Муқосса
(томонлар ўртасидаги қарзларни ўзаро ҳисоб-китоб асосида ёпиш)
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр Муқосса орқали қарз мажбуриятидан қутулиш (узиш / ёпиш)ни ўз ичига олади.
Меъёр қарз мажбуриятидан Ҳавала (қарзни ёки ҳуқуқларни бошқага ўтказиш), Ибро (қарздан воз кечиш), қарз бўйича келишув қилиш (сулҳ), ўз қарзни (мустақил равишда) ундириб олиш, Иқола (шартномани икки томонлама бекор қилиш) орқали қутулиш масалаларини қамраб олмайди, чунки уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида меъёрлар мавжуд.
2. Муқоссанинг таърифи ва унинг турлари
Муқосса – бу бир шахснинг бошқа шахсдан ундириши керак бўлган қарзидан ўша қарздорга тўлаши керак бўлган қарзи эвазига воз кечиши (яъни шу орқали томонларнинг ўзаро қарзларидан қутулиши).
Муқоссанинг икки тури мавжуд: мажбурий муқосса ва келишувга асосланган муқосса.
2/1 Мажбурий муқосса
Мажбурий муқосса – бу бир ёки иккала томонга нисбатан мажбурий ёки шартли равишда [1] амалга ошадиган Муқосса бўлиб, у 2 хил бўлади: (ҳар икки томон учун) мажбурий ва талаб асосидаги муқосса.
2/1/1 Мажбурий муқосса – икки томоннинг ёки улардан бирининг розилигисиз ёки талабисиз икки қарз мажбуриятининг ўз-ўзидан соқит бўлишидир.
2/1/2 Мажбурий муқоссанинг (жоиз бўлиш) шартлари қуйидагилардир:
2/1/2/1 Муқоссадаги ҳар икки томон бир-бирига нисбатан ҳам қарз берувчи (ҳақдор), ҳам қарз олувчи (қарздор) /бўлиши керак.
2/1/2/2 Ҳар икки қарз жинсда, турда, сифатда, тўлов муддатлари борасида баробар бўлиши керак . Агар икки қарз миқдори тенг бўлмаса, Муқосса камроқ қарз миқдори даражасида амалга оширилади (яъни икки томоннинг қарзи бир хил миқдорда камаяди) ва кўпроқ қарз берган томон ўртадаги қолган фарқ миқдорида ҳақдор-кредитор бўлиб қолади (бошқача қилиб айтганда, қарзи кўпроқ бўлган томон қолган қарз миқдорида қарздор бўлиб тураверади).
2/1/2/3 Икки қарзнинг ҳеч бири учинчи шахс олдидаги мажбуриятга боғлиқ (тобе) бўлмаслиги керак, масалан, учинчи томоннинг гаров бўйича (икки қарздан бирига тегишли) ҳуқуқи каби.
2/1/2/4 Муқосса Шариатда тақиқланган рибо ёки рибо эҳтимоли бўлган шубҳали натижалар келтириб чиқармаслиги керак.
2/1/3 Талаб асосидаги Муқосса – бу афзалроқ ҳақ эгасининг талаби ва унинг ўзига тегишли афзаллик/устунликдан воз кечиши асносида икки қарз мажбуриятининг ўзаро соқит қилинишидир. Бу ҳолатда ҳақи камроқ томоннинг бу талабга рози бўлиши ёки уни рад этиши аҳамиятга эга бўлмайди.
2/1/4 Талаб асосидаги Муқоссага тегишли шартлар:
2/1/4/1 Муқоссадаги ҳар икки томон бир-бирига нисбатан ҳам қарз берувчи (ҳақдор), ҳам қарз олувчи (қарздор) бўлиши керак;
2/1/4/2 Ҳақи афзалроқ бўлган томон ўз ҳақининг афзаллик/устунликларидан воз кечишга рози бўлиши керак. Унинг устунлиги қарзнинг сифатида ёки муддатида бўлиши мумкин. Сифатдаги устунлик, масалан, қарзнинг раҳн (гаров) билан таъминланганлиги ёки кафиллик билан кафолатланганлиги билан белгиланади. Муддатдаги афзаллик эса қарз муддати қисқароқ бўлиши ёки биринчи қарзнинг тўлов муддати келганлиги (иккинчи қарзнинг тўлов муддати эса етиб келмаганлиги) билан белгиланади.
2/1/4/3 Иккала қарз жинсда ва турда баробар (бир хил) бўлиши керак, сифат ва муддатда эмас . Агар иккала қарз миқдор жиҳатдан фарқ қилса, у ҳолда икки томон учун баробар миқдорда Муқосса амалга ошади, кўпроқ қарз берган томон қолган қарз миқдорига ҳақдор-кредитор бўлиб қолаверади.
2/1/4/4 Муқосса Шариатда тақиқланган рибо ёки рибо эҳтимоли бўлган шубҳали натижалар келтириб чиқармаслиги керак.
[1] Мажбурий ёки шартли равишда сўзлари ҳеч қандай келишувга ҳожат қолдирмасдан амалга ошириладиган Муқоссани англатади
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси