ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Меъёрнинг матни
3. Истисна мавзуси (предмети) ва унинг кафолатлари:
3/2 Истисна шартномасида нарх:
3/2/1 Истисна нархи шартнома тузилаётган пайтда маълум бўлиши шарт. Нарх пул шаклида, ёки актив (моддий нарса/ашё) кўринишида ёки бирор активдан маълум муддат фойдаланиш ҳуқуқи (манфаат) шаклида бўлиши мумкин — бундай манфаат бошқа бирор активдан олиниши ёки ишлаб чиқариладиган (яъни буюртма берилган) активдан олинадиган манфаат бўлиши ҳам мумкин. Ушбу охирги шакл, айниқса, расмий идоралар қурувчи ёки ишлаб чиқарувчи компанияга ер ёки қандайдир активларни концессия шартномалари орқали (яъни мақсадли равишда) бериб, турли лойиҳаларни Build Operate Transfer (BОТ) (яъни Қур/Тайёрла – Бошқар – Ўтказиб бер) модели воситасида амалга ошириши учун мос келади.
3/2/2 Истиснадаги нархни кечиктириб тўлаш ёки келишилган (белгиланган) муддатларда бўлиб тўлаш жоиз, шунингдек бошланғич тўлов (бўнак)ни олдиндан тўлаб, қолган тўловларни маҳсулотининг қисмлари топшириладиган саналарга мувофиқ равишда тўлаб бориш ҳам жоиз. Даврий тўловларни ишнинг бажарилиш босқичларига боғлаб қўйилиши, агар ушбу босқичлар урфга кўра аниқ белгиланган бўлиб, улар бўйича ҳеч қандай низо келиб чиқмайдиган бўлса, жоиз ҳисобланади.
3/2/3 Агар ишлаб чиқариш ёки қурилиш жараёни босқичларга бўлинган бўлса, ёки тўловлар ишнинг бажарилиш босқичларига қараб белгиланган бўлса, у ҳолда ишлаб чиқарувчи ёки пудратчи, ҳар бир босқич шартномада белгиланган тавсифга мувофиқ бажарилган тақдирда, харидордан шу босқич учун тўлов талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
3/2/4 Истисна бўйича тижорат таклифларида нархлар етказиб бериш муддатидаги фарққа қараб турлича бўлиши мумкин. Бир неча таклифлар (нархлар) бўйича музокара олиб боришга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, бироқ низога сабаб бўладиган ғарарга (мавҳумлик/ноаниқлик) йўл қўймаслик учун шартнома тузилаётган пайтда ўша нархлардан бирини танлаш шарт.
3/2/5 Истисна битимини Муробаҳа асосида тузиш, яъни нархни таннарх + маълум фойда кўринишида белгилаш жоиз эмас.
3/2/6 Агар муассаса томонидан маҳсулотни ишлаб чиқариш учун сарфланган ҳақиқий харажатлар дастлабки тахмин қилинган харажатлар режасидан кам чиқса ёки молия муассасаси буюртмачи-мижоз билан келишувни амалга ошириш учун тузган параллел Истиснада муассаса фойдасига ишлаб чиқарувчи томонидан чегирма тақдим этилса, муассаса шартномада кўрсатилган нархни камайтиришга мажбур эмас. Буюртмачи ҳам ўртадаги фарққа ёки унинг бир қисмига даъво қилиш ҳуқуқига эга эмас. Худди шу қоида харажатлар ошган ҳолатга ҳам тегишли, яъни агар ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатлари тахмин қилинган харажатлардан кўпайиб кетса ҳам, муассаса буюртмачидан қўшимча тўлов талаб қила олмайди.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси