ШАРЪИЙ МЕЪЁР №13
МУЗОРАБА
Меъёрнинг матни
8. Фойдага тегишли ҳукмлар ва унинг шартлари:
8/1 Фойдани тақсимлаш усули (тартиби) ноаниқлик (жаҳала)ни бартараф этадиган ҳамда низога сабаб бўлмайдиган даражада маълум ва аниқ бўлиши шарт. Фойда тақсимоти фақатгина умумий фойдадан улуш кўринишида бўлиши керак, қатъий белгиланган муайян миқдор (сумма) ёки капиталнинг маълум бир фоизи кўринишида белгиланмаслиги керак.
8/2 Асл қоида шуки, Музораба шартномасида фойда билан иш ҳақини бирлаштириш/жамлаш [яъни фойдадан улуш олиш билан бирга ишга ҳақини қўшиб олиш] жоиз эмас. Бироқ, агар томонлар улардан бири Музораба фаолиятига кирмайдиган алоҳида бир ишни бажариши учун маълум бир иш ҳақига келишсалар ва бу келишув Музобада битимидан алоҳида шартномада қайд этилган бўлса ва ушбу шахс шу вазифасидан озод этилса ҳам Музораба шартномаси ўз кучида қоладиган бўлса, бундай келишувга шаръан ҳеч қандай эътироз йўқ.
8/3 Фойдани тақсимлаш нисбати шартнома тузиш вақтида келишиб олиниши лозим. Шунингдек, томонлар ўзаро келишув асосида исталган вақтда фойдани тақсимлаш нисбатини ўзгартиришлари мумкин, бироқ бу ўзгартириш қайси давр учун амал қилиши аниқ кўрсатилиши керак.
8/4 Агар томонлар фойдани тақсимлаш нисбатини белгиламаган бўлсалар, лекин бу борада урф-одат мавжуд бўлса, тақсимотда ўша урфга мурожаат қилинади ва унга амал қилинади. Масалан, фойда икки томон ўртасида тенг тақсимланиши одат тусига кирган бўлса, у ҳолда тақсимот шундай амалга оширилади. Агар бу борада ҳеч қандай урф мавжуд бўлмаса, Музораба шартномаси бекор бўлади. Музориб кўрсатган хизмати ва бажарган иши учун ўртача бозор баҳосида (яъни бошқа иш юритувчилар шу каби иш учун ўртача қанча иш ҳақи олишса шунча) иш ҳақи олади.
8/5 Агар томонлардан бири ўзига муайян қатъий белгиланган суммани (олишини) шарт қилиб қўйса, Музораба шартномаси бекор бўлади. Аммо ушбу тақиқ иккала томон агар фойда миқдори маълум бир нисбатдан ошса, улардан бири фойданинг ўша нисбатдан ошган қисмини олади, агар фойда ушбу белгиланган нисбатда ёки ундан кам бўлса, фойда тақсимоти дастлабки келишувга мувофиқ амалга оширилади, деб келишган ҳолатни ўз ичига олмайди.
8/6 Роббул мол (сармоядор) учун қуйидагилар жоиз эмас:
– музорибга икки хил капитал бериб, биринчи капиталдан тушган фойданинг музорибга, бошқасидан тушган фойда роббул молга тақсимланиши;
– биринчи молиявий давр фойдасини роббул мол олиши, кейинги молиявий даврнинг фойдасини музориб олиши;
– маълум бир молиявий амалиётдан олинган фойдани томонлардан бири олиши, бошқа амалиёт натижасида олинган фойдани эса иккинчи томон олиши.
8/7 Музорабада капитал (яъни музораба доирасида киритилган сармоя) тўлиқ тикланмагунча фойда (тақсимоти) йўқ. Қачонки Музораба амалиётларида зарар юзага келса, ушбу зарар/йўқотишлар Музорабанинг бошқа амалиётлари доирасида олинган фойдасидан қопланади. Олдинги даврдаги зарарлар келгуси давр фойдасидан қопланади. Демак, якуний ҳисоб-китоб (тасфия) вақтида барча амалиётларнинг натижаси инобатга олинади. Агар амалиётларни якуний ҳисоб-китоб қилиш пайтида зарар фойдадан кўп бўлса, қолган зарар (соф зарар) капиталдан айириб ташланади. Музориб омонатдор бўлгани учун бу зарарнинг бирор қисмини ўз зиммасига олмайди, лекин (музориб томонидан) тажовуз (таъаддий) ёки бепарволик (тақсир) исботланса, зарар унга юклатилади. Агар харажатлар даромадларга тенг бўлса, роббул мол ўз сармоясини қайтариб олади ва музориб ҳеч нарса олмайди. Қачонки фойдага чиқилса, у икки томон ўртасидаги келишув асосида тақсимланади.
8/8 Музораба амалиётлари доирасида фойда кўрилгани аниқ бўлиши биланоқ, музориб фойдадан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ, бу (музорибнинг фойдадан олган улуши) барқарор мулк эмас, чунки у капитални ҳимоя қилиш мақсадида вақтинча “ушлаб турилади” ва фақат ҳақиқий ёки конструктив якунлаш (ликвидация/танзид) чоғида тақсимот бўлиши билан қатъийлашади. Кўрилган фойдани томонлар ўртасида “ҳисоб-китоб” асосида (аванс тариқасида) тақсимлаш мумкин, бироқ бу миқдор кейинчалик ҳақиқий ёки ҳукмий якунлаш (тасфия/ликвидация/танзид) пайтида қайта кўриб чиқилади.
Фойданинг якуний тақсимоти Музорабадаги активлар ҳақиқатан сотилган нарх (ҳақиқий танзид) асосида амалга оширилади. Шунингдек, фойдани конструктив баҳолаш, яъни активларни адолатли қиймат бўйича баҳолаш асосида тақсимлаш ҳам жоиз. Дебиторлик қарзлари уларнинг тушум қиймати (тушиши кутилаётган қиймати) бўйича баҳоланади, яъни ундирилиши шубҳали қарзлар қиймати чегириб ташланади. Дебиторлик қарзларини баҳолашда вақт қиймати (фоиз ставкаси) ёки жорий қийматга дисконтлаш (қарзни тезроқ тўлаш эвазига чегирма) тамойиллари қўлланилмайди.
8/9 Агар музориб ўз маблағини Музораба маблағлари билан аралаштирадиган бўлса, музориб ўз маблағлари бўйича шерикка айланади ва роббул молнинг маблағлари бўйича эса музориб бўлади. Икки жамғармадан олинган фойда уларнинг миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади, музориб ўз маблағларидан олинган фойдани ўзига олади, музораба капиталидан олинган фойда эса музориб ва роббул мол ўртасида олдиндан белгиланган шартларга мувофиқ равишда тақсимланади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси