Сўнгги йилларда сунъий тафаккур (AI) молия соҳасида жадал ривожланаётган технологиялардан бирига айланди. Банклар ва молиявий муассасалар ундан мижозларни таҳлил қилиш, хатарларни баҳолаш, фирибгарликни аниқлаш, комплаенс (мувофиқлик) жараёнларини автоматлаштириш ва хизматлар сифатини оширишда фойдаланмоқда.
Ислом молиясида эса сунъий тафаккурнинг аҳамияти янада кенгроқ масалани қамраб олади. Чунки бу соҳада молиявий қарорнинг самарадорлиги билан бир қаторда унинг Шариат тамойилларига мувофиқлиги, адолатлилиги, шаффофлиги ва жамият манфаатларига хизмат қилиши ҳам муҳим ҳисобланади.
2026-йилда Muhammad Syauqi Bin-Armia ва Yessen Kambakov томонидан эълон қилинган тадқиқот айнан шу масалага эътибор қаратади. Муаллифлар сунъий тафаккурни оддий технологик янгилик сифатида эмас, балки ислом молиясидаги Шариат бошқаруви тизимини ўзгартириши мумкин бўлган институционал омил сифатида кўриб чиқадилар.
Сунъий тафаккур ислом молиясига нимани олиб келади?
Анъанавий молияда сунъий тафаккур асосан тезкорлик ва самарадорликни ошириш воситаси сифатида қаралади. Масалан, банк AI ёрдамида минглаб мижозларнинг маълумотларини қисқа вақт ичида таҳлил қилиб, уларнинг молиявий хатарини баҳолаши мумкин.
Ислом молиясида эса савол бироз бошқача қўйилади:
AI нафақат “қайси қарор самарали?” деган саволга, балки “қайси қарор Шариат ва ахлоқий тамойилларга мувофиқ?” деган саволга ҳам хизмат қила оладими?
Тадқиқотнинг асосий ғояси шундаки, сунъий тафаккурдан фойдаланиш ислом молиясидаги мавжуд бошқарув механизмларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Хусусан, Шариат назорати фақат тайёр маҳсулотни тасдиқлаш билан чекланиб қолмаслиги, балки AI тизимининг бутун ҳаёт жараёни (цикли) — лойиҳалаш, ишга тушириш, фойдаланиш ва мониторинг босқичларини қамраб олиши лозим.
Шариат бошқаруви: “кейин текшириш”дан “доимий назорат”га
Ислом молиясида янги молиявий маҳсулот ишлаб чиқилганда унинг Шариатга мувофиқлиги текширилади. Анъанавий ёндашувни шартли равишда қуйидагича ифодалаш мумкин:
Маҳсулот ишлаб чиқилади → Шариат нуқтаи назаридан текширилади → тасдиқланади → бозорга чиқарилади.
Бироқ AI асосида ишлайдиган молиявий тизимларда қарорларни алгоритмлар ҳам қабул қилиши ёки уларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Масалан, AI:
- мижознинг молиялаштириш лаёқатини баҳолайди;
- хатар даражасини аниқлайди;
- шубҳали амалиётларни аниқлайди;
- инвестиция шакл (вариант)ларини саралайди;
- мижозларга молиявий тавсиялар беради.
Бундай шароитда фақат тайёр маҳсулотни текшириш етарли эмас. Алгоритмнинг ўзи қандай ишлаши, қандай маълумотлардан фойдаланиши ва қандай қарорга келиши ҳам назорат қилиниши зарур.
Шу сабабли муаллифлар Шариат талабларини сунъий тафаккур тизимига бошиданоқ сингдиришни таклиф қиладилар. Бунда Шариатга мувофиқлик алгоритм тайёр бўлгандан кейин текшириладиган талаб эмас, балки уни яратиш ва ишлатиш жараёнининг барча босқичларида назорат қилиб бориладиган тамойил бўлади.
AI қандай қиймат яратиши мумкин?
Сунъий тафаккурнинг ислом молиясидаги имкониятлари кенг.
Биринчидан, операцион самарадорлик ошиши мумкин. Катта ҳажмдаги маълумотларни инсонга нисбатан тезроқ қайта ишлаш орқали банк харажатлари ва вақт сарфи камайиши мумкин.
Иккинчидан, молиявий хатарларни баҳолаш яхшиланади. AI турли маълумотларни бирлаштириб, мижоз ёки операция билан боғлиқ хатарларни аниқлашга ёрдам беради.
