ШАРЪИЙ МЕЪЁР №14
АККРЕДИТИВ
Меъёрнинг матни
2. Ҳужжатли аккредитив тушунчасининг таърифи, унинг турлари ва хусусиятлари:
2/4 Ҳужжатли аккредитивнинг хусусиятлари:
2/4/1 Ҳужжатли аккредитив билан ишлаш фақат ҳужжатларга асосланади, яъни эътибор маҳсулотга қаратилмайди, балки (тақдим этилган) ҳужжатларга асосланиб аккредитив амалга оширилади. Ҳужжатли аккредитивнинг моҳияти шундаки, бенефициар аккредитивда кўрсатилган ҳужжатларни аккредитивнинг амал қилиш муддати давомида банкка тақдим этганда ва бу ҳужжатлар кўрсатмаларга мос келганда, банк уни ижро этишни ўз зиммасига олади.
2/4/2 Харидор (буюртмачи) томонидан аккредитив очилиши, гарчи у қатъий (мажбурият) бўлса, ҳам, нархнинг якуний тўлови ҳисобланмайди. Харидорнинг зиммасидаги мажбурият банк аккредитив бўйича тўловни амалга оширгунга қадар сақланиб туради. Аммо аккредитив мавжуд ва амалда бўлган вақт давомида сотувчи (бенефициар) харидордан тўловни амалга оширишни талаб қила олмайди. Агар аккредитив муддати ҳужжатлар тақдим этилишидан олдин тугаса, сотувчи маҳсулот қийматини бевосита харидордан талаб қилишга ҳақли бўлади, чунки аккредитив амал қилиш муддатининг тугаши олди-сотди шартномасининг ўз-ўзидан бекор бўлишига олиб келмайди.
2/4/3 Агар ҳужжатлар кўрсатмаларга мос бўлса, банк бенефициарга аккредитив қийматини тўлаши шарт; ҳужжатларда фирибгарлик ёки уларни қалбакилаштириш исботланган ҳолат ёки олди-сотди шартномасининг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида суд қарори чиқарилган ҳолатлар бундан мустасно.
2/4/4 Ҳужжатли аккредитив бўйича томонларнинг масъулият ва мажбуриятлари “Халқаро тижорат шартлари” (INCOTERMS 2020)нинг амалдаги таҳририга (2020 йилдаги нашри*), шунингдек, “Ҳужжатли аккредитив бўйича ягона қоидалар ва амалиёт”нинг амалдаги таҳрири (UCP 600*)га мувофиқ талқин қилиниши лозим, агар олди-сотди шартномаси INCOTERMSга ва ҳужжатли аккредитив UCPга ҳавола қилинган бўлса.
3. Ҳужжатли аккредитивларга тегишли шариат ҳукми:
3/1 Ҳужжатли аккредитивнинг шариатда жоизлиги:
3/1/1 Ҳужжатли аккредитив ижроий хизматлар кўрсатиш, хусусан ҳужжатларни текшириш каби муҳим вазифаларни бажариш бўйича вакилликни ҳамда молия муассасаси томонидан импорт қилувчига бериладиган кафилликни ўз ичига олади. Бу иккиси (вакиллик ва кафиллик шартномалари) ҳам шаръий жиҳатдан жоиз, демак, ҳужжатли аккредитив ушбу меъёрда баён қилинган шартларга кўра шаръан жоиз ҳисобланади.
3/1/2 Муассаса турли хил ҳужжатли аккредитивларни, мижознинг аризаси асосида ёки ўз ташаббусига кўра, очиши, чиқариши ҳамда тасдиқлаши мумкин. Муассаса аккредитив амалиётларида шерик ёки воситачи сифатида ҳаракат қилиши ҳам жоиз. Муассаса, шунингдек, қуйидаги (3/1/3) банд қоидаларига риоя қилинган ҳолда, ўз номидан ёки бошқа муассаса ёки банк номидан ҳар қандай ижро шаклларига мувофиқ билдиришнома юбориш, аккредитивларни ўзгартириш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга.
3/1/3 Агар аккредитив шаръий жиҳатдан тақиқланган маҳсулотга оид бўлса ёки таркибидаги шартларга кўра ботил ёки фосид шартномага боғлиқ бўлса ёки риболи олди-берди амалиётини ўз ичига олган бўлса, 3/1/2 банддаги кўрсатмаларга асосан муассаса аккредитивлар билан ўз номидан ёки бошқа шахслар (мижоз ёки бирор муассаса каби) номидан ишлаши ёки бундай ишларга кўмаклашиши жоиз эмас. Риболи амалиётлар тўлиқ ёки қисман қопланмаган аккредитивларда бенефициарга тўлов қилиш вақтида юзага келадиган қарздаги каби очиқ-ойдин ёки тўлови кечиктирилган векселларни чегирма қилиш, олди-берди қилиш (яъни тўлаш), тўловни кечиктириш ҳолатларидаги каби яширин кўринишидаги рибо турларини ўз ичига олади.
Шу боис аккредитив шаръан жоиз бўлиши учун аккредитив билан таъминланган шартнома шаръан тўғри бўлиши керак, яъни шартноманинг рукнлари, шартлари шариат талабларига мувофиқлиги таъминланган бўлиши бўлиши лозим. Шунингдек, битим тури (валюта айирбошлаш, одатий савдо ёки бошқа турдаги битимлар) ҳам, унга алоқадор қўшимча шартлар ҳам шаръий жиҳатдан мақбул бўлиши керак.
3/1/4 Агар ҳужжатлар кўрсатмаларга мувофиқ бўлса, Муассаса аккредитивни бажариши шарт. Лекин қалбакилаштириш ёки фирибгарлик исботланган ҳолатларда уни амалга ошириш талаб қилинмайди. Агар ҳужжатли аккредитив очилишидан олдин тузилган олди-сотди шартномасини бекор қилиш тўғрисида суд қарори чиқарилган бўлса, аккредитив ижро этилмайди, фақатгина янги келишув асосида амалга оширилади.
(давоми бор)
* асл матнда INCOTERMS 2000 ва UCP 500 эди, таржимон томонидан амалдаги ҳужжатларга ўзгартирилди.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси