ОЛИМНИНГ АСАРЛАРИ:
Абдуллоҳ ибн Муборак кучли эслаб қолиш қобилиятига қарамасдан ҳадисларни ёзиб, китоб тузишдан эринмасди. У 141 ҳижрий санада илм талаби йўлида сафарга чиққан эди ва бу йўлда қирқ йил машаққат чекиб, меҳнат қилди.
Ибн Саъд унинг кўплаб китоблар тасниф этганлиги тўғрисида хабар беради. Албатта, бу китоблардан кўп кишилар фойдаланганлар. Унинг ҳадис китобларида 20 минг ҳадис бўлган. Ибн Муборак ҳадисдан ташқари фиқҳ, тақводорлик, художўйлик ва бошқалар тўғрисида бир неча илмий асарлар ёзган.
Имом Муҳаммад бин Исмоил ал-Бухорий илк ҳадис эшитганда ва Ибн Муборакнинг таснифларини ёд олганда ёш бола эди. Бу ҳақида у шундай деган эди: «Ўн олти ёшга кирганимда эса Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий (736-798) ва Вақийъ ибн ал-Жарроҳ ибн Мулайҳ ар-Равоийнинг (747-814) китобларини тўлиқ ёдлаб олиб, асҳоб ар-раъйларнинг каломларини ҳам билиб олганман. Шундан кейин волидам ва акам Аҳмад билан муборак ҳаж сафарига йўл олдим».
Ибн ан-Надийм «Ҳадис асҳобларини фуқаҳолари ҳақида хабарлар» мавзуси остидаги олтинчи бўлимида қуйидаги китоблар Ибн Муборакнинг китоблари, деб зикр қилади:
1.«Китоб ас-Сунан фил-Фиқҳ» (Фиқҳ қонунлари ҳақида китоб);
2.«Китоб ат-тафсир» (Тафсир китоби);
3.«Китоб ат-тарих» (Тарих китоби);
4.«Китоб ал-бирри вас-сила» (Яхшилик ва меҳрибончилик қилиш китоби);
5.«Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ» (Тақводорлик ва тариқат илми китоби).
Муҳаммад бин Жаъфар Ал-Каттоний Ал-Фосий қуйидаги икки китобни Ибн Муборакнинг китоби деб зикр қилган:
1.«Китоб ал-истеъзон» (Изн сўраш китоби). Бу китоб дурдона китобларидан ҳисобланади.
2. «Китоб ал-жиҳод» (Жиҳод китоби). Муҳаммад бин Жафар бу китоб Ибн Муборакнинг жиҳод тўғрисидаги биринчи тасниф қилган китобидир, деган. (Лейпциг, 320).
Ибн Ал-Жавзий қуйидаги китобни Ибн Муборакники деган:
«Китоб ал-маносик» (Ибодат қоидалари китоби). Ибн Ал-Жавзий бу китобни Куфада таълиф қилган дейди.
Мазкур саккизта китобни Абдуллоҳ ибн Муборак тасниф қилган, лекин мазкур китоблардан олтитаси ҳақида маълумот топилмади. Бу олтита китоб йўқолиб кетган бўлса керак. Булардан «Китоб ал-жиҳод»нинг қўлёзмаси Бруклман зикр қилганидек, ҳозир Лейпциг кутубхонасида 320-рақам билан сақланмоқда. «Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ» китоби эса 1966 йили Ҳиндистондаги «Иҳёул маориф» мажлиси томонидан нашр этилди. Бу китобни Ҳабиб Ар-Раҳмон Ал-Аъзами таҳқиқ қилиб ўрганиб чиққан. Бу китобда ҳикматлар, мавъизалар, масалалар, аҳлоқ-одоб, Аллоҳнинг марҳамати, тавбанинг қабули ҳамда ёлғончилик ва риёни мазаммат қилиш, мусибатга сабр қилишга ўхшаш нарсалар тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ва саҳобалар, тобеинларнинг асарлари жам қилинган.
Дарҳақиқат, Ибн Муборак жиҳод тўғрисида китоб ёзганларнинг биринчиси ҳисобланади.
Ибн Муборак «Китобуз-зуҳд вар-рақоиқ» китобининг кириш қисмида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ибн Аббос ривоят қилган мана шу ҳадисларини келтиради; «Икки неъмат борки, ундан кўп одамлар бепарво бўлиб (сўнгра) ўкинадилар: улар тан-соғлиқ ва бўш вақтдир». Имом Ал-Бухорий ҳам ўзларининг «Жомеъус-Саҳиҳ» тўпламининг кириш қисмида шу ҳадисни келтириб Ибн Муборакдан ибрат олгандек бўлади.
(Давоми бор)