ШАРЪИЙ МЕЪЁР №5
КАФОЛАТЛАР
(Мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш)
3. Кафиллик
3/2 Ҳали номаълум бўлган ва зиммада вожиб бўлмаган қарзлар учун кафиллик бериш
Миқдори аниқ бўлмаган қарз мажбурияти учун кафиллик бериш мумкин, шунингдек, ҳали юзага келмаган (зиммада бўлмаган) қарз учун ҳам кафиллик берилиши мумкин, бироқ бунда қарз мажбурияти юзага келишидан олдин, кафиллик сўралган томонни огоҳлантирган ҳолда берилган кафилликни қайтариб олиш жоиз. Бундай кафиллик “бозор кафолати” ёки “шартномавий кафиллик” деб аталади (“бизнес кафиллик” ёки “шартнома бўйича мажбурият кафиллиги” деб таржима қилиш ҳам мумкин. тар.). Бунга, сотилган маҳсулот сотувчидан бошқа шахсга тегишли эканлиги маълум бўлса, тўланган пул харидорга қайтарилиши кафолати, мисол бўла олади. Бундай кафолат “даман ал-дарак” деб аталади.
3/3 Кафолат тақазо қиладиган нарсалар
3/3/1 Қарз берувчи томон (кредитор) ўз қарзини қарздордан ёки кафилдан талаб қилишга ҳақли. Кредитор у иккисининг хоҳлаган биридан қарзни талаб қилиш ихтиёрига эга. Кафил бунда кетма-кетликни шарт қилиш ҳуқуқига ҳам эга, масалан, кредитор (қарз берувчи томон) дастлаб қарздордан қарзни талаб қилади, агар у тўлашдан бўйин товласа, у ҳолда кафилга мурожаат қилади, деган шарт қўйилиши мумкин.
3/3/2 Агар қарз берувчи томон қарздорнинг қарзидан кечса, кафил ҳам қарз бўйича жавобгарликдан озод бўлади. Борди-ю, қарз берувчи томон фақат кафилни жавобгарликдан озод қилса, қарздордан қарз соқит бўлмайди. Агар кафил қарз берувчи томон билан қарз миқдоридан камроқ маблағ тўлашга келишадиган бўлса, рибо пайдо бўлиб қолмаслиги учун, қарздордан қарз миқдорига тенг пул маблағини эмас, балки кафил сифатида кредиторга ҳақиқатда тўлаган пул маблағини қайтариб олади. Агар кафил қарз берувчи томон билан қарзни бошқа бирор мол/актив билан ёпишга келишадиган бўлса, қарзнинг ўзини (танини) ёки тўлов қилинган активнинг қийматини (қайси бири камроқ бўлса) қарздордан талаб қилиши мумкин.
3/3/3 Кафиллик бўйича шартнома “мудояна”, яъни қарз олди-бердисига оид шартноманинг таркибий қисми бўлиши ҳам, алоҳида, мустақил шартнома бўлиши ҳам, ундан олдин ёки кейин имзоланиши ҳам мумкин.
3/3/4 Агар муассаса амалиётларни Музораба, Мушорака ёки Вакала бил-Истисмар (яъни инвестицияларни бошқариш бўйича вакиллик битими) асосида бошқарадиган бўлса, у сармоядор (инвестор) ўз улушларини қайтариб олаётган пайтда валюта айирбошлаш курсларидаги ўзгаришларни кафолатлаши жоиз эмас. Чунки бу музориб, шерик ёки вакил томонидан сармоядор сармоясини кафолатланишига олиб келади, бу эса шаръан тақиқланган [2/2/1 ва 2/2/2 бандларга қаралсин].
3/3/5 Агар муассаса мижоз билан ўрталарида тузилган қарз олди-бердиси шартномасида мижоз кафил тақдим этишини шарт қилган бўлса-ю, лекин мижоз бу шартни бажармаса, муассаса мижоздан шартномада кўзда тутилган ушбу мажбуриятни бажаришни суд орқали талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси