Ўзбегимни бир мақоли бор, “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур”. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар шудгор нималигини ҳам, қуйруқ нималигини ҳам билишмаса керак, шунинг учун мақоламизни ушбу сўзларнинг маъносини тушунтиришдан бошлаймиз.
Шудгор – экин экиладиган дала, ҳайдалган/чопилган ер.
Қуйруқ – хом думба.
Юқоридаги мақол тулкининг тилидан айтилган. Илгари тулки ва чиябўрилардан безор бўлган овчилар далага қопқон қўйиб, устига тупроқ сепиб ўртасига бир парча думба ташлаб қўйишган. Ўша қуйруқ-думбани емоқчи бўлган тулки ёки чиябўри келиб ўша қопқонга илинган. Лекин тулки бежиз айёрлиги билан ном чиқармаган ва бундай қопқонга ҳар доим ҳам илинавермаган. Бундай ҳолат тез-тез такрорланиб тургани учун, “текин” қуйруққа илинмасдан кетган тулкилар номидан юқоридаги мақол пайдо бўлган. Албатта, кейинчалик бу мақол одамларни ҳушёрликка чақириш учун ишлатила бошлаган.
Мана энди молиявий пирамидаларга ўтсак ҳам бўлса керак.
Бугун бир обуначимиз янги чиққан бир молиявий пирамида ҳақида бизга ёзиб, одамларни бу бало ҳақида қандайдир даражада бўлса ҳам огоҳлантириш керак, чунки улар динимиз номидан ҳам гапириб одамларни чалғитишяпти деб куюниб ёзибдилар ва ўша пирамида ҳақида баъзи маълумотларни юборибдилар (умматимиз, халқимизни ўйлаб ёзибдилар, у кишидан Аллоҳ рози бўлсин).
Биз ўша юборилган маълумотларни ўрганиб чиқдик. Очиғини айтганда, бу ҳам ўша доимги содда пирамида экан: сиз гуруҳга қўшилган пайтингизда ўзингиз ҳаётингизда кўрмаган кимгадир пул “ҳадя” қиласиз, сиздан кейин гуруҳга қўшилган янги “аъзолар” сизга пул “ҳадя” қилишади.
Молиявий пирамида ташкилотчиларидан бўлган бир шахс, қандай қилиб 3-4 ойда бир неча ўн миллион сўмга эга бўлганлигини айтиб содда одамларни гуруҳга киришга тарғиб қиляпти. Хуллас, доимги схема… (бу мавзуда илгари ҳам мақолалар қўйганмиз https://islommoliyasi.uz/uz/tarmoqli-marketing/).
Хўш, молиявий пирамидаларни қандай таниб оламиз (афсуски, буни ҳанузгача билмайдиган, аниқроғи билгиси келмайдиган одамлар бор)?
Биринчидан, биров сизга астойдил меҳнат қилмасдан пул топишга чақирса, осонгина пул топиш йўлларини таклиф қилса, шундай ваъдалар берса, дарров ҳушёр тортинг. Агар пул топиш шунақа осон бўлса, ҳамма – эртадан кечгача турли корхоналарда меҳнат қилаётганлар, зиммасига хатарларни олиб, таваккалчилик қилиб бизнес фаолият олиб бораётган минглаб тадбиркорлар аҳмоқ эканда? Йўқ, албатта, улар аҳмоқ эмас, балки иссиқ ўрнини тарк қилмасдан, ётган жойида миллионлаб пул топиш мумкинлигига ишонаётган одам аҳмоқ.
Иккинчидан, ҳеч ким ўзидан ўзи, ҳаётида кўрмаган бегона одамга пул ҳадя қилмайди (дўстларга, қариндошларга, қўшниларга ҳадя қилиш ёки тиланчига садақа қилиши мумкин, лекин бу тамомила бошқа нарсалар). Агар ҳадя қилса ҳам, бунинг ўрнига ҳадя кутмайди. Бу оддий мантиқ.
Бу борада динимиз талабларига қарайдиган бўлсак, бировга ҳадя бериб, бунинг ўрнига бошқа бировдан “ҳадя” кутиш ёки тўлов олиш исломда умуман йўқ. Ҳадя, бу бергандан кейин унутиладиган нарса, қайтиши кутиладиган қарз ёки берилган нарса эвазига бошқа нарса олинадиган тижорат эмас.
Учинчидан (бу асосийси), мусулмон одам дангаса, текин деса ўзини томдан ташлайдиган, гўл ва лақма бўлмаслиги, нафси қаерга етакласа кетавермайдиган, балки бироз бўлса ҳам шубҳа бор нарсалардан тийилувчи, ҳар бир нарсани тафаккур қилиб, шошмасдан қарор қабул қиладиган (шошилиш шайтондан), бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қиладиган бўлиши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, осон пул деса кўзига ҳеч нарса кўринмай қоладиган, меҳнат қилмай катта бойлик орттираман дейдиган, тафаккур қилмайдиган одамлар бор экан, турли молиявий пирамидалар, қимор ва бошқа гардкамчиликка асосланган “бизнес” таклифларнинг янги-янги турлари пайдо бўлаверади.
Мақоламиз якунида бир ҳадисни келтириб ўтишни лозим деб билдик:
Амр ибн ал-Ғавфо ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ҳузурларига чорладилар. У зот мени Абу Суфёнга мол олиб бориб беришга юбормоқчи бўлдилар. У фатҳдан кейин Маккада ўшани Қурайшга тақсимлаши лозим эди. У зот менга:
«Ўзингга соҳиб топ», дедилар.
Бас, Амр ибн Умайя аз-Зомрий олдимга келиб:
«Сен сафарга чиқиш учун соҳиб излаётганинг менга етди, ростми?» деди.
«Рост», дедим.
«Мен сенга соҳибман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Ўзимга соҳиб топдим», дедим.
«Ким?» дедилар.
«Амр ибн Умайя аз-Зомрий», дедим.
«Қачон унинг қавми юртига тушсанг, ундан ҳазир бўл. Туғишганингдан ҳам эҳтиёт бўл, деганлар», дедилар.
Биз йўлга чиқдик. Абвога етган чоғимда у:
«Менинг Ваддондаги қавмимда бир ҳожатим бор. Сен мени шу ерда кутиб тур», деди.
«Яхши бориб кел», дедим.
У кетганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ёдимга тушди. Туямни шиддат билан тезлатиб, у ердан чиқдим. Асофирга етганимда қарасам, у бир тўп одамлар билан йўлимни тўсиб чиқмоқда. Мен тезлаб ўтиб кетдим. Мени қутулиб кетганимни кўрганида улар қайтиб кетди ва у олдимга келиб:
Менинг қавмимда ҳожатим бор эди», деди.
«Яхши», дедим.
Юриб, Маккага етиб бордик ва молни Абу Суфёнга топширдим».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Доимо, хусусан, сафар ва унга ўхшаш ҳолатларда эҳтиёт бўлиш, ҳушёр туриш ва одамларнинг ёмонликларидан ҳазир (эҳтиёт) бўлиш лозим. Айниқса, ҳамсафарлар синалмаган одамлар бўлса, яна ҳам ҳушёр бўлиш лозим экан.
Бу ривоятда зикр қилинган ҳодисалар Амр ибн Умайя аз-Зомрий розияллоҳу анҳу янги мусулмон бўлганларида бўлиб ўтган экан. Кейинчалик у киши мухлис ва улуғ саҳобийлардан бирига айланган эканлар.