ШАРЪИЙ МЕЪЁР №12ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
Aввалроқ айтиб ўтилганидек, Ширкат ал-Ақд икки асосий турга бўлинади:
Биринчи тур: Мумтоз фиқҳ доирасида кўриб чиқилган ширкатлар (бундан буёғига қисқа қилиб “мумтоз ширкатлар” деб атаймиз).
Иккинчи тур: Замонавий ширкатлар
Қуйида “мумтоз ширкатларни” кўриб чиқамиз.
3. Биринчи бўлим: мумтоз ширкатлар
3/1 Ширкат, хусусан, Ширкат ал-Инонга тегишли умумий ҳукмлар:
Ширкат ал-Инон – бу икки ёки ундан ортиқ шахснинг ҳар бири маълум миқдорда маблағ (ва/ёки мол-мулк) киритиши орқали ташкил топадиган шерикчилиги бўлиб, унда ҳар бир шерик ширкатнинг мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади, фойда улар ўртасида келишувга мувофиқ тақсимланади, зарар эса ҳар бир шерикнинг сармоядаги ҳиссасига қараб тақсимланади.
3/1/1 Ширкат шартномасини тузиш:
3/1/1/1 Ширкат шартномаси томонларнинг келишувига биноан, ҳар бир шерикнинг таклифи (ийжоб) ва қолган шерикларнинг қабули асосида тузилади. Шерикчилик шартномаси ёзма шаклда тузилиши, агар иш шуни тақозо қилса, расмийлаштирилиши/ расмий рўйхатдан ўтказилиши керак. Шартномада ёки ширкатнинг асосий низоми/уставида ширкатнинг мақсадлари кўрсатилиши лозим.
3/1/1/2 Муассаса шариатда рухсат берилган амалиётларда ғайримуслимларни ёки анъанавий банкларни шерик қилиши жоиз, лекин улар томонидан тақдим этилаётган сармоя – пул ёки актив кўринишида бўлсин, ҳаром (тақиқланган) эканлиги очиқ-ойдин бўлса мумкин эмас. Шунингдек, фаолият давомида Ислом шариати қоидалари ва тамойилларига риоя қилиш ҳамда ширкат бошқаруви муассаса томонидан ёки шариат талабларига риоя қилувчи бошқа шахс томонидан амалга оширилишини таъминлаш юзасидан зарур кафолатларни олиш (яъни шундай келишувга эришиш) керак бўлади.
3/1/1/3 Анъанавий банклар муассасалар (яъни ислом молия муассасалари) билан ҳамкорликда шариат талабларига мувофиқ равишда амалга ошириладиган синдикат молиялаштиришда (яъни йирик лойиҳаларни бир нечта молия муассасаси биргаликда молиялаштириши) иштирок этишига рухсат берилади. Фақат бунда амалиётлар муассаса томонидан бошқарилиши ва улар Шариат кенгаши назоратида бўлиши керак (“Синдикат молиялаштириш” бўйича 24-сонли шаръий меъёрга қаралсин.).
3/1/1/4 Шериклар исталган вақтда шерикчилик шартномаси шартларини ўзгартиришлари мумкин. Хусусан, томонлар фойдани тақсимлаш нисбатига ўзгартириш киритиш бўйича келишиб олишлари жоиз. Бироқ, зарар ҳар бир шерикнинг ширкат сармоясидаги улушига мувофиқ бўлиши шарт.
3/1/2 Ширкат сармояси (устав капитали):
3/1/2/1 Асл қоидага кўра, ширкат сармояси (капитали) пул шаклидаги активлар бўлиши лозим, чунки шунда иштирок (мушорака) натижасидаги фойда ёки зарар миқдорини ҳисоблаш/аниқлаш мумкин бўлади. Шунингдек, шерикларнинг келишувига кўра пул кўринишида бўлмаган активларни ҳам, улар нақд пулда баҳоланганидан сўнг, улуш сифатида киритиш жоиз. Албатта, бундай баҳолаш шерикнинг киритаётган ҳиссаси миқдорини аниқлаш учун керак.
3/1/2/2 Шериклар ширкат капиталидаги ўз улушларини турли валюталарда киритган ҳолатда, ушбу валюталар тўлов қилинаётган кундаги жорий бозор курси бўйича ширкат фаолияти олиб бориладиган валютада қайта баҳоланиши керак. Бу ҳар бир шерикнинг улуш ва мажбуриятларини аниқлаш учун зарур.
3/1/2/3 Барча шерикларнинг ширкат сармоясидаги улуши аниқ бўлиши керак, бунда улуш бир марталик тўлов шаклида ёки босқичма-босқич киритилишининг (капитални ошириш давомида) фарқи йўқ. 3/1/2/4 Фақат қарзларнинг ўзи ширкат капиталига ҳисса сифатида киритилиши жоиз эмас. Бироқ, қарзлар ширкат капитали бўлишга яроқли бўлган бошқа активларга тобе, яъни уларнинг бир қисми бўлса, бу жоиз ҳисобланади. Масалан, завод ёки фабрикани дебиторлик ва кредиторлик қарзлари билан бирга ширкатга капитал сифатида тақдим этиш каби (“Қимматли қоғозлар” тўғрисидаги 21-сонли шаръий меъёрга қаралсин).
3/1/2/5 Жорий ҳисобрақамлардаги маблағлар, шаръий нуқтаи назардан молия муассасаларининг зиммасидаги қарз бўлишига қарамасдан, уларни муассасанинг ўзи иштирок этган ёки бошқа томон билан тузиладиган ширкатга капитал сифатида қўшиш жоиз.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров
AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси