Муробаҳа асосида уй-жой сотиб олишни молиялаштириш:
Бу тартибда молиялаштирувчи томон (банк ёки молия муассасаси) харидорга керак бўлган кўчмас мулкни учинчи тарафдан сотиб олади ва кейин уни мижозга ўз устамасини қўйган ҳолда (юқорироқ нархда) сотади (бунда харидор сотиб олинган уй нархини ва молия муассасаси устамасини аниқ билади). Муробаҳада уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи молия муассасаси ва харидор ўртасида шартнома имзоланиб олди-берди амалга ошган пайтдан бошлаб харидорга ўтади. Шу билан бирга молия муассасаси кўчмас мулкни гаровга олиб қўйиши мумкин. Бу чора хатарларни бошқариш учун, яъни мижоз тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги ҳолатининг олдини олиш учун керак.
Уйнинг нархи устига молия муассасаси томонидан қўйилган устама молия муассасасининг фойдаси ҳисобланади.
Муробаҳа битими имзоланиб мулк харидорга ўтгандан кейин харидор умумий суммани даврий (ойма-ой ёки чоракма-чорак) тўловлар орқали муассасага тўлаб боради.
Муробаҳа битими кўчмас мулк харидини шаффоф шартларда молиялаштириш имконини беради.
Эгалик билан якунланувчи ижара (ижара) асосида уй-жой сотиб олишни молиялаштириш:
Ушбу шартнома доирасида ижара компанияси, яъни ислом ижараси (лизинги) тамойилларига мувофиқ тарзда фаолият олиб борувчи муассаса мижозга керак бўлган кўчмас мулкни учинчи тарафдан сотиб олади ва мижозга эгалик билан якунланувчи ижара шартномаси асосида мижозга беради. Бунда ижара компанияси уй-жойни нархи устига ўз устама (фойдасини) қўйиб муайян муддатга харидор-ижарачи мижозга беради. Мижоз ойма-ой ижара пули ва уй-жой нархидан иборат бўлган тўловларни ижара компаниясига тўлаб боради. Келишилган барча тўловлар ижарачи-мижоз томонидан амалга ошириб бўлингандан кейин уй-жойга бўлган эгалик ижара компанияси томонидан ижарачи-мижозга ўтказиб берилади. Бу шартномани биринчи навбатда ижара компаниясига мос келадиган битим, чунки бунда барча тўловлар амалга оширилмагунча мулк ҳуқуқи мижозга ўтказиб берилмайди ва бунда кўчмас мулкни гаровга олиш зарурати ҳам йўқ (демак, гаровни расмийлаштириш учун харажатлар ҳам бўлмайди). Агар мижоз тўловларни вақтида амалга оширмаса, ижара компанияси кўчмас мулкни учинчи томонга сотиб юбориши ва кўчмас мулк бўйича қилинган харажатларни қоплаши мумкин.
Қайд этиш лозим, биз юқоридаги барча шартномалар ҳақида (бошқа) тегишли мақола ва маълумотларни аввал хам берганмиз (телеграм саҳифамиз (@IslomMoliyasi) ва сайтимизга (islommoliyasi.uz) кириб калит сўзларни киритиб қидирувга берсангиз тегишли мақола ва маълумотлар чиқади).
(мақоланинг давоми бор)