Ислом тараққиёт банки ходими Муҳаммад Маҳир Маннаи AzonTV’га берган интервьюсида Ислом молиясининг пайдо бўлиши, асослари ва афзалликлари ҳақида сўзлаб берди.
БМТ Тараққиёт дастури Ислом молияси мавзусида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кенг кўламли сўровнома ўтказди. Аҳоли ўртасида 5000 киши, 2200 ортиқ корхоналар ва 27 та тижорат банки ислом молиясини Ўзбекистонда жорий қилиш бўйича саволларга жавоб беришди. Аҳоли вакилларининг 75%, тадбиркорлар ва корхоналарнинг эса 60% Ўзбекистонда Ислом тамойиллари асосида фаолият олиб борадиган банк ва молия муассасалари ташкил этилса, уларнинг мижози бўлиш истаги борлигини билдирган. Сўровнома қатнашган тижорат банкларининг 80% бу йўналишга талаб катталигини ва бундай хизматларни жорий қилиш истаги борлигини эътироф этганлар.
Ушбу мақолада Ислом тараққиёт банки ходими Муҳаммад Маҳир Маннаи фикрлари билан танишасиз.
Ислом молиясининг пайдо бўлиши ва унинг дунёдаги ривожланиш босқичлари
— Ислом молиясининг барча асослари имом Бухорий ва имом Муслимлардан келган ҳадислардан олинган. Улар бу ҳадисларнинг барини жамлаб бир саҳиҳ китоб ҳолига келтириш учун кўп меҳнат сарфлашган бўлиб, Ислом молияси шуларнинг устига қурилган.
Маълумки, Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки ва Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорациясига аъзо саналади, бизнинг вазифамиз ташкилотга аъзо мамлакатларда хусусий тармоқни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шунингдек, биз ислом молияси механизмлари ва молия маҳсулотлари орқали фаолият юритишимиз туфайли, давлатларда Ислом молиясини ривожлантириш ҳам мақсадимиздир. Кичик ва ўрта бизнес учун имкониятлар яратиш ва ташкилотимиз таклиф қилаётган хизматлардан фойдалана олишлари учун Ислом молияси инфратузилмасини яратиш ҳам устувор ғоямиздир.
Ислом молияси Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам мавжуд бўлган бўлиб, бу янги нарса эмас. Бироқ Ислом банки тушунчаси янги бўлиши мумкин, чунки Ислом молияси ғояларини Ислом банкига татбиқ қилиш учун бир қатор ишларни амалга ошириш талаб қилинади.
Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг ўз банк қонунлари, низомлари, ҳуқуқий тизими мавжуд. Биз мана шу ҳуқуқий меъёрларни ҳурмат қилган ҳолда ислом молиясига татбиқ этиш учун қонунчиликка қандай ўзгаришларни киритиш кераклигини кўрсатишимиз керак. Бу ишни биз ҳозирда ташкилотимизга аъзо барча давлатларда амалга оширишда кўмаклашиб келяпмиз.
Ислом молияси қадимдан барча мусулмонлар турмуш тарзининг бир қисми бўлган. Ислом молияси асосида иш юритиш доимо табиий ҳол ҳисобланган. Ҳозирги кунимизга келиб эса бунинг акси бўлиб қолгандек ва биз буни мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар яна табиий ҳолга айлантириш учун ҳаракат қиляпмиз.
Ислом банки нима? Ислом банклари текинга маблағ ажратадими?
— Кўпчилик одамлар бунда Исломга кўп урғу берадилар-да, лекин банк фаолиятини эсдан чиқарадилар. Банк эгалари мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъи назар, барчаси фойдани кўзлайди, чунки сармоя киритишдан мақсад фойда топишдир. Ислом банки маҳсулоти улар учун молиявий маҳсулот ҳамдир ва бизга мактаб ва университетларда ўргатилганидек, барча молиявий маҳсулотларда даромад ва хатар боғлиқлиги бор.
Хуллас, Ислом молияси аслида шунчаки текин маблағларни жалб қилиш дегани эмас. Аммо унда биз “қарзул ҳасан” деб атайдиган хизмат тури мавжуд. Баъзида банклар, баъзи тоифадаги одамлар, мисол учун пули йўқ ёки молиявий имкониятлари чекланган одамларга фойдасидан бир қисм ажратиб, уларни ёрдам билан таъминлайди ва бунга “қарзул ҳасан”, яъни “яхши қарз” дейилади. Албатта, бу амалиётнинг кўлами бироз чекланган бўлиб, у кам сонли одамларгагина тақдим этилади ва асосий фаолиятида Ислом банклари фойдани кўзлайди.
Ислом молиясида фойда даражаси биринчи кунданоқ аниқ бўлади ва вақт ўтиши билан фоизлар ҳисобига кўпаймайди. Шунингдек, Ислом молияси МДҲ давлатлари ва Ўзбекистонда кузатилган валютанинг қадрсизланиши каби одамларни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин. Ўзингиз биласиз, анъанавий молияда фоизлар бозор ҳолати билан бир йўсинда ўсади. Бироқ Ислом молиясида биринчи кунданоқ фойда равшан, яъни энг бошида фойда даражаси белгилаб олинади ва кейинчалик ўзгартирилмайди. Мисол учун, муробаҳа шартномасини олайлик. Унда актив юз долларга сотиб олинади ва худди шу актив сизга бир юз эллик долларга сотилади, менга эса эллик доллар фойда қолади. Сиз бу фойда миқдорини ўзгартира олмайсиз. Бу олди-берди вақтга ва пулга боғлаб қўйилмаган. Бу шунчаки савдо-сотиқ келишувидан тушадиган фойда ҳисобланади.
Музаффар Ҳусниддинов суҳбатлашди.
Манба: Azon.uz ахборот-таҳлилий портали