ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
4. Иккинчи бўлим: Замонавий ширкатлар
4/5 Улуш асосидаги (оддий) шериклик ёки махфий шериклик (шарика ал-муҳасса)
4/5/1 Таърифи:
4/5/1/1 Ушбу турдаги (оддий / махфий) шерикликка нисбатан Инон ширкати (Шарика ал-Инон) таърифида келтирилган қоидалар татбиқ этилади (3/1 бандга қаралсин) ва бундай шериклик – шахсий шериклик турига киради, чунки бунда шерикларнинг шахси, хусусан, уларнинг молиявий барқарорлиги ва шахсий мол-мулки билан молиявий мажбуриятларни бажариш қобилиятига муҳим эътибор қаратилади.
4/5/1/2 Махфий шериклик юридик шахс ҳисобланмайди, чунки у шериклардан бошқа учинчи шахслардан махфий тарзда мавжуд бўлади (яъни бу шериклик ҳақида шериклардан бошқа шахслар хабарсиз бўлишади) ҳамда мустақил молиявий жавобгарликка эга бўлмайди.
4/5/2 Махфий шерикликка тегишли шаръий ҳукмлар:
4/5/2/1 Махфий шериклик ўзининг фиқҳий таснифи ва ҳукмларида Инон ширкатидан фарқ қилмайди (3.1 бандга қаралсин).
4/5/2/2 Шериклар махфий шерикликнинг мажбуриятлари бўйича, шу жумладан, ўз маблағлари билан ҳам биргаликда жавобгар ва масъул бўладилар.
4/5/2/3 Махфий шериклик шартномаси мажбурий бўлмаган (ғойру лозим) шартнома, лекин агар шериклар шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисида келишиб олган бўлсалар, улар бу шартга риоя қилишлари шарт (4/2/2/2 бандга қаралсин).
4/5/2/4 Шериклардан бири қолган шерикларни хабардор қилиш, шунингдек уларга ёки ширкат билан алоқада бўлган ҳамкорлар ва бошқа алоқадор томонларга зарар етказмаслик шарти билан шериклик шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бундай шерикнинг шерикликдаги иштирокини тугатиш компания мол-мулкини ҳақиқий ёки ҳукмий йўл билан тугатиш орқали амалга оширилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси