Қозоғистон ислом банк тармоғи ҳозирча бозорнинг 0,2–0,3% ни қамраб олган холос. Мамлакатда учта банк ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият юритмоқда, аҳолининг бу борадаги билим/хабардорлик даражаси деярли нолга тенг, ислом омонат ҳисобрақамларида (депозитларида)ги маблағ 2,8 трлн тенгени ташкил этмоқда. Digital Business нашрига берган интервьюсида “Остона халқаро молия маркази” маъмуриятининг ислом молияси йўналиши раҳбари Мадина Тукулова нима учун ислом банклари тор доирада қолаётганлигини, сукук чиқаришга нима тўсқинлик қилаётганини ва Қозоғистон жаҳон ислом молия тизими харитасида ўз ўрнини эгаллаши учун қандай қадамлар қўйиш зарурлигини тушунтирди.
— Қозоғистондаги ислом банк-молия тизимининг барқарорлигини COVID-19 пандемиясидан кейинги жаҳон динамикаси билан солиштирганда қандай баҳолайсиз?
— Глобал даражада ислом молияси ҳақиқатан ҳам пандемиянинг стресс-синовидан ўтди: ушбу тизим реал иқтисодиётга таянгани, молиявий чайқов амалиётларидан (спекуляция) қочиши ва мижозлар билан ҳамкорлик тамойили асосида муносабатлар қуриши бунга сабаб бўлди дейиш мумкин. Қозоғистонда бу соҳа шундай “тизимли барқарорлик”ка эришган дейиш учун бу тизим ҳали ёш. Бироқ, шунга қарамасдан шу йўналишда фаолият юритаётган муассасалар мижозлар билан ишлашда муайян барқарорлик ва уларнинг эҳтиёжларига нисбатан “қаишқоқликни” намойиш этишмоқда. Албатта, келажакда бу Қозоғистондаги ислом банк-молия тизимининг барқарорлиги ҳақида муайян тушунча ҳосил қилишга имкон беради.
— Нима учун Қозоғистонда ислом банкларининг улуши молия бозорининг 0,2–0,3% даражасида қолмоқда?
— Бунинг бир нечта сабаблари бор ва уларнинг ҳар бири тизимли ечимни талаб қилади.
Биринчидан, ислом банк фаолияти қозоғистонлик истеъмолчилар учун нисбатан янги ҳодиса. Фуқароларнинг кўпчилиги ислом банкларининг анъанавий банклардан айнан нимаси билан фарқ қилишини тўлиқ тушунмайди. Бу ишонч ва хабардорлик даражасига таъсир қилади, айниқса, фаол маркетинг ёки таълим фаолияти олиб борилмаган шароитда. Ислом молияси тамойиллари ва афзалликларини тушунтиришга қаратилган ахборот кампанияси (фаолияти) тизимли характерга эга эмасди. Кўпчилик одамлар шундай хизматлар мавжудлигидан хабари йўқ ёки уларни доираси тор деб ҳисоблайди.
Иккинчидан, яқингача бозор ислом молия тизимининг оддий молиявий маҳсулотларини таклиф қилмасди: ислом тамойиллари мос ипотека, тенгедаги рақобатбардош омонат турлари, пластик карталар, рақамли молиявий хизматлар ва ҳ.к.з. Албатта, буларсиз анъанавий банклар билан рақобатлашиш қийин.
Учинчидан, кўлам (масштаб) омили: бугунги кунда Қозоғистонда атиги учта ислом банки фаолият кўрсатмоқда — иккитаси миллий ҳуқуқ тизими доирасида ва биттаси “Остона халқаро молия маркази” ҳуқуқий тизими доирасида (ушбу марказ алоҳида ҳуқуқий мавқеъга эга). “Остона халқаро молия маркази” статистикаси умуммиллий статистикада ҳисобга олинмайди, бу эса умумий манзарани янада “сусайтиради”.
Ва ниҳоят энг муҳими: бу масалада давлат ва тартибга солувчи (регулятор) идораларнинг ягона ёндашуви зарур. “Остона халқаро молия маркази” да реал тармоқни қўллаб қувватлашга йўналтирилган ислом банк-молия экотизими яратилмоқда. Агар уни миллий молия тизимига қонунчилик, солиқлар ва тартибга солишга қаратилган ишларни тўғри мувофиқлаштирган ҳолда интеграция қилинса, соҳа анча тез ривожланиши мумкин.
— Кўпинча ислом банкларининг ривожланишини мижозларга одатдаги, лекин ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий маҳсулотлар тақдим қилинмаётганлиги тўсмоқда, дейилади. Масалан, ислом ипотекасининг. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
— Ҳа, айнан ислом ипотекасининг йўқлиги узоқ вақт давомида асосий тўсиқларнинг бири бўлган. Нега деганда, ипотека — бу шунчаки кредит эмас, балки мижозни банк билан йиллар давомида боғлайдиган маҳсулот. У ишончни шакллантиради, тизимнинг ишончлилигини кўрсатади. Шунинг учун шариатга мувофиқ бўлган ипотеканинг ишга тушириш соҳа учун ҳақиқий бурилиш нуқтасига айланиши мумкин.
“Остона халқаро молия маркази” доирасида биз аллақачон уни ишга туширишга ҳаракатларни бошлаб юборганмиз. Аммо амалда дарҳол тизимли тўсиқлар пайдо бўлди — биринчи навбатда, солиққа оид. Масалан, ижара (сотиб олиш билан ижара) ёки мушарака мутанақиса (биргаликда эгалик қилиш ва шерикни улушни босқичма-босқич сотиб олиш) моделларида банк тўловлар тугагунига қадар юридик жиҳатдан кўчмас мулк эгаси бўлиб қолади. Шу сабабли у мол-мулк учун 1,5% ставкада солиқ тўлайди, жисмоний шахслар учун эса ставка бор-йўғи 0,1%. Бундан ташқари, солиқ базаси ҳам турлича: юридик шахслар учун мулкнинг бозор қиймати, фуқаролар учун эса кадастр қиймати қўлланади. Бунинг натижасида ислом банклари олдиндан ютқизиқ ҳолатида. Улар мижоз учун харид қилинган ва фақат вақтинча банк балансида турган мол-мулк учун қўшимча солиқ юкини кўтаришга мажбур. Бундай шароитда анъанавий банклар билан рақобат қилиш мушкул.
Бошқа сабаблар
Бошқа тўсиқлар ҳам мавжуд — қонунчилик ва тартибга солиш тизимида. Мулк ҳуқуқини рўйхатга олиш қоидаларини, гаров ундиришнинг механизмларини, ислом битимлари бўйича захиралар ва нормативларни ҳисоблашни такомиллаштириш зарур. Бундан ташқари, ликвидлик ва ўзига хос бўлган ислом молиявий воситаларини тан олиш масаласи ҳам муҳим.
Ушбу муаммоларнинг қамровли ечимисиз Қозоғистонда тўлақонли ислом ипотекаси ривожланмайди. Фақат давлат, тартибга солувчилар ва “Остона халқаро молия маркази” нинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари билангина ҳам шариат меъёрларига мос келадиган, ҳам анъанавий ипотека билан тенг рақобатлаша оладиган маҳсулотларни яратиш мумкин.
(давоми бор)