ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
5. Ижара шартномасининг предмети (объекти)
5/1 Манфаат (фойдаланиш ҳуқуқи) ва ижара активига тегишли ҳукмлар
5/1/1 Ижарага бериладиган актив ундан фойдаланиш мумкин бўлган ва фойдаланиш давомида активнинг ўзи сақланиб қоладиган (яъни йўқ бўлиб кетмайдиган) бўлиши шарт. Манфаат (фойдаланиш ҳуқуқи) эса шаръан мубоҳ (тақиқланмаган) бўлиши шарт қилинади. Шунинг учун шариатда тақиқланган (ҳаром) ишлар учун уй-жой ёки асбоб-ускуналарни ижарага бериш жоиз эмас, мисол учун, фоиз (рибо) асосида фаолият юритувчи банкка бинони, ҳалол бўлмаган нарсаларни сотиш ёки сақлаш учун дўконни, жоиз бўлмаган нарсаларни ташиш учун транспорт воситасини ижарага бериш мумкин эмас.
5/1/2 Ижара шартномасининг объекти умумий мулкда бўлган, лекин томонлар ўртасида бўлинмаган муайян активдаги улуш бўлиши ҳам мумкин, бунда ижарачи ижара берувчи билан шерик бўлиши ёки бўлмаслигининг аҳамияти йўқ.
Ижарачи мазкур улушдан мулк эгаси каби фойдаланиши мумкин, яъни (ижарадан олинадиган) манфаатни вақт ёки жой (яъни мулкнинг муайян қисми) бўйича тақсимлаш орқали (бу араб тилида “муҳая” усулига асосланган манфаат тақсимоти деб аталади) ёки мулкдаги шерикларнинг розилиги билан бошқа усулда амалга ошириш мумкин.
5/1/3 Шариатда тақиқланмаган мақсадларда фойдаланиш учун бўлса, мусулмон бўлмаган шахслар билан ҳам бино ёки ускуналарни ижарага бериш бўйича шартнома тузиш жоиз. Масалан, яшаш учун уйни, миниш ёки ташиш учун автомобилни, маълумотларни сақлаш учун компьютерни ижарага бериш каби. Бироқ, агар ижарага берувчи ижара объекти шариатда тақиқланган мақсадда фойдаланиш учун ижарага олинаётганини билса ёки шундай гумон қилиш учун асосга эга бўлса, у ҳолда ижара шартномаси тузиши жоиз бўлмайди.
5/1/4 Ижарачи ижарага олинган активдан белгиланган мақсадда ёки мавжуд урфга мувофиқ фойдаланиши, ҳамда шариатга мувофиқ бўлган келишув шартларига риоя қилиши шарт. Шунингдек, нотўғри фойдаланиш, тажовуз ёки бепарволик туфайли активга зарар етказишдан сақланиши лозим.
5/1/5 Ижарага берувчи ижарага берилган мол-мулкда фойдаланишга халал берадиган айб-нуқсонлар учун ўзининг жавобгар эмаслигини шарт қилиши мумкин эмас. Шунингдек, у ўз хатти-ҳаракати ёки ташқи таъсир туфайли ижарадан кўзланган манфаатга эга бўлишга тўсқинлик қиладиган камчиликлар бўйича масъулиятни зиммасига олмасликни шарт қилиши ҳам мумкин эмас.
5/1/6 Агар ижарага олувчининг тажовузи (айби) сабаб ижара активидан манфаат олиш имконияти тўлиқ ёки қисман йўқолса, лекин активнинг ўзи сақланиб қолса, ижарага олувчи манфаат олиш имкониятини тиклаш ёки активни таъмирлашга мажбур/масъул бўлади. Бундай ҳолатда ижара мулкидан фойдаланилмаган давр учун ижара ҳақи (тўлови) ҳам бекор қилинмайди.
5/1/7 Ижарага берувчи актив (мол-мулк)дан фойдаланиш имконияти сақланиб туриши учун зарур бўлган асосий таъмирлаш ишларини бажариш мажбуриятини ижарачига юклаши мумкин эмас. Бироқ, ижарага берувчи ижарачини асосий таъмир ишларини (ижарага берувчининг ҳисобидан) амалга оширишга вакил қилиши мумкин. Шу билан бирга, ишлатиш давомида керак бўладиган жорий ёки даврий таъмирлаш ишлари (яъни техник хизмат кўрсатиш) ижарачининг зиммасида бўлади.
5/1/8 Модомики, ижарачи томонидан тажовуз ёки эҳтиётсизлик содир бўлмас экан, ижара активи ижара муддати давомида ижарага берувчининг зоминлигида (жавобгарлигида) бўлади. Ижарага берувчи имкон бўлса ислом суғурта тизими (такафул) орқали активни ўз ҳисобидан суғурта қилдиргани маъқул. Шу билан бирга, ижарага берувчи ижара ҳақини белгилашда суғурта харажатларини билвосита ҳисобга олиши мумкин. Лекин у шартнома имзолангандан сўнг, ижара ҳақини белгилаш вақтида кутилганидан ортиқча (қўшимча) харажатларни ижарачи зиммасига юклаши жоиз бўлмайди. Ижарага берувчи суғурта ишларини амалга ошириш учун ижарачини ўз вакили қилиб тайинлаши ҳам мумкин.
(давоми бор)
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси