ШАРЪИЙ МЕЪЁР №5
КАФОЛАТЛАР
(Мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш)
6. Кафолатнинг замонавий кўринишлари:
6/2 Аккредитив
Аккредитив — бу банк (эмитент) томонидан ёзма равишда бериладиган мажбурият хати бўлиб, у ариза берувчи харидор-мижоз талаби ва кўрсатмаларига биноан сотувчига (бенефициарга) топширилади. Ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад сотувчи томонидан маҳсулот ортилганлиги/юборилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар аккредитив талабларига мос равишда тақдим қилинганда маҳсулот учун тўловни нақд пул тўлаш, векселни қабул қилиш ёки уни дисконт қилиш орқали амалга оширишдир.
Қисқача айтганда: аккредитив – бу тўловни амалга ошириш бўйича банк мажбурияти бўлиб, бунда ҳужжатларнинг кўрсатмаларга мувофиқ бўлиши шарт қилинади. [“Аккредитив” тўғрисидаги 14 сонли Шаръий меъёрга қаралсин]
6/3 Чек ёки векселлардан фойдаланиш
Қарздорни даврий тўловларни ўз вақтида амалга оширишга мажбурлаш воситаси сифатида, қарздордан чеклар (агар бунга қонун ҳужжатларида тақиқ қўйилмаган бўлса) ёки векселларни олишга ҳеч қандай эътироз йўқ. Агар қарздор қарзини тўласа, мазкур қоғозлар унга қайтарилади, тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда эса улар мавжуд қарзларни ундиришга йўналтирилади. Бундай чеклар ва векселларни гаров сифатида тақдим этувчи томон муассасадан уларни фақат муддати келган қарздорликни ҳеч қандай устама ҳисобламасдан ёпиш учун ишлатиш ҳақида мажбурият талаб қилиш ҳуқуқига эга.
6/4 Қарзларни суғурта қилиш
Қарзларни ислом суғурта тизими орқали суғурта қилиш жоиз, ундан бошқа суғуртадан фойдаланиш мумкин эмас.
6/5 Ҳисобрақамдаги пулларни музлатиш
6/5/1 Мижоз томонидан келажакда амалга оширадиган даврий тўловлар ёки мауйян муддатда тўланиши керак бўлган қарз мажбуриятлари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Муассаса мижознинг инвестиция ҳисобрақамидаги маблағларни музлатиш ёки бундай ҳисобрақамдаги маблағлардан фойдаланишни бутунлай ёки қарз миқдорига тенг миқдорда (шуниси афзал) тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга, деган шартни битимга киритиб қўйиш жоиз.
Бироқ, музориб вазифасини бажарувчи муассаса ўз улушини олгандан сўнг, инвестиция ҳисобрақами доирасида олинган фойда мижозга тегишли бўлади.
6/5/2 Мудояна (қарзга боғлиқ) амалиётларда муассаса томонидан мижознинг жорий ҳисобрақамини музлатиб қўйишни шарт қилиш жоиз эмас. Бироқ, мижоз жорий ҳисобрақамини музлатиб қўйишга ўз хоҳиши билан рози бўлса, бундай шартга ҳеч қандай монелик йўқ.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси