ШАРЪИЙ МЕЪЁР №7
ҲАВАЛА
(қарз мажбуриятини бошқа шахсга ўтказиш)
Меъёрнинг баёни (матни
12. Ҳаваланинг замонавий кўринишлари
12/1 Жорий ҳисобрақамдаги пул маблағлари ҳисобидан пул ечиш (чек ёзиб бериш)
Агар бенефициар (яъни чекни олувчи) чекда ёзилган пул миқдорида чек ёзган томонга кредитор, яъни қарз берувчи бўлса, жорий ҳисобрақамдаги пул маблағлари ҳисобидан чек ёзиб бериш, Ҳавала ҳисобланади. Бунда чек ёзиб берувчи – муҳил (қарздор), чекни тўлаб берадиган банк – муҳал алайҳ (қарзни тўлаб берувчи); ва бенефициар – муҳал (қарз берувчи-кредитор) бўлади.
Агар чек ёзиб берувчи чекни қабул қилувчи (бенефициар)га қарздор бўлмаса, бу Ҳавала битими ҳисобланмайди, чунки мавжуд бўлмаган қарзни бошқага ўтказиб (яъни Ҳавала қилиб) бўлмайди. Лекин мазкур амалиёт пулни қабул қилиш – қабз учун вакиллик ҳисобланиб, бу шаръан жоиздир.
12/2 Овердрафт (ҳисобварақда қолдиқ бўлмаган ҳолатда нақд пул ечиш)
Агар чекни олувчи (бенефициар) чек ёзиб берувчига чекда ёзилган миқдорга яраша қарз берган бўлса (яъни кредитор бўлса), чек ёзиб берувчи эса ҳисобрақамида маблағ бўлмаса ҳам чек ёзиб берса ва банк буни (тўлаб бериш учун) қабул қилса, бу амалиёт мутлақ (чекланмаган) ҳавала ҳисобланади. Бироқ, агар банк буни қабул қилмаса, мазкур амалиёт ҳавала ҳисобланмайди ва чекни олган томон уни ёзиб берган томонга (тўлов учун қайта) мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
12/3 Саёҳат чеклари
Саёҳат чекининг эгаси, чекнинг қийматини уни чиқарувчи молия муассасаси (эмитент)га тўлаб қўйган бўлса, у шу молия муассасасининг кредитори ҳисобланади. Агар саёҳат чекининг эгаси чекни ўзининг кредитори фойдасига индоссамент қилса (яъни ёзма равишда тасдиқлаб ўтказса), ушбу индоссамент учинчи шахсга тўланиши керак бўлган қарзни эмитент муассасага ўтказиш (ҳавала қилиш) ҳисобланади. Мазкур амалиёт саёҳат чеки эгаси томонидан эмитент муассасага тўланган чек қиймати доирасида бўлса, у ҳолда бу чекланган ҳавала бўлади.
12/4 Вексел
12/4/1 Агар вексел олувчиси (бенефициар) вексел чиқарувчи (трассат) учун кредитор бўлса, вексел ҳаваланинг бир кўриниши ҳисобланади. Бунда вексел чиқарувчи – муҳил (қарздор) сифатида маълум бир суммани белгиланган санада вексел олувчига тўлаш тўғрисида векселни ёзади. Бу ҳолда, тўловни амалга оширувчи томон (вексел тўловчиси) – ҳавола қилинган томон (муҳал алайҳ, яъни тўловчи), вексел эгаси – бенефициар эса муҳал (кредитор) бўлади. Агар вексел эгаси (бенефициар) вексел берувчига кредитор бўлмаса, у ҳолда векселни чиқариш вексел олувчини вексел чиқарувчи (трассат) томонидан қабул қилиш (қабз) ва векселда ёзилган маблағни ундириш учун вакил қилиш ҳисобланади.
12/4/2 Вексел чиқарувчи ва вексел тўловчиси ўртасида қарз мажбурияти бўлмаса, у ҳолда вексел мутлақ (чекланмаган) Ҳаваланинг бир кўриниши бўлади.
12/5 Тижорат қоғозларининг индоссаменти
Индоссамент – вексел, чек, коносамент каби қимматли қоғоз (ҳужжат)лардаги ўтказма ёзув бўлиб, у билан ушбу ҳужжат бўйича талаб қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилганлиги тасдиқланади.
12/5/1 Тижорат қоғозларини индоссамент қилиш унинг қийматига эгалик ҳуқуқи индоссантдан индоссатга ўтказиш бўлиб, агар индоссат индоссантнинг кредитори бўлса, ҳавала ҳисобланади. Агар индоссант индоссатдан қарздор бўлмаса, индоссамент (тўловларни) қабз қилиш учун вакиллик битими бўлади.
12/5/2 Вакиллик бўйича индоссамент, яъни мижоз муассасадан тижорат қоғозининг қийматини ўз ҳисобрақамига қабул қилиш тўғрисида кўрсатма берадиган индоссамент ҳавала ҳисобланмайди. Балки шаръан жоиз бўлган вакиллик ҳисобланади, бу вакиллик ҳақ эвазига (яъни комиссияли) ёки бепул (комиссиясиз) бўлиши мумкин.
12/5/3 Юқоридаги (12/5/1) бандни ҳисобга олган ҳолда, биринчи бенефициар тижорат қоғозларини исталган бошқа шахсга индоссамент қилиши мумкин, янги бенефициар эса яна бошқасига индоссамент қилиши мумкин ва ҳоказо. Индоссаментлар кетма-кетлиги янги ҳавала сифатида кўрилади ва бунга ҳеч қандай шаръий монелик йўқ.
12/5/4 Тижорат қоғозларини дисконтлаш жоиз эмас, бу тижорат қоғози эгаси томонидан ушбу тижорат қоғози бўйича ҳуқуққа эгаликни индоссамент орқали муассасага ёки учинчи шахсга тўлов санасидан олдин ўтказиш орқали амалга оширилади. Бунинг натижасида индоссант тижорат қоғозлари қийматини маълум чегирма асосида олади. Бундай амалиёт эса рибонинг бир кўриниши ҳисобланади.
12/6 Банк ўтказмалари
Мижознинг банкдан ўз ҳисобидан маълум бир суммани бошқа бир шахс (бенефициар)га ўтказишни сўраши, агар мижоз ўтказмани қабул қилувчи олдида қарздор бўлса, бу ҳавола ҳисобланади.
Агар мижоз муассасадан (банкдан) ундаги ўз жорий ҳисобрақамидан маълум бир суммани бошқа бир шахс (бенефициар)га ҳисобрақам валютасида ўтказишни сўраса, ва мижоз ўтказмани қабул қилувчи олдида қарздор бўлса, бу амалиёт ҳавала ҳисобланади. Бу ҳолатда муассасанинг мижоздан оладиган хизмат ҳақи пулни Муҳал (кредитор)га етказиб бергани учун тўлов ҳисобланади, ҳавала қилинган қарз миқдорини ошириш эмас. Агар ўтказма бошқа валютада амалга оширилса, валюта айирбошлаш (сарф) ва ҳавала (пул ўтказиш) амалиётлари биргаликда амалга оширилган бўлади, бу ҳам шаръан жоиз. [“Валюталар савдоси” номли Шаръий Меъёрнинг 2/11 бандига қаралсин].
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси