Ислом шариатида қарз деб, пул бўлсин ёки мол бўлсин, сўралаётган нарсани эвазсиз беришга айтилади. Қарз берувчи фазилатли иш қилаётган ҳисобланади ва бунинг учун фақатгина Аллоҳдан ажр-савоб умидида бўлади. Қарз эвазига қандай бўлса ҳам манфаат ёки бирон фойда олиш бу айни рибо ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Қарзга тегишли масалалар ичида араб тилида “бай ад-дайн” деб номланувчи амалиёт мавжуд бўлиб, бугунги кунда баъзи тижорат турлари жараёнида тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Дайн арабчада қарз дегани, бай эса савдо деган маънони билдиради. Агар бирон кишининг бошқасидан қайтариб олиши керак бўлган қарзи бўлса ва уни баъзи бир сабабларга кўра учинчи тарафга сотса, ушбу олди-берди қарз савдоси деб аталади. Ушбу амалиёт бугунги банк-молия тизимида факторинг деб номланадиган амалиётга мос келади.
Қуйида мазкур амалиётни батафсил ўрганамиз ва унинг шаръий ҳукмини билиб оламиз.
Қарз савдоси амалиётини мисолда кўрайлик. Б томоннинг А томондан 1000 сўм қарзи бор (А – қарз берган, Б – қарз олган томон), А томонга нақд пул ҳозир керак бўлиб қолди ва шу сабаб ўзининг Б томондаги 1000 сўм ҳақини учинчи шахс – С томонга 900 сўмга сотиб юборишга қарор қилди. С томон А томонга 900 сўмни бергач, вақти келиб Б томондан 1000 сўм қарзини ундиради. Бундай олди-бердилар анъанавий молияда кўп рўй беради, замонавий тилда буни факторинг дейилади. Фақиҳлар бу каби амалиётни билиттифоқ жоиз эмас дейишган. Сабаби ушбу ҳолатда 1000 сўм 900 сўмга сотиляпти, кейин эса қарзни сотиб олган томон қарздордан 1000 сўм ундиряпти, албатта, бу рибо ҳисобланади. Шофеъий мазҳаби олимлари мазкур савдога бир шарт ила рухсат беришган, у ҳам бўлса қарз савдоси унинг қиймати билан сотиш қиймати тенг бўлгандагина жоиз. Содда қилиб айтганда 1000 сўмлик қарзни фақатгина 1000 сўмга сотиш мумкин, ундан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас.
Аслида ҳам, қарз савдосининг ман қилиниши худди рибонинг ман қилинишининг мантиқий давомидир. Чунки олинадиган қарз молиявий жиҳатдан пулни ифодалайди, пулни пулга айирбошлашда эса бири иккинчисидан ортиқ бўлмаслиги шартдир. Агар орада фарқ юзага келадиган бўлса, бу рибо бўлиб қолади.
Баъзилар маҳсулотни насияга сотганда вужудга келадиган қарз-дайнни учинчи тарафга арзонроққа сотиш қарз савдосига кирмайди, чунки бундай қарз замирида пул эмас балки маҳсулот ётибди, демак, бунга маҳсулот савдосидек қараш керак дейдилар. Аммо ушбу гапнинг қуввати йўқ. Сабаби маҳсулот сотилганда унга боғлиқ барча ҳуқуқлар харидорга ўтади, ҳаттоки насияга сотилган бўлса ҳам. Шундай экан, бу ҳам қарз савдосидир ва шариат бунга рухсат бермайди. Мазкур ҳукмга “Ислом фиқҳ академияси” уламолари ҳам бир овоздан иттифоқ қилганлар.