ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
5. Камайиб борувчи Мушорака
5/1 Мушорака мутанақиса (камайиб борувчи мушорака) – бу шерикчиликнинг бир тури бўлиб, унда шериклардан бири ўз шеригининг улушини босқичма-босқич сотиб олишга ва охир-оқибат бутун лойиҳанинг тўлиқ эгаси бўлишга ваъда беради. Бироқ, ширкат шартномаси сотиш ва сотиб олиш шартини ўз ичига олмаслиги, балки шерик ширкат шартномасидан алоҳида ваъда асосида буни зиммасига олиши керак. Зеро, олди-сотди ишлари ширкатдан алоҳида шартнома асосида амалга оширилади. Бу икки шартномаларни бир-бирга боғлаш, яъни бирини бошқасида шарт қилиш жоиз эмас.
5/2 Ширкатларга тегишли умумий ҳукмлар, хоссатан, Инон ширкатига тегишли ҳукмлар Мушорака мутанақисага ҳам татбиқ этилади. Шунга кўра, ширкат шартномаси Мушоракадаги томонлардан бирига устав капиталидаги ҳисса/улушини қайтариб олиш ҳуқуқини берувчи банд/шартни ўз ичига олиши жоиз эмас.
5/3 Шериклардан бири суғурта ёки таъмирлаш/сақлаш харажатларини ёлғиз ўзи зиммасига олишини шарт қилиш жоиз эмас, бу ҳатто якунида мулк унга ўтади деган баҳона билан бўлса ҳам мумкин эмас.
5/4 Ҳар икки шерик ҳам ширкатга улуш киритиши шарт, бу пул маблағлари ёки қиймати ўлчанадиган/баҳоланадиган муайян активлар (масалан, бино қуриладиган ер майдони ёки ширкат фаолияти учун зарур бўлган ускуна) бўлиши мумкин. Агар зарар юзага келса, унинг тақсимоти ҳар бир шерикнинг мулкдаги улушига кўра амалга оширилади. Бу ҳар бир даврда улушлар нисбатининг ўзгаришига, яъни бир шерикнинг улуши камайиб, иккинчисининг улуши ортиб боришига қараб қайта белгиланади.
5/5 Ширкатдаги иштирокчиларнинг ҳар бирига (яъни муассаса ва мижозга) ширкатнинг фойдаси ёки даромадидан тегадиган улуш нисбати белгилаб қўйилиши лозим. Фойда/даромад тақсимоти нисбати мулкдаги ҳисса нисбатидан фарқли тарзда бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, фойда нисбати мулкка эгалик улуши ўзгарган тақдирда ҳам ўзгармасдан қолиши жоиз. Зарар мулкдаги улушларга мутаносиб равишда тақсимланади, деган тамойилга қарши бормаган ҳолда, эгалик улушларининг ўзгаришига қараб фойда нисбатини ўзгартириш тўғрисида икки томон келишиб олиши жоиз.
5/6 Томонлардан бирига қатъий/муайян пул миқдорида фойда берилишини шарт қилиш жоиз эмас (3/1/5/8 бандга қаралсин).
5/7 Шериклардан бири иккинчисига ўз улушини босқичма-босқич сотиб олиш ҳуқуқини берувчи қатъий (яъни бажариш шарт бўлган) ваъда бериши жоиз. Бу ҳар сафар бозор қийматига ёки савдолашиш вақтида келишилган қийматга мувофиқ алоҳида савдо шартномаси асосида амалга оширилади. Номинал қийматда (яъни актив сотиб олинган нархда) сотишни шарт қилиш жоиз эмас.
5/8 Ширкатдаги улушни шерик томонидан сотиб олиш жараёни ҳар икки тарафнинг мақсадлари ҳосил бўладиган исталган усуллар билан ташкил этилиши мумкин. Мисол учун, муассасанинг шериги ширкат фойдаси ёки даромадидаги ўзига тегишли улушини муассасанинг улушини сотиб олишга йўналтирилишига ваъда бериши мумкин. Ёки шериклик объектини улушларга бўлиб, муассасанинг шериги ана шу улушларнинг маълум қисмини муайян вақт оралиғида сотиб олиши ҳам мумкин, бу жараён улушларни тўлиқ сотиб олгунча давом этади. Охир-оқибат, муассасанинг шериги шериклик объектининг ягона эгасига айланади.
5/9 Шериклардан бири иккинчисининг улушини маълум ижара ҳақи эвазига муайян муддатга ижарага олиши мумкин (бу қанча муддат бўлишининг аҳамияти йўқ). Бунда, ҳар икки шерик ҳар қачон ўз улуши доирасида асосий сақлаш харажатлари учун масъул бўлиб қолади.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси