ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Меъёрнинг матни
4. Истиснада содир бўладиган ҳолатлар
4/1 Ўзгартиришлар, қўшимчалар ва қўшимча талаблар
4/1/1 Истисна шартномаси тузилгандан сўнг, ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўзаро келишган ҳолда маҳсулотнинг белгиланган хусусиятлари/техник шартларини ўзгартиришлари ёки унга қўшимчалар киритишлари мумкин. Бунинг нархга таъсири аниқ белгиланиши ҳамда уни бажариш учун қўшимча муҳлат берилиши лозим. Шартномада, шунингдек, ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш ҳисобига қўшимча тўловлар тажриба (эксперт хулосаси), бизнес урфи ёки низога олиб келиши мумкин бўлган ноаниқлик (жаҳала)ни бартараф этадиган бошқа бирон кўрсаткич – индексга асосланган ҳолда, асосий нархга мутаносиб равишда бўлишини кўрсатиб ўтиш жоиз.
4/1/2 Буюртмачи, агар ишлаб чиқарувчи рози бўлмаса, уни Истисна шартномасининг предметига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга мажбурлашга ҳаққи йўқ.
4/1/3 Тўлов муддатининг узайтирилиши эвазига нархни ошириш жоиз эмас. Бироқ тўлов белгиланган муддатдан олдин амалга оширилганда нархни камайтириш масаласига келадиган бўлсак, агар бу шартномада кўзда тутилмаган бўлса, жоиз ҳисобланади.
4/2 Фавқулодда ва кутилмаган (форс-мажор) ҳолатлар
4/2/1 Агар кутилмаган ҳолатлар юз бериб, Истисна шартномасида кўрсатилган нархни ошириш ёки тушириш зарурати пайдо бўлса, у ҳолда нарх томонларнинг келишуви, ҳакамлик қарори ёки суд қарори асосида ўзгартирилиши мумкин. Бу, 4/1/3-банд талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
4/2/2 Аввалги ишлаб чиқарувчи (пудратчи) томонидан бошланган лойиҳани якунлаш учун (янги) Истисна шартномасини тузиш жоиз. Бунда, аввалги ишлаб чиқарувчи билан ҳисоб-китоблар (ўша пайтдаги) мавжуд ҳолатда харидор-буюртмачи ҳисобидан якунланиши лозим. Чунки агар қарздорлик мавжуд бўлса, бу буюртмачининг (ишлаб чиқарувчи олдидаги) шахсий мажбурияти сифатида қаралади. Шундан сўнг, қолган ишлар учун янги Истисна шартномаси тузилади. Муассаса аввалги ишлаб чиқарувчини (ишга) жалб қилишга мажбур эмас. Аксинча, муассаса лойиҳани ўзига маъқул деб топган исталган усулда якунлаш ҳуқуқига эгалигини (янги) шартномада қайд этиши мумкин.
4/2/3 Буюртмачига тегишли бўлган ер майдонида бино ёки иншоотлар қуриш ҳолатида, ишлаб чиқарувчи белгиланган муддат ичида шартномада кўзда тутилган ишларини бажаришдан бош тортса ёки тўхтатса, буюртмачи ушбу ишларни ишлаб чиқарувчи ҳисобидан ўзи якунлаб қўйиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги шартни шартномага киритиши жоиз. Бу муддатни ҳисоблаш иш тўхтаган вақтдан бошлаб бошланади.
4/2/4 Агар ишлаб чиқарувчи ишни якунлай олмаса, қурилиши якунланмаган бино ёки иншоотлар буюртмачи томонидан текинга олиниши мумкин эмас. Бунинг ҳукми ишни якунлай олмаслик сабабига қараб фарқ қилади. Агар иш якунига етмаганлиги қурувчи-пудратчига боғлиқ сабабларга кўра бўлса (яъни унинг айби билан), у ҳолда буюртмачи ишлаб чиқарувчи томонидан амалга оширилган ишларга мутаносиб равишда тўлов қилиши лозим, ишлаб чиқарувчи эса буюртмачига етган ҳақиқий зарарни қоплаб бериши керак бўлади. Агар иш буюртмачига боғлиқ сабаб билан якунига етмай қолса, ишлаб чиқарувчи ўзи бажарган ишлар учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади, ишлаб чиқарувчига етган ҳақиқий зарарни қоплашни эса буюртмачи ўз зиммасига олади. Агар лойиҳа улардан бирортасига боғлиқ сабабларга кўра якунланмай қолган бўлса, у ҳолда буюртмачи фақат ишлаб чиқарувчи бажарган ишларнинг ҳақини тўлаб беради, томонларнинг ҳеч бири иккинчисига етган зарарни қоплашни ўз зиммасига олмайди (4/2/3 бандга қаралсин).
4/2/5 Истисна шартномасига қуйидаги мазмундаги шартни қўшиш жоиз: агар ваколатли идоралар томонидан илгари шартномада кўзда тутилмаган янги талаб/қоидалар белгиланса ва бу талаб/қоидалар шартнома ёки қонунга мувофиқ ишлаб чиқарувчига юклатилмаган бўлса, бу ҳолатда уларнинг оқибатлари буюртмачи зиммасига юклатилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси