ШАРЪИЙ МЕЪЁР №14
АККРЕДИТИВ
Меъёрнинг матни
3. Ҳужжатли аккредитивларга тегишли шариат ҳукми:
3/7 Умумий қоидалар:
3/7/1 Агар аккредитив матнида “ушбу аккредитив “Ҳужжатли аккредитив бўйича ягона қоидалар ва амалиёт” ҳужжатининг амалдаги таҳририга бўйсуниши кўрсатилган бўлса, у ҳолда бу (бўйсуниш) ислом шариати аҳкомларига зид келмаслигини шарт қилиб қўйиш лозим. Шунингдек, муассаса ва унинг корреспондент банклари ўртасида келишилган муқобил қоидаларни шартномада кўзда тутиш мақсадга мувофиқдир. Шу сабабли, “Ҳужжатли аккредитив бўйича ягона божхона ва амалиёт” ҳужжатидаги фоизларга оид бандларга, шунингдек, шариатга зид унсурларни ўз ичига олган олди-сотди/айирбошлаш амалиётларига тааллуқли бандларга амал қилинмаслиги ҳақидаги ёзув бўлиши шарт. Уларнинг шариатга мувофиқ муқобиллари “Тижорий қоғозлар” тўғрисидаги 16-сонли шаръий меъёрнинг 6/2 ва 6/3 бандларида кўрсатилган.
3/7/2 Муассасанинг акцептли аккредитив векселларини дисконтлаши, яъни уларни номинал қийматидан арзонроқ нархда нақдга сотиб олиши жоиз эмас.
3/7/3 Муассаса кечиктирилган тўловли ҳужжатларни ёки акцептли аккредитив векселларини уларнинг номинал қийматидан арзонроқ нархда сотиб олиши (дисконтлаши) жоиз эмас. Шунингдек, муассаса бундай амалиётларда бенефициар билан эмитент банк ёки тасдиқловчи банк ўртасида (тўловни амалга ошириш ёки хабар бериш орқали) воситачилик қилиши / воситачи бўлиши жоиз эмас.
3/7/4 Муассасанинг нақд тўловли ҳужжатлар ёки тўлов муддати етиб келган аккредитив векселларини уларнинг асл қийматидан паст нархда муомалага чиқариши (дисконт қилиши) жоиз эмас.
3/7/5 Муассаса, имкон қадар, ўзи тўлашга кафолат берган векселларни ушбу векселларнинг қарздорлари бўлган мижозларига уларни бошқа банкларда дисконт (яъни, чегирма билан нақдлаштириш) мақсадида тақдим этишига йўл қўйилмайди.
3/7/6 Муассаса корреспондент муассаса ва банклар билан ҳужжатли аккредитив ва бошқа банк амалиётлари натижасида келиб чиқадиган банклараро мажбуриятларни ҳисоб-китоб қилишни ўз ичига олган корреспондентлар ўртасидаги қоплаш амалиётлари бўйича муносабатларини фоиз тўлашдан ва шариатда ман этилган барча нарсалардан сақланиш асосида ташкил этиши шарт.
4. Меъёрнинг чиқарилган санаси:
Ушбу меъёр ҳижрий 1425 йил 30- Рабиъул аввал куни (мил. 2004 йил 19-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси