Маълумки, мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш ҳукумат томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хусусан, 2018 йилда хайрия ишларини марказлашган ва тизимли равишда амалга ошириш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Бугунги кунда, бошқа вазифалар қатори, “Вақф” фонди аҳолидан (бошқа турдаги хайрия маблағлари қаторида) мусулмонлар учун мажбурий молиявий ибодат ҳисобланувчи закот тўловларини қабул қилиб олиш ва ҳақдорларга етказиш ишларини амалга ошириб келмоқда.
Шу билан бирга, Вақф фондига келиб тушган хайрия маблағлари статистикаси ўрганилганда хайрия маблағлари асосан турли тўлов тизимлари орқали амалга оширилаётганлиги, банк тизими орқали амалга оширилаётган маблағлар эса хайрия маблағларининг оз қисмини ташкил этаётганлиги маълум бўлди.
Хусусан, 2018-2020 йиллар давомида закот учун айнан банк тизими орқали тўловлар деярли амалга оширилмаган. Бундан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
а) фақат банк орқали маблағ ўтказиши мумкин бўлган юридик шахслар томонидан закот бўйича тўловлар деярли ўтказилмаган;
б) фондга хайрия маблағлари, хусусан, закот тўловлари асосан жисмоний шахслар томонидан амалга оширилмоқда. Юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳам корхона томонидан фойда солиғи ва таъсисчи сифатида дивиденд солиғи тўлагандан сўнг жисмоний шахс сифатида олган даромадидан закот тўламоқда;
в) хайрия тўловлари асосан тарқоқ, марказлашмаган ҳолда амалга оширилмоқда.
Юридик шахслар томонидан закот тўловларининг амалга оширилмаганлиги уларда закот тўловини амалга оширишга рағбат йўқлигидан ва юридик шахс томонидан ҳам закот тўлаш мумкинлиги ҳақидаги тушунчалар шаклланмаганлигидан далолат беради.
Ушбу ҳолатни ўзгартириш учун, яъни айнан тадбиркорлик субъектларининг хайрия тўловларини амалга оширишда фаоллигини, рағбатини ошириш учун солиқ қонунчилигида биргина ўзгартириш қилиш етарли бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Бунинг учун юридик шахс томонидан “Вақф” фондига хайрия сифатида ўтказиладиган маблағларни юридик шахснинг фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига қўшиш таклиф этилади.
Тадбиркорлик субъектларига бундай имконият берилиши камбағалликни камайтириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш соҳасида қуйидаги ижобий натижаларга олиб келиши мумкин:
Тадбиркорлик субъектларига солиқ ва мажбурий тўловлар юкини камайтиради, адолатлилик принципини таъминлайди ва бу ўз навбатида тадбиркор томонидан солиқ тўловларидан қочиш йўлларини қидириш эҳтиёжини камайтиради. Бу эса ўз навбатида тадбиркорларни хайрия фаолиятини амалга оширишга рағбатлантиради.
Ҳозирги кунда амалдаги қонунчилик бўйича ҳам корхона ҳисобидан фойда солиғи тўланиши, ҳам таъсисчининг дивиденд солиғи тўлаши, шунингдек мажбурий ибодат бўлган закотни тўлаши тадбиркор учун адолатсиз кўриниши мумкин. Хайрия маблағларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритиш бу салбий қарашни бартараф қилишга кўмаклашади ва ўз навбатида, тадбиркорлик субъектини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини билдиради.
“Вақф” фондини ривожлантириш, унинг фаолияти шаффофлигини ошириш тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган хайрия маблағларини, хусусан, закот тўловларини марказлашган ва тизимли ҳолда йиғиш ва тақсимлаш имкониятини янада кенгайтиради.
Ҳозирги кунда мустақил равишда (тарқоқ ҳолда) хайрия қилаётган тадбиркорлик субъектларида бу ишни ўзича эмас, балки “Вақф” фонди орқали амалга оширишга қизиқиш ва рағбат пайдо бўлади. Албатта, фонднинг фаолияти ҳам доимий равишда аудит қилиб турилиши ва унинг натижалари барча учун очиқ бўлишини таъминлаш керак. Бу ўз навбатида маблағларни тўплаш ва тақсимлашда шаффофликни таъминлайди, маблағларни мақсадли йўналтириш, коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик имконини беради.