Учинчидан, молиявий иштирок (инклюзия) кенгайиши мумкин. Илгари банк хизматларидан етарлича фойдалана олмаган аҳоли қатламларига рақамли технологиялар орқали янги хизматлар таклиф этилиши мумкин.
Тўртинчидан, AI Шариатга мувофиқлик (комплаенс) ва мониторинг жараёнини автоматлаштиришга ёрдам беради. Масалан, катта ҳажмдаги амалиётларни автоматик равишда таҳлил қилиб, шубҳали ҳолатларни молия муассасаси мутахассисига тақдим этиши мумкин.
Бироқ муаллифлар AIнинг ушбу афзалликлари автоматик равишда пайдо бўлмаслигини таъкидлайдилар. Технологиянинг натижаси, аввало, унинг қандай бошқарилишига боғлиқ.
Explainable AI – “Тушунтириладиган AI ёки Тушунтириб берадиган сунъий тафаккур” нима учун муҳим?
Ислом молиясида энг муҳим масалалардан бири — шаффофлик.
Тасаввур қилайлик, банк AI тизими мижознинг молиялаштириш бўйича аризасини рад этди. Агар банк ходими ҳам алгоритмнинг нима сабабдан бундай қарор чиқарганини тушунтира олмаса, ишонч муаммоси пайдо бўлади.
Шу ерда Explainable AI концепцияси муҳим аҳамият касб этади.
Яъни AI:
“Менинг қарорим шу”, демаслиги, балки, “Мен бу қарорга мана шу маълумотлар ва мана шу мезонлар асосида келдим”, деб тушунтира олиши керак.
Бу нафақат техник, балки Шариат нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Чунки шаффофлик, адолат ва масъулият ислом молиясининг муҳим қадриятларидандир.
Инсон назорати йўқолмаслиги керак
Тадқиқотда алоҳида эътибор берилган масалалардан бири — human-in-the-loop, яъни инсон омилининг қарор қабул қилиш жараёнида сақланиб қолиши.
AI катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиши, тавсия бериши ва хатарларни аниқлаши мумкин. Аммо у инсоннинг ахлоқий мулоҳазаси ва Шариат бўйича экспертизасини тўлиқ алмаштирмаслиги керак.
Энг мақбул модел қуйидагича бўлиши мумкин:
AI → маълумотларни таҳлил қилади → тавсия беради → инсон мутахассис текширади → якуний қарор қабул қилинади.
Бу ерда AI — қарор қабул қилувчи ягона субъект эмас, балки инсонга ёрдам берувчи интеллектуал восита вазифасини бажаради.
Муаллифлар ҳам технология ривожланиши натижасида ахлоқий мулоҳаза ва институционал масъулият сусайиб кетмаслиги зарурлигини таъкидлайдилар.
AI билан бирга янги хатарлар ҳам пайдо бўлади
Сунъий тафаккур ислом молияси учун янги имкониятлар яратиши билан бирга, янги хатарларни ҳам юзага келтиради.
1. Алгоритмнинг “қора қути” муаммоси
AI қандай қилиб у ёки бу қарорга келганини тушуниш қийин бўлиши мумкин. Бу шаффофлик ва ҳисобдорликка салбий таъсир кўрсатади.
2. Маълумотлардаги бирёқлама ёндашув
AI ўзи ўрганган маълумотлардаги камчиликларни такрорлаши мумкин. Агар маълумотларда адолатсизлик мавжуд бўлса, алгоритм ҳам адолатсиз қарор чиқариши эҳтимоли бор.
3. Ҳисобдорлик муаммоси
AI нотўғри қарор қабул қилса, ким жавобгар бўлади?
Дастурчими? Банкми?, AI тизимини ишлаб чиқувчими? Шариат кенгашими?
Бу саволларга аниқ жавоблар ишлаб чиқилиши зарур.
4. Ишонч муаммоси
Мижозлар молиявий қарорларнинг қандай қабул қилинаётганини тушунмаса, технологияга нисбатан ишонч пасайиши мумкин.
Муаллифлар айнан алгоритм шаффофлиги, маълумотлардаги бирёқлама ёндашув ва ҳисобдорликдаги бўшлиқларни AI билан боғлиқ янги Шариат хатарлари сифатида кўрсатадилар.
