Refinitivнинг хабар беришича, 2021 йилнинг биринчи ярмида бутун дунё миқёсида чиқарилган сукукларнинг жами ҳажми 100 млрд. долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 88,7 млрд. долларга тенг бўлган эди.
Сукук чиқариш ҳажми жорий йилнинг бошидан буён жуда фаоллашди ҳамда II чоракда биринчи марта 50 млрд. долларлик чизиқдан ўтди. Сукук чиқариш бўйича энг юқори ўсиш Форс кўрфази араб мамлакатлари ва Туркияда кузатилди, хусусан, Саудия Арабистонидаги энг катта нефт компанияси Saudi Aramco 6 млрд. доллар миқдорида сукукларни муомалага чиқарди.
Форс кўрфази араб мамлакатлари ҳукуматлари томонидан чиқарилган сукуклар I чоракда бироз суст бўлган бўлса-да, COVID-19 оқибатларини юмшатиш ва инфратузилма ҳамда иқтисодий тараққиёт лойиҳаларини молиялаштиришни давом эттиришди. Кўрфаз мамлакатлари I чоракда 18,7 млрд. доллар ҳажмига тенг сукуклар чиқарилган бўлса, ўтган 2020 йилнинг шу даврида 22,5 млрд. долларлик сукуклар чиқарилган эди.
Ўтган икки чоракдаги кескин қисқаришдан сўнг Саудия ҳукумати II чоракда сукук чиқариш ҳажмини қарийб икки бараварга оширди. Шу билан бирга, Оман ҳукумати ҳам ўзининг 1,75 млрд. долларлик иккинчи энг йирик сукуки билан Халқаро сукук бозорига қайтди.
Сукук чиқарувчилар | Миқдори (млрд. долларда) |
---|---|
Малайзия ҳукумати/ Марказий банки | 15,77 |
Индонезия ҳукумати/ Марказий банки | 12,72 |
Саудия Арабистони ҳукумати | 9,95 |
The International Islamic Liquidity Management Corporation (IILM), Малайзия | 7,01 |
Saudi Aramco | 6,00 |
Кувайт Марказий банки | 5,31 |
Туркия ҳукумати | 4,20 |
Ислом Тараққиёт Банки | 2,90 |
Maybank Islamic, Малайзия | 2,17 |
Оман ҳукумати | 1,75 |
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳам сукук чиқариш бўйича бир қанча ишлар бошланган эди. Хусусан, 2020 йил 16-июлда Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ислом тараққиёт банки юртимизда «яшил» сукук чиқариш бўйича ўзаро шартнома (Statement of Intent) имзоладилар.
2020 йил 12-октябрда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси оммавий муҳокамага жойлаштирилди.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6207-сон фармонида “Капитал бозоридаги таклифни ошириш ва корпоратив бошқарувни ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида:
мавжуд облигация турларини ипотека қимматли қоғозлари ва «Сукук» облигациялари каби янги турларини жорий этиш орқали диверсификация қилиш;” банди киритилди.
Шунингдек 2021-2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш Дастурини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ» 6-пунктида қуйидагича келтирилган:
Ушбу фармондаги 2021-2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш Дастурини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»га кўра, 2022 йил январ ойи якунига қадар «Сукук» облигацияларини тажриба тариқасида инглиз ҳуқуқи тамойилларини қўллаган ҳолда жойлаштириш чораларини кўриш ва 2022 йил апрель ойи якунига қадар Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифалари қўйилган.