Юқоридаги таклифларни асослаш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтамиз:
“Ислом динининг низоми закотда мусулмонларнинг ишбошилари томонидан закотчилар тайин қилинишини тақозо қилади. Бундан ташқари, закот ишига мусулмонларнинг ишбошилари аралашишига қуйидаги бошқа бир қанча сабаблар ҳам бор:
1. Ҳамма ҳам бир хил бўлавермайди. Баъзи кишилар ўзлари билса ҳам закот бергиси келмаслиги ёки ўзича фикр юритиб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларидаги баъзи кишиларга ўхшаб “бермаса ҳам бўлаверади” деб ўйлаб, бунга турли баҳоналарни рўкач қилиши мумкин;
2. Баъзи одамлар тушунмаслиги, закотни қандай қилиб адо этишни билмаслиги, ҳақдорларни топиб беришга имкони бўлмаслиги мумкин;
3. Мискин ва фақирларнинг ҳаққини мусулмонларнинг ишбошилари олиб берса, уларнинг хижолатлиги йўқолади. Ортларида ҳукумат турганини сезадилар, “мискинсан” деб ҳақдорларни камситиш, дилларга озор бериш каби ҳоллардан узоқда бўладилар;
4. Агар закотни ҳар ким ўзи тарқатса, тартибсизлик юзага келиши, бир мискинга бир неча бой закот бериб, бошқа мискинлар умуман закотсиз қолиб кетиши мумкин;
5. Закотни фақат мискин ва фақирларгагина эмас, бошқа тоифаларга ҳам тарқатиш керак. Бу ишларни билимдонлар қилмаса, билимсиз кишилар қилиши қийин” (Ҳадис ва Ҳаёт. 8-жуз. Закот. 205-саҳифа).
Хулоса қилиб айтганда, юридик шахс томонидан хайрияга йўналтириладиган маблағларнинг фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритилиши тадбиркорлик субъектларига солиқлар билан бирга молиявий ибодат бўлган закотни ҳам тўлашда қулайлик яратади ҳамда ҳукумат томонидан амалга оширилаётган камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Юқоридаги фикрлар марказлашган тарзда закот йиғиш ва ҳақдор инсонларга етказишга доир таклифлар эди. Энди бугунги кундаги жорий ҳолатда бу йўналишда нима қилиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Бугунги кунда закот тўлашни мақсад қилган, лекин шу закотга йўналтирилиши лозим бўлган маблағларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритишни истаган бизнес раҳбарларига амалдаги қонунчиликда қуйидаги имконият мавжуд:
Солиқ кодексининг 317-моддаси 7-кичик бандига асосан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш, ўқув-тарбия муассасаларига ёки етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун йўналтирилган маблағлар фойда солиғи базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киради.
Демак, бугунги кунда закот тўлаш мақсади бўлган тадбиркорлик субъектлари (МЧЖлар, хусусий корхоналар, акциядорлик жамиятлари, қўшма корхоналар ва ҳоказо) ўзларининг бошқарув кенгашлари қарори билан маълум миқдордаги пул маблағларини ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга, етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга моддий маблағ сифатида ажратишлари/беришлари ва ушбу маблағларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритишлари мумкин. Албатта, бу ишни корхонанинг ҳисоб-китоб (бухгалтерия) бўлими ўрнатилган тартибда амалга оширилишини таъминлайди. Асосийси, ушбу маблағлар закотга ҳақдор бўлганларга берилади ва шу билан бирга ушбу ажратилган пул маблағлари хайрияга йўналтирилганлиги учун солиққа тортилмайди.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим, динимизда закот берувчининг нияти муҳим ҳисобланади, яъни ушбу ажратилаётган маблағлар оддий хайрия эмас, балки закот деб ният қилиниши керак.
Юқорида кўриб чиқилган масалага шаръий асос сифатида Ислом молия муассасалари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти – AAOIFIнинг Шариат меъёрларини келтириш мумкин. Тадбиркорлик субъектлари бўлган корхона ва ташкилотлар томонидан закот тўлаш масаласи AAOIFIнинг 35 рақамли Шариат меъёрида кўриб чиқилган. Хусусан, ушбу меъёрнинг “Ташкилот томонидан закотни тўғридан-тўғри тўлаш” деб аталган 2.2 бандида шундай дейилади:
2.2.1 Ташкилот ёки компания қуйидаги ҳолатларда закот тўлаши керак:
а) закот тўлашни мажбурий этиб белгилайдиган қонун мавжуд бўлса;
б) ташкилотнинг уставида закот тўлаш мажбурияти қайд этилган бўлса;
в) мулкдорлар (таъсисчилар) умумий йиғилиши томонидан закот тўлаш мажбурияти ҳақида қарор қабул қилинган бўлса.
Мақола муаллифлари:
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Жамшид Усмонов
Ҳуқуқшунос
“Constat” Адвокатлик фирмаси адвокати
P.S. албатта, закотни ҳисоблаш ва тўлов қилиш жараёнида турли ўзига хос саволлар чиқиши мумкин ва бу ҳолат ҳар қандай янги иш/фаолият давомида бўлади, бу сизни хайрли ишдан қайтармаслиги керак. Сизга бу ишда zakotim.uz закот калькулятори ёрдам бериши мумкин.