AI ва Мақосид аш-Шариа
Мақоланинг яна бир муҳим жиҳати — сунъий тафаккурни Мақосид аш-Шариа нуқтаи назаридан баҳолаш имконияти.
Ислом молияси технологияни ўз-ўзича мақсад сифатида эмас, балки инсон ва жамият фаровонлигига хизмат қилувчи восита сифатида қабул қилиши керак.
Шунинг учун AI жорий этилаётганда қуйидаги саволлар муҳим:
- У адолатни кучайтирадими?
- Молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирадими?
- Мижоз ҳуқуқларини ҳимоя қиладими?
- Маълумотларнинг махфийлигини таъминлайдими?
- Хатарларни камайтирадими?
- Инсоннинг масъулиятини сусайтирмайдими?
Агар AI иқтисодий самарадорликни оширса-ю, бир вақтнинг ўзида адолат ва шаффофликни бузса, унинг ислом молиясидаги қиймати савол остида қолади.
Демак, технологик самарадорликнинг ўзи етарли эмас; у ахлоқий ва Шариат мезонлари билан уйғун бўлиши керак.
Ислом молиясида Шариат аудитининг келажаги
AI Шариат аудитида ҳам катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Анъанавий аудитда инсон мутахассиси маълум бир даврда амалга оширилган амалиётларни танлаб текширади. AI эса катта ҳажмдаги амалиётларни автоматик равишда таҳлил қилиши мумкин.
Масалан:
миллионлаб транзакциялар → AI таҳлили → шубҳали амалиётлар → Шариат аудитори текшируви.
Бундай тизим Шариат назоратини даврий текширувдан узлуксиз мониторинг моделига яқинлаштиради.
Бироқ бу ерда ҳам AI аудиторни тўлиқ алмаштириши эмас, балки унинг имкониятларини кенгайтириши муҳим.
Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга?
Кўриб чиқилган масала Ўзбекистон учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Чунки мамлакатда ислом молияси институционал жиҳатдан шаклланиб бораётган бир пайтда рақамли технологиялар билан Шариат бошқарувини биргаликда ривожлантириш имконияти мавжуд.
Келажакда Ўзбекистонда рақамли ислом банки ёки исломий финтех платформаси ташкил этилса, қуйидаги моделдан фойдаланиш мумкин:
1. AI — мижоз ва молиявий маълумотларни таҳлил қилади.
2. Шариат фильтри — амалиётларнинг Шариат талабларига мувофиқлигини текширади.
3. AI — хатарларни баҳолайди ва тавсия беради.
4. Explainable AI — қарор сабабини тушунтиради.
5. Шариат мутахассиси ва банк ходими — якуний назоратни амалга оширади.
6. AI — кейинги амалиётларни узлуксиз мониторинг қилади.
Бундай ёндашувда технология ва Шариат бир-бирига рақиб эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи механизмларга айланади.
Хулоса
Сунъий тафаккур ислом молияси учун катта имкониятлар эшигини очмоқда. У амалиётларни тезлаштириши, хатарларни аниқлаши, молиявий иштирокни кенгайтириши ва Шариат комплаенси мониторингини автоматлаштириши мумкин.
Хуллас, “AIдан фойдаланиш керакми?” деган савол асосий эмас, балки “AIдан қандай қилиб Шариат, адолат, шаффофлик ва инсон масъулиятини сақлаган ҳолда фойдаланиш мумкин?” деган савол асосий.
2026 йилги ушбу тадқиқотнинг энг муҳим хулосаси ҳам шундан иборат: сунъий тафаккурнинг ислом молиясидаги таъсири технологиянинг ўзига эмас, балки уни бошқариш сифатига боғлиқ. Шунинг учун келажакда ислом молияси муассасалари учун фақат AI стратегияси эмас, балки AI + Шариат бошқаруви + этика + хатарларни бошқаришни бирлаштирган яхлит тизим зарур бўлади.
Фойдаланилган асосий манба
Bin-Armia, M. S., & Kambakov, Y. (2026). Artificial Intelligence and Shariah Governance in Islamic Finance: Institutional Design, Value Creation, and Risk Management. SUKUK: International Journal of Banking, Finance, Management and Business, 5(1), 49–61 (мақола 2026 йил 10 январда эълон қилинган).
@IslomMoliyasi
[1] https://sukukjournal.org.uk/index.php/sukuk/article/view/79