Халқаро эксперт Хондамир Нусратхўжаев ислом банкларига оид қонун қабул қилингач улар фаолиятини қандай хатарлар кутаётгани ҳамда тўлақонли тизимга айланиши нималарга боғлиқлигини тушунтириб берди.
Сенат Ўзбекистонда ислом банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонунни маъқуллади. Қонун билан Марказий банкка ислом молияси меъёрларини тасдиқлаш, лицензия бериш ва Ислом молияси кенгашларини ташкил этиш ваколатлари берилмоқда.
Банклар алоҳида лицензия асосида тўлиқ ёки параллел тарзда исломий ва анъанавий банк хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади. Ислом молияси амалиётлари учун солиқ имтиёзлари жорий этилиб, айрим операциялар фоизли даромадларга тенглаштирилади. Шунингдек, ислом банклари учун ташқи аудит, омонатларни кафолатлаш ва лицензия божи бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда.
Янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасига кўра, ислом молиясининг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда камида учта банкда ислом молия хизматларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров учта давлат банкида ислом молияси мажбурий тартибда, қолган банкларда эса ихтиёр асосида жорий этилишини маълум қилди. Бироқ бундай банклар рўйхати ҳали тасдиқланмаган ҳамда қарор уларнинг тайёргарлиги ва хоҳишидан келиб чиқиб қабул қилинади.
2030-йилга бориб ислом молияси “дарчалари” учта эмас, балки 5−6 та банкда очилиши ёки бозорда бир нечта тўлиқ ислом банклари пайдо бўлиши мумкин. Носировнинг фикрича, бу йўналишга қизиқиш юқори бўлиб, жараёнда нафақат давлат, балки хусусий банклар ҳам фаол иштирок этишга тайёр.
Ислом молияси бўйича халқаро эксперт ва AAOIFI кенгаши аъзоси (2016−2024) Хондамир Нусратхўжаев Spot учун ёзган мақоласида қонун қабул қилингандан сўнг ислом банк фаолиятини қандай хатарлар кутаётгани ва янги модел тўлақонли тизимга айланиши нималарга боғлиқлигини тушунтирди.
Бундан ташқари, эксперт аввалроқ ислом банк тизимини жорий этишга нималар тўсқинлик қилаётгани, тизим атрофида қандай афсоналар юриши ҳамда ислом банклари нимадан даромад олиши масалаларини таҳлил қилганди.

Хондамир Нусратхўжаев,
Ислом молияси бўйича халқаро эксперт, AAOIFI кенгаши аъзоси (2016−2024), Ислом молиясиТелеграм-канали муаллифи
Исломий банк фаолияти тўғрисидаги қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши Ўзбекистон молия тизими учун муҳим институционал қадам бўлди. Бу ислом молия муассасалари яқин келажакда назарий қарашлардан амалий воқеликка ўтишини англатади.
Ҳозирги пайтнинг энг муҳим хусусияти иккита омил: аниқ ифодаланган сиёсий ирода ва “пастдан”, аҳоли ва бизнес томонидан барқарор талабнинг бир-бирига камдан-кам ҳолда мос келишидан иборат. Айнан шундай уйғунлик тарихан муваффақиятли таркибий ислоҳотларнинг катализатори бўлиб хизмат қилган.
Бироқ халқаро тажриба қонун қабул қилиниши шунчаки бошланғич нуқта эканлигини кўрсатиб турибди. Асосий қаршиликлар ва хатарлар меъёрий база кучга киргандан сўнг юзага келади.
Ислом банк фаолияти Ўзбекистонда тўлақонли тизим бўладими ёки анъанавий моделга қўшимча бўлиб қоладими — бу ислом молиясининг амалиётга жорий этилиши, назорат қилиниши, инфратузилмаси қандай йўлга қўйилиши/шаклланишига боғлиқ.
