Ҳар учинчи ишлайдиган ўзбекистонлик камида битта кредитга эга — Марказий банк
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳолининг учдан бир қисми кредитга эга (яъни ҳар учинчи ишлайдиган ҳамюртимиз камида битта кредитга эга).
1-июнь ҳолатига кўра, 5,18 млн.дан ортиқ киши мамлакат банкларида кредит расмийлаштирган. Шундан қарз олувчиларнинг 27%ида (1,4 млн жисмоний шахс) икки ва ундан ортиқ кредит мавжуд.

2020-йилдан бошлаб уч ва ундан ортиқ кредитга эга бўлган қарз олувчиларнинг улуши икки бараварга ошган — умумий миқдорнинг 5%идан 11%игача.

Бундан ташқари, 2-июлдан бошлаб Марказий банк синов тариқасида кредит турлари бўйича банкларнинг ўртача фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишни бошлади.
Масалан, 1-июль ҳолатига автокредитлар бўйича ўртача ставка 24,1% ни, микроқарзлар бўйича эса 34,9% ни ташкил этган (маълумотлар Марказий банкнинг Кредит ахбороти давлат реестри базаси асосида шакллантирилган).
“Фуқаролар турли банклар таклифини осон таққослаб, ўзлари учун энг маъқулини белгилай олади. Бозордаги маълумотларнинг ноаниқлиги камаяди, шаффофлик ошади, танлов имкониятлари кенгаяди”, — дея тушунтирди регулятор.
Энг қиммат автокредитлар Ҳамкорбанк (29%), Мадад Инвест Банк ва ИнфинБанк (ҳар бири 28% дан) ҳиссасига тўғри келади.
Энг қиммат микроқарзларни Апехбанк (40%), ТБC банк (39,1%) ва Тенге банк (39%) тақдим этади.

Манба: @centralbankuzbekistan
“Ислом молияси”дан изоҳ: қарзи бор диёнатли ва билимли одамнинг шу қарзни ёпишдан бошқа ташвиши бўлмайди, яъни у қарзини ёпишдан бошқа нарсани ўйламайди, қарзини тўламагунча еган-ичгани ичига тушмайди. Агар фоизли кредит олган бўлса, рўзғоридан барака учади, топгани етмайди, дарди-фикри пул топиш бўлиб қолади, лекин ишида самара бўлмайди… ва албатта, у бундан сиқилади… Қарзи бор, лекин ўзи билимсизроқ ва диёнатсизроқ одам-чи… ундай одам секин-аста ваъдабоз, белафз, ёлғончи, товламачи-фирибгарга айланади, чунки бошида олинган қарзни/кредитни қайтаришга билимсизлиги ёки дангасалиги туфайли астойдил ҳаракат қилмайди, қарз/кредитни қайтариш муддати келганда (ҳақдор талаб қилганда) эса бошқа жойдан қарз олиб ёпади (қўпол қилиб айтганда унинг дўпписини бунга кийгазади). Икки-уч йил шу тариқа давом этиб, қарз/кредит 2-3 баробарга кўпайиб кетади. Кейин у қарзни/кредитни ёпишни ўйламай қўяди ва муаммони ҳал қилишни бошқа (ноқонуний) йўлларига ўтади..
Аслида, қарз / кредитларни олишга инсонни асосан кучли эҳтиёж эмас, балки ҳавои нафс ундайди. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ҳавои нафсни қоралаган ва унга эргашишни унга ибодат қилиш каби деб айтган: “Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми?!” (Фурқон сураси, 43-оят).