Аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган Бангладешда ислом банк-молия тизими анча йиллардан бери аҳолининг диний қадриятларига жавоб берувчи тизим сифатида унинг эътирофига эга бўлиб келаётган эди. Бироқ, яқинда бўлиб ўтган жанжаллар ва аниқланган бошбошдоқлик (яъни, бетартиб, тизимли ёндашувсиз нотўғри бошқарув) ушбу тизим инсон омили туфайли жиддий муаммоларга дуч келиши мумкинлигини кўрсатди. Бангладеш ислом молия тизимидаги ушбу муаммолар пировард натижада мамлакатнинг умумий банк-молия тизими учун жиддий муаммога айланди.
Бошланиш: Ислом молиясининг юксалиши
Бошида мамлакат аҳолининг кўпчилигини шариатга мос бўлган банк-молия тизими ғояси ўзига жалб қилди ва асосан шу туфайли ислом молияси Бангладешда муваффақиятга эришишни бошлади.
Islamic Bank Bangladesh Limited (IBBL) қисқа вақт ичида мамлакатнинг энг йирик ва ишончли хусусий банкига айланди ва бошқаларга ўрнак бўлди. Бу муваффақиятни кўрган анъанавий банклар ҳам бу моделни янада кенгайтириб, “ислом дарчалари” ёки шариатга мувофиқ ҳолда ишлайдиган турли бўлинмалар очишга киришдилар.
Бироқ, парда ортида ҳаммаси ҳам саҳнадагидек эмас эди. Банклар депозитларни жалб қилиш учун ислом молиясини маркетинг воситасига айлантириб олиб, ундан ёрлиқ сифатида фойдалана бошлашди, амалда эса улар ислом молиясининг асл тамойилларига риоя қилишмади. Самарасиз бошқарув, қариндош-уруғчилик ва назоратсиз бошқарув тез орада тизимга нисбатан ишончнинг жиддий равишда пасайишига олиб келди. “Исломий” деб аталган тизим ислом қадриятларига мувофиқ равишда ишламаётганлиги тобора аниқроқ кўрина бошлади.
Таркибий заифликлар ва ислом молиясининг инқирози
Бироқ муаммо фақат ислом молия тизимини нотўғри/ноқонуний қўллаш сабабли пайдо бўлди дейиш тўғри бўлмаса керак, чунки мамлакатнинг энг машҳур ислом банки бўлган Islamic Bank Bangladesh Limited (IBBL)га нисбатан 2017-йилда ҳукумат томонидан турли исботланмаган ва бевосита ислом банк фаолиятига алоқадор бўлмаган айбловлар эълон қилинди ва бунинг ортидан банк эгалик ҳуқуқи S Alam Group га ўтказилди. Шундан кейин ислом банкларига бўлган ишонч янада пасайиб кетди. Банкнинг кейинги қулаши йирик молиявий фирибгарлик фош этилганда бўлди.
Банк эгалигини қўлга киритган S Alam Group секин-аста банк топ-менежментини сиқиб чиқарди ва уларнинг ўрнига ўз одамларини қўйди, уларнинг аксарияти Chattogram ҳудудидан эди. Уларнинг назорати остида миллиардлаб АҚШ долларига тенг бўлган маблағлар ўзлаштирилди ва бу катта ликвидлик инқирозига олиб келди. Маблағлардан бундай ноқонуний фойдаланиш ислом молияси тамойиллари ниқоби остида содир этилди.
Яқинда муваққат ҳукумат Бангладешнинг ислом банк тармоғини, айниқса, турли сиёсий гуруҳлар назоратидаги банкларнинг заиф аҳволини фош қилди. Islamic Bank Bangladesh, SIBL, Al-Arafah и First Security Islami Bank каби ислом банклари ҳозир Бангладеш банк тизимининг “қизил қисми”да бўлиб, бу ушбу банкларда тўловга лаёқатсизлик (банкротлик) хавфи жуда юқори эканлигини кўрсатади.
Инқирознинг асосий сабаблари
Диний туйғулардан фойдаланиш:
Ислом банклари ўзларини шариат тамойилларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётганликларини эълон қилдилар, бу эса диний эътиқодлари туфайли анъанавий банклар хизматидан фойдаланишни ўзига лозим кўрмаган кўплаб омонатчиларни ушбу банкларга жалб қилишга ёрдам берди. Бироқ, ушбу банклар бошқарувни тўғри йўлга қўйиш, молиявий хатарларни пасайтиришга эмас, балки кўпроқ диндан маркетинг воситаси сифатида фойдаланишга эътибор қаратишди.