Тартибга солиш ва кадрлар тайёрлаш
Биринчи ва энг муҳим босқич — қонуности ҳужжатлари ва тартибга солувчи йўриқномаларни ишлаб чиқиш. Қонун умумий доирани белгилаб беради, бироқ тизимнинг кундалик ишлаши айнан иккиламчи тартибга солиш орқали шаклланади: лицензиялаш, ҳисобот бериш, капиталга қўйиладиган талаблар, хатарларни бошқариш, инвесторлар ва хизмат истеъмолчиларини ҳимоялаш, назорат тартиби ҳамда шариатга асосланган корпоратив бошқарув.
Марказий банкнинг институционал тайёргарлиги алоҳида аҳамиятга эга. Ислом банк фаолияти бошқача бизнес моделни, даромадни шакллантириш, фойда ва хатарларни тақсимлаш тамойилларини назарда тутади. Ихтисослашган функциялар ва тайёрланган ходимларсиз назорат тўлақонли бўлмаслиги муқаррар, бу эса тизимли ва обрўга путур етказувчи хатарларни келтириб чиқариши мумкин.
Ислом молиясининг муваффақиятли ривожланишидаги ҳал қилувчи шартлардан бири тўлақонли ва амалий натижа берадиган корпоратив бошқарувнинг мавжудлигидир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ислом молия муассасасида шунчаки “махсус кенгаш”нинг мавжудлиги ислом молияси тамойилларига ҳақиқатан ҳам мувофиқликни кафолатламайди.
Ислом молияси маҳсулотлари бўйича қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартиб-таомиллари, уларнинг мажбурийлиги, лозим даражада ҳужжатлаштириш, мустақил аудит ва номувофиқлик хатарларини тизимли бошқариш ўта муҳим.
Шу жиҳатдан Марказий банкни ҳал қилувчи аҳамияти бор — айнан регулятор меъёрларни белгилайди, институционал интизомни таъминлайди ва ислом молияси тамойилларига мувофиқлик масаласига расмий (яъни юзаки) ёндашувнинг олдини олади. Бир қатор мамлакатлар, хусусан, БАА тажрибаси ислом молиясида бошқарувининг кучли марказлашган модели обрў-эътибор (репутация) хатарларини сезиларли даражада камайтириши ва ислом банк тармоғига бўлган ишончни оширишини кўрсатмоқда. Қисқа муддатли тренинглар ва тарқоқ семинарлар ислом банк-молия экотизимини шакллантира олмайди. Ислом молиясини академик таълимга, жумладан, университет дастурларига тизимли интеграция қилиш, шунингдек, банкирлар, юристлар, аудиторлар ва регуляторлар учун халқаро миқёсда тан олинган малака, тажриба ва билимлар асосида профессионал таълимни ривожлантириш зарур. Бундан ташқари, ислом молияси соҳасидаги билим ва компетенция даражаси банкирларнинг ўзлари ва бошқарув жамоалари учун ўлчанадиган профессионал кўрсаткич (KPI)га айланиши керак. Билим ва масъулият институционал равишда мустаҳкамланмаса, ислом банк фаолияти чуқур мазмун ва сифатга эга бўлмаган юзаки йўналиш бўлиб қолиш хавфи мавжуд. Истеъмолчилар ва инвесторларни ҳимоялаш ислом банк фаолиятини жорий қилиш босқичидаги ўта муҳим чақириқлардан бири истеъмолчилар ва инвестицион омонатчилар, айниқса, етарли билим, ахборотга кириш ёки маҳсулот шартларига таъсир ўтказиш имконига эга бўлмаган мижозларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Ислом молия муассасалари расман ислом молияси талабларига мос келадиган, аммо айни пайтда шаффоф бўлмаган хатарлар ва чиқимларни мижозлар зиммасига юклайдиган маҳсулотлар яратмаслигини регулятор томонидан таъминлаб берилиши жуда муҳим. Маҳсулотнинг иқтисодий моҳияти, даромаднинг тузилиши, барча хатарлар, воситачилик ҳақлари, тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид ахборотни тўлиқ ва тушунарли тарзда очиб беришга қўйиладиган талаблар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, қуйидагиларни ишлаб чиқиш муҳим:
- стандартлашган ҳужжатлари;
- низоларни ҳал қилишнинг муқобил механизмлари;
- омонатчиларни ҳимоя қилиш чоралари.
