Маълумки ислом шариати ҳалол ва ҳаром масаласига жуда катта эътибор қаратади, шу билан бирга Аллоҳ нозил қилган бошқа китоб – Тавротда ҳам ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Ушбу китобга эътиқод қилувчи яҳудийлар “кошер” деб номланувчи ва биз мусулмонларнинг “ҳалол”га ўхшаш “кашрут” қоидалар тизимига амал қилишади.
“Ҳалол” ва “кошер” тизимининг асосий умумий хусусияти, уни ишлаб чиқаришда диний қонун-қоидаларга амал қилинишидадир.
Бугунги кунда маҳсулотни ҳалоллигини тасдиқлайдиган махсус ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган гувоҳнома-сертификатлар каби яҳудийларда ҳам маҳсулотларни кошерлигини тасдиқловчи гувоҳномалар бўлади.
Яҳудийларни “кашрут” қоидаларига кўра қон, чўчқа, йиртқич қушлар ва ҳайвонлар, ўлакса, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар ва бошқалар истеъмоли таъқиқланган, бу жиҳатдан бу талаблар “ҳалол” билан бир хиллигини кўришимиз мумкин.
Сўйиш жараёнида ҳам ўхшашликлар мавжуд. Иккала ҳолатда ҳам жониворларга нисбатан ғамхўрлик талаб этилади, яъни сўйиш амалиёти ҳайвонга оғриқ бермасдан, жуда ўткир пичоқ билан амалга оширилиши талаб этилади.
Шу билан бирга, “кошер” ва “ҳалол” ўртасида жиддий фарқлар ҳам мавжуд. Масалан “кашрут” қоидаси асосида тайёрланган винолар ҳам бўлади, бу эса “ҳалол” талабларига тамомила зиддир. Зеро, вино ҳам бошқа ҳар қандай “хамр” каби ислом динида қатъийян таъқиқланган маҳсулотлар қаторига киради.
Бундан ташқари, яҳудийлар ўзлари учун қўшимча қийинчилик туғдирувчи қоидаларга амал қилишади (Бақара сурасини ёдга оламиз).
Мисол учун, улар баъзида тухум сариғини ўртасида бўладиган кичкина қон юқини ҳам олиб ташлашади, гўшт билан сут қўшилиб кетса, нафақат ўша таом, балки унинг идиши ҳам ҳаром бўлган ҳисобланади (худди бизда ит ялаган идиш каби), “ҳалол” меъёри талабига кўра мусулмонлар ҳайвонни сўйиш пайтида унинг шоҳтомирни кесиб қонини оқизиш орқали чиқариб ташлашади, “кашрут” қоидалари бўйича эса нафақат ҳайвоннинг қони (худди шу усул билан) чиқариб ташланади, балки унинг нимталанган гўштлари сувга бўктириб қондан тозаланади ва кейин йирик тузга шимдирилади.
Албатта, ҳар бир мусулмон биринчи навбатда “ҳалол” меъёрларига жавоб берадиган маҳсулотларни истеъмол қилиши керак, лекин диндор яҳудийларнинг “кошер” таомлари “ҳалол” меъёрлари талабларига мос келганлиги сабабли ислом уламолари “кошер” таомларнинг истеъмоли мусулмонлар учун жоиз деб хулоса беришган.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш керак, яҳудийларнинг барчаси ҳам “кашрут” қоидаларига амал қилишмайди, шунинг учун мусулмон одам яҳудийларни барча таомларини ўзи учун ҳалол қилиб олиши мумкин эмас, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Моида” сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар (ўлмай туриб ) сўйиб олсангиз, (ҳалол)”.
Ушбу мақолага қўшимча равишда қуйидаги мақола ва савол-жавоблар билан танишиб чиқишингиз мумкин:
https://azon.uz/content/views/ahli-kitob-suygan-hayvonlarning-hukmi-1
https://savollar.islom.uz/s/55866
https://savollar.islom.uz/s/52957