ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади – Ижара ҳамда Ижара Мунтаҳия Биттамлик (Эгалик билан якунланувчи ижара)га тегишли шаръий асос ва ҳукмларни баён этишдан иборат. Бу ижарага олиш ваъдаси (ваъда мавжуд бўлган ҳолатда) босқичидан тортиб, оддий (операцион) ижарада активни ижарага берувчига қайтариш билан, Ижара мунтаҳия биттамликда эса ижара муддати якунида ёки ижара муддати мобайнида активга эгалик ижарачига ўтказилиши билан якунланадиган жараённи қамраб олади. Шунингдек, ушбу меъёр Ислом молия муассасалари томонидан риоя қилиниши лозим бўлган шаръий мезонларни баён этишни ҳам мақсад қилган.
Меъёрнинг баёни (матни)
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр моддий ашё (актив)ларнинг ижарасини қамраб олади, бундай ижара оддий (операцион) ижара ёки мулкка эгалик ижарачига ўтказилиши билан якунланадиган (Ижара мунтаҳия биттамлик) ижара шаклида бўлиши мумкин. Муассаса бу ерда ижарага берувчи (мужир) ёки ижарага олувчи (мустажир) бўлиши мумкин.
Ушбу меъёр Ижара сукукини (Сукук ал-Ижарани) қамраб олмайди, чунки у (мавзу) Инвестиция сукуклари тўғрисидаги Шаръий меъёр таркибида мавжуд. Алоҳида меъёрда қамраб олингани сабабли Шахслар ижараси (меҳнат шартномаси) ҳам мазкур меъёр доирасида кўриб чиқилмайди.
2. (Мулкни) Ижарага олиш ваъдаси
2/1 Аслида, ижара битими ижарага берувчига тегишли бўлган мол-мулк (моддий актив) ёки манфаатга нисбатан тузилади. Бироқ мижоз ўзи ижарага олишни хоҳлаётган активни сотиб олишни ёки активларга тегишли манфаатни қўлга киритишни ислом молия муассасасига мурожаат қилиб сўраши ва ўша активни ижарага олиши тўғрисида ваъда бериши ҳам жоиз.
2/2 Аслида, ижара амалиёти бош келишув (умумий шартнома)ни тузмасдан, бевосита ижара шартномасини тузиш орқали амалга оширилади. Бироқ молия муассасаси ва мижоз ўртасидаги [бир неча босқичдан иборат] ижара амалиётларини тартибга солувчи бош келишув (умумий шартнома) тузиш ҳам жоиз. Бундай бош келишув икки тараф ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумий шартларини белгилаб беради. Мазкур ҳолатда ҳар бир ижара амалиёти учун алоҳида ижара шартномаси мавжуд бўлиши ва унга ҳар икки тараф имзо қўйиши керак ёки буни ийжоб ва қабулни ифодаловчи хабарнома (билдиришнома)ни ўзаро алмашиш орқали ҳам амалга ошириш мумкин, ва унда бош келишувда баён этилган умумий шартларга ҳавола қилинади.
2/3 Муассаса мол-мулкни ижарага олиш ваъдасини берган мижоздан муайян маблағни муассасага (гаров сифатида) тақдим этишни талаб қилиши жоиз. Муассаса ушбу маблағни мижознинг ижарага олиш ваъдасини ҳамда бу ваъдадан келиб чиқадиган бошқа мажбуриятларни бажариш қатъияти жиддийлигини кафолатлаш мақсадида ўзида ушлаб туради, мижоз ўз ваъдасини бузган тақдирда фақатгина ҳақиқий зарар миқдоригина ўша гаров пулидан чегириб қолинади. Эгалик билан якунланадиган ижара ҳолатида активни ижарага олиш ваъдасини берган мижоз ўз ваъдасини бузган тақдирда, муассаса ижарага бериш учун кўзланган активнинг таннархи ва уни Ижара мунтаҳия биттамлик асосида учинчи шахсга ижарага беришдан олинадиган ижара ҳақи ўртасидаги фарқни қоплашга мажбур бўлади. Оддий (операцион) ижара ҳолатида активни ижарага олиш ваъдасини берган мижоз ўз ваъдасини бажармаса ва (шундан сўнг) ваъда берилган томон [яъни муассаса] активни сотиб юборишни танласа, мижоз активнинг харид нархи билан унинг учинчи томонга сотилган баҳоси ўртасидаги фарқни тўлайди (чунки у актив мижознинг илтимоси билан олиб келинган). Акс ҳолда, яъни актив сотилмаса, у ҳолда мижоздан ҳеч қандай компенсация олиниши мумкин эмас.
2/4 Активни ижарага олиш қатъияти жиддийлигини тасдиқлаш/кафолатлаш мақсадида [мижоз томонидан] тақдим этилган маблағ:
• Муассаса томонидан сақланадиган омонат сифатида бўлиши мумкин – бу ҳолда муассаса ундан фойдаланиши ёки тасарруф қилиши жоиз бўлмайди, ёки
• инвестиция қилиш учун берилган омонат сифатида бўлиши мумкин – бунда мижоз муассасага ушбу маблағни шаръий Музораба асосида инвестиция қилишга рухсат беради.
Шунингдек, ижара шартномаси тузилган пайтда, мижоз ва муассаса ушбу жиддийликни ифода этувчи маблағни ижара тўловининг бир қисми сифатида қабул қилиш ҳақида келишув қилишлари ҳам мумкин.
(давоми бор)
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси