Ассалому алайкум!
Сентябр ойи охирида Россияда ислом банк-молия тизимининг ушбу мамлакатдаги ривожи истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ислом молияси соҳасида мутахассис Мадина Калимуллина (Россия) мазкур тадбир якунлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Биз ушбу мутахассиснинг фикрларини сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Зеро, ушбу фикрлар қайсидир жиҳатлари билан бизнинг шарт-шароитларга ҳам мос келади.
Россияда ислом банк-молия тизимини ривожлантириш муаммолари
Бугунги кунда Россия ислом банк-молия тизимини ривожлантириш тажрибасининг иккинчи босқичига қадам қўйган.
Ушбу йўналишда фаолият юритувчи ташкилотларнинг расмий рўйхатида (реестрида) 33 та компания мавжуд бўлиб, уларни шартли равишда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1. Кредит ташкилотлари — жумладан 8 та банк;
2. Ҳудудий компаниялар — Россия Федерацияси субъектлари иштирокидаги лизинг, венчур, кафолат ва қўллаб-қувватлаш жамғармалари;
3. Бошқа турдаги бозор иштирокчилари — микромолия ташкилотлари, молиявий платформалар, брокерлик ва бошқарувчи компаниялар, краудфандинг билан шуғулланувчи жамғармалар ва ҳ.к.
Таъкидлаш лозим, молия бозорида реал фаолият юритаётган ташкилотларнинг катта қисми реестрга кирмаган — улар асосан кичик ҳудудий иштирокчилардир.
Инвестиция фаолияти муаммоси
Россиядаги амалдаги қонунчилик ҳозирча молиявий ташкилотлар амалиётида инвестиция фаолиятини чеклаб қўйган. Бунинг сабаби маълум: юқори даражадаги фирибгарлик хатари.
Ушбу муаммо ечимларини барча манфаатдор томонлар ҳамкорликда излашлари зарур. Ислом молиясида сармоядор ва тадбиркор “алоҳида алоҳида эмас, балки «туташ идишлар» сифатида фаолият юритиши керак, яъни бир тараф доимо фойдада, иккинчи тараф эса зарарда бўлиши мумкин эмас.
Молиявий тизимлар ўртасида асосий фарқлар
Ҳозирги анъанавий молия тизими асосан кредит учун ҳақ олиш/тўлаш тамойилига асосланган. Инфратузилма ва тартибга солиш тизимининг асосий қисми айнан шу тамойил асосида шаклланган.
Ислом банк-молия тизими эса кредит/қарз учун ҳақ олиш/тўлашни тақиқлайди. Ушбу тизимда даромад савдо фаолияти орқали ва/ёки инвестиция фаолияти орқали шаклланади.
Бу тизимда молиявий муассаса мижоз билан хатарларни бўлишиши шарт, бу эса анъанавий молия тизимида кам учрайдиган ёндашув.
Кредит ташкилотлари классик тизим тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ишлашади ва хатарларни бўлишишга асосланган ёндашувни таклиф қилишмайди. Бу уларнинг айби эмас — бу тизим ва тартибга солиш моделининг хусусияти.
Янги фалсафа ва ёндашув зарурати
Шу ерда муҳим савол туғилади: биз қайси фалсафани қабул қилишни ва амалга жорий этишни истаймиз?
Агар ислом банк-молия тизимини анъанавий кредит тизими ёндашуви асосида ривожлантиришга уринасак — ривожланиш/илгарилаш бўлмайди.
Шунинг учун бугунги кунда жуда муҳим вазифалар қуйидагилардир:
– концепциялар ва методология/ёндашувлар ишлаб чиқиш;
– илмий тадқиқотлар ва мавзуга оид адабиётлар таржимасини амалга ошириш;
– назариёт (илм-фан) билан амалиётни боғлаш.
Молиявий хулқ-атвор/ёндашувлар муаммоси
Қонунчиликдан ташқари яна бир муҳим омил бор — менталитет, яъни молиявий хулқ-атвор ва шаклланиб улгурган одатлар.
Охирги йилларда ғарб молия тизими тамойилларининг устунлиги қуйидаги оқибатларга олиб келди:
– қарзда яшашга ўрганиш (ҳолбуки, исломда қарз — сўнгги чора);
– имкони бўлса қарзни тўламасликка интилиш;
– шерикчилик қилиш маданияти ва масъулиятининг шаклланмаганлиги.
Айнан ишонч ва масъулият асосидаги ҳамкорлик/шерикчилик — ислом молиясининг қалби ҳисобланади. Бу тамойил ва ёндашувлар тикланмас экан, бозорни ривожлантириш иложсиз бўлиб қолаверади.
Бозор тадқиқоти
Россияда ислом молия бозорини кенг қамровли тадқиқ этиш лойиҳаси ишга туширилмоқда.
Тадқиқотнинг мақсадлари:
– асосий муаммо ва қийинчиликларни аниқлаш;
– турли иштирокчилар орасидаги талабни баҳолаш; – ҳуқуқий тўсиқларни таҳлил қилиш;
– тармоқлараро солиштирма таҳлил ўтказиш;
– янги ечимлар топиш ва йўналишларни белгилаш.
Россия учун имкониятлар
Россиялик тадқиқотчининг фикрича, Россия нафақат иштирокчи, балки ҳамкорликка асосланган ислом молияси соҳасида етакчи бўлиш имкониятига эга.
Нима учун?
– Форс кўрфази мамлакатларида бош ролларда ғарблик иқтисодчилар ва ҳуқуқшунослар. Улар эса кўпинча мазмун-моҳиятга эмас, шаклга эътибор қаратишади.
– бу шароитда Россия мазмунга устувор аҳамият берувчи тизим қуриш ва шу билан қуйидагиларга эришиш имкониятига эга:
– мамлакат ичида ҳақиқий инвестиция маҳсулотларини яратиш;
– хорижий шериклар билан ишончли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш;
– ҳамкорликка асосланган молия бозорида Россияни ижобий ва кучли қиёфасини (имиджини) шакллантириш. Манба: https://t.me/muslimeco/157
@IslomMoliyasi обуначиларига савол: Юқорида айтилган фикрларнинг қайсиларини Ўзбекистон учун ҳам долзарб деб ўйлайсиз?