қаратилган ийжоб (таклиф) асосида тузилади, бундай ийжоб/таклиф оғзаки, ёзма ёки муайян ишни буюртма бериш ва (уни бажарганлик учун) мукофот тўлаш мажбуриятини билдирувчи бошқа ҳар қандай восита орқали бўлиши мумкин. Ишчи томонидан расмий қабул бўлиши шарт эмас (яъни ишга киришганликнинг ўзи розилик сифатида кўрилади – тарж.).
5/3 Шартнома мавзуси/предмети (иш ва мукофот)
Шартноманинг мавзуси – Жуъала битимида келишилган иш ҳамда шу ишни бажарганлик учун тўланадиган мукофот/тўловдир.
5/3/1 Натижага эришишга қаратилган иш:
5/3/1/1 Жуъала бўйича шартнома тузилиши мумкин бўлган иш-фаолият шаклларига қуйидагилар киради:
а) Муайян натижага эришишга қаратилган фаолият, масалан, табиий бойликларни қазиб олиш.
б) буюртмачи учун фойдали бўлган маълумотларни тақдим этиш — масалан, муҳим маълумотларга эга ҳисобот ёки тадқиқот тайёрлаш, ёки муайян натижага олиб келадиган илмий ишларни бажариш кабилар. Бу ҳолатларда бажариладиган иш миқдори аниқ бўлмайди.
c) шартнома тузиш орқали йўқолган нарсани топиш ва эгасига – излаётган шахсга қайтариш каби ишлар.
5/3/1/2 Ишни муайян муддат ичида бажаришни шарт қилиш мумкин. Бу ҳолатда иш бажарувчи ўша муддат тугагандан кейин мукофот олиш ҳуқуқига эга бўлмайди, лекин муддат якунланса-ю, иш якунига (яъни натижага эришишга) етиб қолган бўлса, у ҳолда муддат дарҳол (автомат равишда) узайтирилади.
5/3/1/3 Агар муддат тугаса ва иш бажарувчи буюртмачига фойда келтирадиган ишни (ёки унинг бир қисмини) бажарган бўлса, ишчи ужра ал-мисл (бажарилган иш учун бозор баҳосида иш ҳақи) олиш ҳуқуқига эга бўлади.
5/3/1/4 Жуъала шартномаси, унинг доирасида бажариладиган иш тафсилотлари мавҳум бўлса ҳам, ишни бажариш орқали эришиладиган натижанинг аниқ бўлиши сабабли тўғри (саҳиҳ) шартнома ҳисобланади.
5/3/1/5 Иш муайян меҳнат ёки саъй-ҳаракат амалга оширилишини кўзда тутиши шарт.
5/3/1/6 Бажариладиган иш ишни бажарувчи учун аввалдан (шариатга кўра ёки шартнома бўйича) унинг зиммасидаги мажбурият бўлмаслиги шарт.
5/3/2 Мукофот (компенсация)
5/3/2/1 Мукофот маълум, шариат нуқтаи назаридан муайян қийматга эга (мутақоввим) ва топшириш/тақдим этиш мумкин бўлган нарса бўлиши шарт. Агар мукофот номаълум бўлса ёки шариатда тақиқланган бўлса ёки уни тақдим этиш / топшириш имконсиз бўлса, ужра ал-мисл (бозор баҳосида ўртача иш ҳақи) тўлаш мажбурий бўлади.
5/3/2/2 Мукофот Жуъала шартномаси объектининг бир қисми бўлиши мумкин, масалан, ундирилган қарздан муайян фоиз улуш олиш ёки бажарилган лойиҳа натижасидан маълум муддат фойдаланиш ҳуқуқи каби.
5/3/2/3 Аслида, иш тўлиқ бажарилиб, буюртмачига топширилгандан кейин мукофотга ҳақли бўлинади. Бироқ, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
а) агар иш бажарувчи ишни буюртмачига эмас, балки бошқа шахсга тегишли бўлган мол-мулкка нисбатан амалга оширган бўлса ва суд ушбу мулкни ўша ҳақиқий эгасига қайтариш ҳақида қарор чиқарса, у ҳолда иш бажарувчига ваъда қилинган мукофот тўланади.
б) агар иш бажарувчи ишни бажараётганда ишнинг қиймати пасайишига олиб келадиган бирор бахтсиз ҳодиса содир бўлса-ю, лекин бунга ишчининг эҳтиётсизлиги ёки бепарволиги сабаб бўлмаган бўлса, иш бажарувчи ўз мукофотини тўлиқ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
5/3/2/4 Мукофотни ёки унинг бир қисмини шартнома тузиш вақтида ёки ундан кейин, ҳатто ишнинг тўлиқ бажарилишидан олдин тўланишини шарт қилишга ҳам ҳеч қандай монелик йўқ. Лекин амалга оширилган тўлов бўнак деб эътиборга олинади ва жуъаладан кўзланган натижа амалга ошмасдан туриб иш бажарувчи унга ҳақли бўлмайди. Иш бажарилмаган тақдирда, буюртмачи ушбу тўловни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси