ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
3/1/6 Ширкатнинг тугатилиши:
31/6/1 Шерикларнинг ҳар бири қолган шерикларни хабардор қилган ҳолда шерикчиликни бекор қилиш (ширкатдан чиқиш) ҳамда ширкатдаги улушини бошқа шерикларга бериш ҳуқуқига эга, лекин бу қолган шериклар ўртасида ширкатни бекор қилишни талаб қилмайди. Шунингдек, шериклар ширкатда маълум муддат қолиш мажбуриятини зиммаларига олишлари ҳам жоиз. Бу ҳолатда, ушбу муддат якунланишидан олдин ширкатни тугатиш бўйича келишув қилиш жоиз. Барча ҳолатларда, ширкатни бекор қилиш ундан олдин амалга оширилган тасарруфотлар (қилинган ишлар)га таъсир қилмайди, яъни улар ўз кучида қолади.
3/1/6/2 Ширкат иштирокчиларидан бири ширкатнинг активларини унинг амал қилиш муддати давомида ёки ширкат тугатилган вақтда бозор баҳосида ёки харид вақтида келишилган нархда сотиб олиш бўйича мажбурий ваъда бериши жоиз. Бироқ номинал қийматда (яъни активнинг ширкат тузилиш пайтидаги қийматида) сотиб олиш ваъдасини бериш жоиз эмас.
3/1/6/3 Ширкат муддати якунланиши билан ёки ундан олдин шерикларнинг келишуви асосида ёки, агар муайян лойиҳани амалга ошириш учун ширкат (мушорака) ташкил қилинган бўлса, у ҳолда активларни ҳақиқатда сотиб тугатиш (ликвидация қилиш) орқали якунланади. Шунингдек ширкат ҳукмий тугатиш (яъни баҳолаш) орқали (шартли) ҳам тугатилади. Бунда мавжуд ширкат тугатилиб, янги ширкат ташкил этилгандек ҳисобланади, яъни ҳақиқий (сотиб) тугатилмаган (яъни ҳали сотуви амалга ошмаган) активларнинг қиймати ҳисоблаб чиқилади ва мазкур қиймат янги ширкатнинг устав капиталига айланади (яъни бунда, реал равишда сотилмаган, лекин ҳукман (адолатли баҳода) баҳоланган активлар — янги шериклик учун капитал сифатида қабул қилинади).
Агар ширкат шартнома муддати якунланганидан сўнг тугатилса, у ҳолда барча активлар амалдаги бозор баҳосида (яъни адолатли нархда) сотилиши керак ва тушган пуллар қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Тугатиш жараёни билан боғлиқ харажатлар қопланади;
б) Ширкатнинг умумий активларидан молиявий мажбуриятлар (қарзлар) тўланади;
в) Қолган активлар шериклар ўртасида уларнинг ширкат сармоясидаги улушига мутаносиб ҳолда тақсимланади.
Агар активлар қиймати шериклар киритган сармояни тиклаш учун етарли бўлмаса, у ҳолда активлар шериклар ўртасида уларнинг сармоядаги улушига мутаносиб равишда тақсим қилинади (бу “қисмату ғурамо” деб аталади).
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси