ШАРЪИЙ МЕЪЁР №13
МУЗОРАБА
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади — Музорабанинг икки тури: мутлақ ва чекланган турлари бўйича шаръий асос ва ҳукмларни, шунингдек Ислом молия муассасалари[1] (муассаса/муассасалар) хоҳ музориб (иш юритувчи), хоҳ сармоя/капитал эгаси бўлсин, улар томонидан риоя қилиниши лозим бўлган кўрсатмаларни баён қилишдан иборат.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр муассаса билан бошқа юридик ёки жисмоний шахслар ўртасидаги Музораба шартномаларини, шунингдек қўшма инвестиция ҳисобрақамларини, бундан ташқари, агар Музораба асосида бошқарилса, махсус мақсадли инвестиция ҳисобрақамларини ҳам қамраб олади.
Меъёр Музораба сукукини қамраб олмайди, чунки у Инвестиция сукуки бўйича меъёрнинг таркибига киради. Шунингдек, меъёр шерикчилик шартномаларининг бошқа турларини ўз ичига олмайди, чунки улар алоҳида меъёр билан қамраб олинган.
2. Музорабанинг таърифи:
Музораба бу фойдадаги шерикчилик бўлиб, унда бир томон (роббул мол/сармоядор/инвестор) сармоя, иккинчи томон (музориб) эса ўз меҳнатини тақдим этади.
3. Музораба асосида молиялаштириш бўйича келишув:
3/1 Умумий (ҳадли) битим ёки ўзаро англашув меморандуми асосида, белгиланган маблағ доирасида ва муайян муддат давомида Музораба асосида молиялаштириш шартномаларини тузиш бўйича келишув қилиш жоиз. Бунда келишув алоҳида ёки кетма-кет Музораба шартномалари орқали амалга оширилади.
3/2 Ўзаро англашув меморандуми умумий шартномавий доирани белгилаб беради. У мутлақ ёки чекланган Музораба асосида молиялаштириш истагини ифодалайди, бу даврий амалиётлар ёки алоҳида битимлар орқали амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, фойда тақсимлаш нисбатлари, музориб томонидан тажовуз, бепарволик ёки Музораба шартномаси шартларига хилоф иш тутиш ҳолатлари учун (яъни шундай хатарларни бартараф этиш мақсадида) тақдим этиладиган кафолат турларини, ва шу билан боғлиқ бошқа зарурий масалаларни белгилаб беради.
3/3 Агар Музораба шартномаси ўзаро англашув меморандуми асосида тузиладиган бўлса, бундай меморандум кейинги барча шартномаларнинг таркибий қисми ҳисобланади. Бироқ, шартнома тузувчи томонлар чиқариб ташлаган бандлар бундан мустасно бўлади.
4. Музораба шартномаси:
4/1 Музораба шартномаси Музораба, Қирод ёки Муъомала лафзлари билан тузилиши мумкин.
4/2 Музорабадаги ҳар иккала томон ҳам вакил тайинлаш (ваколат бериш) ва вакил бўлиш (ваколатни қабул қилиш) ҳуқуқига/лаёқатига эга бўлиши керак. Демак, Музораба фақат тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлган икки тараф ёки уларнинг шу сифатга эга вакиллари томонидан тузилиши мумкин.
4/3 Асл қоида шуки, Музораба шартномаси мажбурий (лозим) шартнома эмас, яъни ҳар икки тарафдан бири шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ қуйидаги икки ҳолатда бекор қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлмайди:
4/3/1 Агар музориб ўз иш фаолиятини бошлаган бўлса (ишга киришадиган бўлса); бу ҳолатда Музораба шартномаси ҳақиқий ёки конструктив тугатиш (ликвидация қилиш) санасигача мажбурий тусга эга шартномага айланади.
4/3/2 Агар тарафлар шартнома амал қиладиган муддатни келишиб олган бўлса; бу ҳолатда, шартнома ўша муддат тугагунга қадар бекор қилиниши мумкин эмас, икки томоннинг ўзаро келишуви билан тугатиш ҳолати бундан мустасно.
4/4 Музораба шартномаси ишончга асосланган (омонат хусусиятига эга) шартномалардан биридир. Шу сабабли, музориб унинг қўлидаги Музораба сармояси (капитали)га омонатдор ҳисобланади. Лекин у омонат битими шартларига хилоф иш тутса: Музораба капиталига тажовуз қилса ёки Музораба сармояси (капитали)ни бошқаришда бепарволикка йўл қўйса, ёки Музораба битими шартларини бузса, яъни ушбу санаб ўтилганларнинг бирини ёки бир нечтасини амалга оширса, у ҳолда музориб сармояга зомин (жавобгар) бўлади (яъни тўлаб беради).
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] Бу ерда «муассаса/муассасалар» сўзи Ислом молия муассасалари учун қисқартма сифатида ишлатилган