Заиф корпоратив бошқарув:
Заиф назорат, кучли Шариат кенгашларининг ҳамда мустақил аудитнинг йўқлиги ислом молияси тамойилларига мос бўлмаган амалиётларнинг кенгайишига ёрдам берди. Иқтисодий жиҳатдан самарасиз қарорлар қабул қилиш, яъни етарли даражада ҳисоб-китоб қилмасдан юқори таваккалчилик хатарига эга бўлган лойиҳаларни молиялаштириш авж олди.
Актив-пассивлар номутаносиблиги:
Ислом банклари асосан фойдани тақсимлаш ва комиссияга асосланган маҳсулотларга таяниши лозим, бу эса активлар ва мажбуриятларни бошқаришда эҳтиёткорлик билан иш кўришни талаб қилади. Бангладешдаги кўплаб ислом банклар эса активлар ва пассивлар ўртасидаги мувозанатни сақлай олишмади, натижада ликвидлик танқислиги юзага келди.
Муаммоли лойиҳалар (яъни муаммоли қарзлар)нинг кўпайиши:
Бошқарувдаги бошбошдоқлик умидсиз қарзларнинг ўсишига олиб келди, бу эса ўз навбатида ислом банкларини янада заифлаштирди. Лойиҳаларни нотўғри молиялаштириш амалиёти ва ундирилмаган тўловлар/қарздорликнинг ошишига олиб келди ва бу банкларнинг молиявий ҳолатига жиддий путур этказди.
Мувофиқлаштириш/тартибга солишдаги муаммолар:
Бангладешда ислом банк-молия тизими фаолияти учун меъёрий-ҳуқуқий асослар (яъни тегишли меъёрий ҳужжатлар) ишлаб чиқилган бўлса-да, амалда уларга тўлиқ риоя қилинмаган. Назорат соҳасидаги бўшлиқлар ислом банкларининг тегишли равишда тартибга солинмасдан ишлашига имкон берган, бу эса охир-оқибат уларнинг инқирозига сабаб бўлди.
Ислом банк-молия тизимига бўлган ишонч
Ислом банк-молия тизими инқирози аҳоли томонидан ислом банк-молия тизимига бўлган ишончнинг жиддий равишда пасайишига сабаб бўлди.
Бу ишончни қайта тиклаш энди жуда мушкул вазифа.
Муваққат ҳукумат молия тармоғини ислоҳ қилиш, жумладан, бир қанча ислом банклари бошқаруви ва шариат кенгашларини тарқатиб юбориш каби чораларни кўрган бўлса-да, беқарорлик давом этмоқда.
Ислом банки тармоғидаги бу муаммолар нафақат ушбу муассасаларнинг обрўсига путур етказди, балки Бангладеш банк-молия тизимининг умумий барқарорлиги борасида ҳам шубҳа ва хавотирлар уйғотди.
Ислоҳотлар зарурати
Кўриниб турибдики, фақат диний туйғуларга таяниш банк тизими муваффақиятини таъминлай олмайди. Ислом банклари барқарорликка эришиши учун улар бошқарув тизимини мустаҳкамлашлари, активлар ва пассивларни бошқаришни такомиллаштиришлари ва асосийси шаффофликни таъминлашлари керак. Бангладеш марказий банки ҳам изчил тартибга солишни таъминлаши ва ислом банкларининг ўзига хос эҳтиёжларини қондиришда фаолроқ рол ўйнаши керак.
Ҳозирги вақтда Бангладешда ислом банк иши фақат 2009 йилда марказий банк томонидан чиқарилган кўрсатмалар тўплами билан тартибга солинади. Ислом банкларини тартибга солувчи махсус қонун йўқ, бу нотўғри бошқарув юзага келишини осонлаштиради. Тизимни тўғри йўлга қўйиш, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун зудлик билан кучли қонунчилик базаси зарур.
Хулоса
Бангладеш ислом молияси фаолияти диний қадриятларга асосланган катта ваъда ва умидлар билан бошланди. Бироқ, сўнгги воқеалар ундаги жиддий таркибий заифликларни очиб берди. Тармоқни такомиллаштириш кучли меъёрий-ҳуқуқий базани ҳамда тўғри молиявий бошқарувни таъминлашни талаб қилади. Бу ўзгаришларсиз, ислом банк-молия тизими аҳоли ва тадбиркорлар ишончини ва умуман банк тизими барқарорлигини хавф остига қўяди.
Манба: The Business Post да чоп этилган “The collapse of Islamic banking in Bangladesh: Causes and consequences” мақоласи асосида тайёрланди.