Солиқлар ва ликвидлик
Солиқ режими ислом молияси кенг кўламда ёйилишининг таянч омили ҳисобланади. Солиқ бетарафлиги бўлмаса, исломий маҳсулотлар ўзларининг анъанавий рақобатчиларига нисбатан қимматроқ бўлиши муқаррар. Тенг шароитлар яратиш афзаллик эмас, балки рақобатбардошликнинг зарур шартидир. Ислом банклари ликвидликни бошқаришнинг ўзига хос муаммосига дуч келишмоқда. Анъанавий пул бозори воситаларининг аксарияти улар учун мавжуд эмас. Рухсат берилган ликвидлик воситалари ишлаб чиқилмаса, банклар заиф бўлиб қолади ёки чекланган конструкциялардан фойдаланишга мажбур бўлади. Шу боис, қуйидагиларни шакллантириш муҳим вазифа ҳисобланади:
- қисқа муддатли ликвидликнинг рухсат этилган воситалари;
- банклараро ўзаро ҳамкорлик механизмлари;
- кўпинча сукук бозори билан боғлиқ бўлган юқори ликвидли активлар.
Капитал бозори ва облигациялар
Агар мақсад шунчаки ислом банкларини ишга тушириш эмас, балки тўлақонли ислом молия тармоғини шакллантириш бўлса, капитал бозорларини ривожлантириш стратегик жиҳатдан зарурдир. Сукук бу ерда энг муҳим ўрин тутади ва бир вақтнинг ўзида бир нечта функцияларни бажаради:
- узоқ муддатли молиялаштириш;
- ликвидлик воситаси;
- институционал инвесторлар учун база.
Бунинг учун қуйидагилар талаб қилинади:
- сукук чиқариш учун ҳуқуқий инфратузилма;
- эмитентлар ва инвестиция агентлари базасини шакллантириш;
- ички инвестицион талабни ривожлантириш.
Капитал бозорисиз ислом банк фаолияти чекланиб қолиши шубҳасиз.
Ўзига хослик ва экотизим
Ислом молиясининг энг нозик жиҳатларидан бири — унинг ҳақиқий ўзига хослигини сақлаб қолишдир. Асосий хавф шундаки, ташқи кўринишидан исломий бўлса-да, моҳиятан анъанавий молиявий маҳсулотларга ўхшаш ечимлар пайдо бўлиши мумкин. Бу эса нафақат алоҳида институтлар, балки бутун соҳа учун жиддий репутацион хатар туғдиради. “Мазмун шаклдан муҳимроқ” тамойилини сақлаб қолиш қуруқ гап бўлиб қолиб кетиши керак эмас, балки операцион стандартга айланиши шарт.
Тарихан ислом молияси ҳақиқий иқтисодий фаолликни, тадбиркорликни ва хатарларни адолатли тақсимлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Уларнинг вазифаси нима қилиб бўлсада банк фойдасини максималлаштириш ёки самарасиз истеъмол қарзларини кўпайтириш, буни рағбатлантириш эмас, балки барқарор, масъулиятли молиявий муҳит яратишдир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, банклар атрофида экотизим юзага келган жойда барқарор ислом молия марказлари шаклланади: юридик ва консалтинг фирмалари, аудит, медиа, таҳлил марказлари, таълим платформалари.
Айнан шундай муҳит стандартларни қўллаб-қувватлаш, мунозарани ривожлантириш ва сифат пасайишининг олдини олиш имконини беради. Нималар кутилмоқда? Ўзбекистон бугун ноёб имкониятлар даврини бошдан кечирмоқда. Ислом банк фаолияти ва молияси шунчаки янги йўналиш бўлиб қолмай, мамлакат ва минтақа молия архитектурасининг стратегик элементига айланиши мумкин. Аммо муваффақият ишга тушириш тезлиги билан эмас, балки институционал дизайн сифати, чуқур тушуниш ва мақсаднинг аниқлиги билан белгиланади.
Манба: https://www.spot.uz/oz/2026/02/09/islamic-finance/
@IslomMoliyasi