ШАРЪИЙ МЕЪЁР №5
КАФОЛАТЛАР
(Мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш)
4. Гаров (Раҳн)
Раҳн – бу молиявий актив ёки унинг ҳукмидаги нарса билан қарзни кафолатлаш бўлиб, қарз тўланмай қолган тақдирда, ушбу актив ёки унинг қиймати ҳисобидан қарз ёпилади. [“Раҳн” тўғрисидаги 39-сонли шаръий меъёрда бу ҳақда батафсил маълумот берилган].
5. Кафолатдан кўзланган мақсадлар амалга оширилишининг кўринишлари:
5/1 Қарз бўйича тўлов кечиккан ҳолатда қолган тўловларни дарҳол (яъни муддатидан олдин) тўланишини шарт қилиш
Қарздор томон даврий тўловлардан айримларини ҳеч қандай фавқулодда ҳолатларсиз тўлашни кечиктирса, қолган барча даврий тўловлар ёки уларнинг бир қисми дарҳол (яъни муддатидан олдин) тўланишини шарт қилиш жоиз. Ушбу шарт қарздор хабардор қилинганидан сўнг ҳамда унга (тўловларни амалга ошириш учун) маълум муддат берилгандан кейин[1] татбиқ қилинади.
5/2 Пули тўланмаганлиги сабабли насия савдони бузиш
Сотувчи насия (кечиктирилган тўлов) асосидаги олди-сотди шартномасига харидор белгиланган муддат ичида тўловни амалга оширмаса, судга мурожаат қилмасдан туриб шартномани бекор қилиш (ва сотилган мол-мулкни қайтариб олиш) ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги шартни киритиб кетиши мумкин.
6. Кафолатнинг замонавий кўринишлари:
6/1 Кафолат хати:
6/1/1 Кафолат хати тақдим этилганлиги учун ҳақ олиш жоиз эмас. Одатда, бундай тўловни ҳисоблашда, кафолатнинг қопланган ёки қопланмаган бўлишидан қатъий назар, кафолат берилаётган маблағ миқдори ва кафолат муддати ҳисобга олинади.
6/1/2 Икки турдаги (бошланғич ва якуний) кафолат хати тақдим этиш билан боғлиқ маъмурий харажатлар ва хизматлар учун тўловларни кафолат хати сўраган томонга юклаш шаръан жоиз, фақат бундай тўловлар “ужра ал-мисл”, яъни ўртача бозор баҳосидан зиёда бўлмаслигига риоя қилиш керак. Тўлиқ ёки қисман таъминот тақдим этишда, кафолат хати бериш билан боғлиқ барча бевосита харажатларни, хусусан, мазкур таъминотни адо этиш учун кўрсатиладиган ҳақиқий хизматларни акс эттирадиган ҳар қандай харажатларни ҳисобга олишга рухсат берилади.
6/1/3
Риболи қарз олиш ёки шариатда тақиқланган амалиётни мақсад қилган мижозларга
муассаса томонидан кафолат хати берилиши жоиз эмас.
[1] бу муддат қанча бўлишини томонлар шартнома тузиш пайтида шартномага киритиб кетишлари мумкин, таржимондан изоҳ
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси