ШАРЪИЙ МЕЪЁР №12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
3/1/3 Ширкат бошқаруви:
3/1/3/1 Асл қоидага кўра, ҳар бир шерик нақд ёки насияга олди-сотди қилиш, қабз қилиш (эгаликка қабул қилиб олиш), тўловни амалга ошириш, вадиага (омонатга) қўйиш, гаров тақдим этиш ёки гаров қабул қилиш, қарзни талаб қилиш, қарз мажбуриятини тан олиш, судга даъво қилиш, судлашиш, шартномаларни бекор қилиш, нуқсонли маҳсулотни қайтариб бериш, ижара олиш, ҳавала (яъни пул ўтказиш ёки қарзни бошқа шахс зиммасига ўтказиш амалиёти) қилиш, қарз олиш ҳамда бизнесга манфаатли бўлган ва урфдаги бошқа ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шерик ҳадя (ҳиба) ёки қарз бериш сингари ширкатга нафи тегмайдиган ёки ширкатга зарар етказадиган тасарруфотларни амалга оширишга ҳақли эмас. Бироқ барча шериклар розилиги билан ёки урфга кўра, ширкат фаолиятига таъсир қилмайдиган қисқа муддатли кичик миқдордаги қарзлар бериши мумкин.
3/1/3/2 Шериклар ширкат бошқаруви улардан бири ёки бир нечаси томонидан амалга оширилиши юзасидан келишиб олишлари жоиз, бунда қолган шериклар бошқарув ишларида иштирок этмаслик мажбуриятини ўз зиммаларига олишлари ва ушбу мажбуриятга риоя қилишлари керак бўлади.
3/1/3/3 Шериклардан бошқа (учинчи) шахсни ширкат харажатлари ҳисобидан, яъни маълум ҳақ эвазига бошқарувчи (менежер) этиб тайинлаш жоиз. Шунингдек, рағбатлантириш воситаси сифатида ширкат фойдасининг маълум бир фоизини белгиланган иш ҳақига қўшимча равишда (яъни мукофот тарзида) унга ажратиш ҳам жоиз. Бироқ, агар бошқарув учун олинадиган ҳақ фойданинг муайян фоизи этиб белгиланадиган бўлса, у ҳолда бошқарувчи менежер-музориб ҳисобланади. Бунда у агар фойда кўрилса, фойдадан улуш олади, бошқарув учун алоҳида хизмат ҳақи олишга эса ҳақли бўлмайди.
3/1/3/4 Бошқарувда ёки бошқа вазифаларда, масалан, бухгалтерия ҳисоби юритишда кўмаклашувчи шерик учун шерикчилик шартномасида муайян ҳақ тайинлаш мумкин эмас. Бироқ, унинг фойдадаги улуши ширкат сармоясидаги улушидан кўра кўпроқ бўлиши жоиз.
3/1/3/5 Шериклардан бирига 3/1/3/4 бандда кўрсатилган вазифаларни шерикчилик шартномасидан бошқа алоҳида шартнома асосида юклаш жоиз. Яъни бунда шерикчилик шартномасини ўзгартирмасдан ёки уни бекор қилмасдан ушбу шерикни ўз лавозимидан бўшатиш мумкин бўлади. Бу ҳолатда, мазкур шерик учун маълум белгиланган маош тайинлашга рухсат берилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси