Entrust киберхавфсизлик институтининг ҳисоботига кўра, 2025 йилда молиявий хизматлар соҳаси учун энг жиддий таҳдид Сунъий тафаккур (СТ) ёрдамида яратилган рақамли ҳужжатлар ва дипфейклар[1] билан боғлиқ фирибгарлик бўлади.
Тадқиқот натижаларига кўра, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг рақамли усулда сохталаштирилиши 2024 йилда ўтган йилга нисбатан 244% га ошган.
Рақамли ҳужжатлар билан амалга оширилган фирибгарлик ҳажми илк бор уларнинг жисмоний (яъни эскича усулда қўлда сохталаштириш) ҳажмидан ошиб, 2024 йилда етакчи фирибгарлик усулига айланди. Солиштириш учун, 2021 йилда барча сохта ҳужжатлар деярли ҳаммаси фақат жисмоний равишда ясалган сохта ҳужжатлар бўлган.
СТдан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш имкониятлари кучайган сари расмий ҳужжатларни, айниқса миллий гувоҳномаларни сохталаштириш ҳолатлари тобора кўпаймоқда (ўтган йил давомида бундай фирибгарлик тури дунё бўйича амалга оширилган қаллобликларнинг 40,8%ни ташкил қилган) ва бу жараён янада такомиллашмоқда.
Тадқиқотда СТ ёрдамида тайёрланган сохта ҳужжатлар ва ўта юқори даражада аслга ўхшатиб (яъни гиперреалистик) амалга оширилган сохталаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Entrust киберхавфсизлик институтининг ташвишланишига сабаб — илгари нисбатан осон аниқланадиган фирибгарлик усуллари ўрнини сунъий интеллект ёрдамида яратилган ўта даражада ўхшаш “синтетик рақамли қаллоблик” усуллари эгаллаб бормоқда.
Фотосуратлар ва видеоларда юзларни қалбакилаштириш (яъни аслни қалбакисига алмаштириш) дастурлари ҳамда GenAI (янги авлод сунъий тафаккури) воситаларининг кўпайиши фирибгарларга ўз қурбонларини ишонтирувчи биометрик фирибгарликларни кенг миқёсда амалга ошириш имконини бермоқда.
2024 йилда фирибгарлар энг кўп диққатини молиявий хизматлар соҳасига қаратган. Криптовалюталар соҳасида бошқа соҳаларга нисбатан икки баравар кўпроқ фирибгарлик уринишлари қайд этилган (9,5%). Ундан кейин эса кредит ва ипотека (5,4%) ҳамда анъанавий банклар (5,3%) билан боғлиқ фирибгарликлар келади.
СТдан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган мураккаб ҳужумлар ҳажмининг кескин ўсишини инобатга олган ҳолда, Entrust компаниясининг фирибгарликка қарши кураш бўйича катта мутахассиси Саймон Хорсвелл хавфсизлик хизматларини ушбу янги таҳдидларни мониторинг қилиш ва ташкилотларни янги воқеликка тайёрлаш бўйича ишларни фаоллаштиришга, замонавий эҳтиёт чораларини ишлаб чиқишга чақирмоқда. Унинг таъкидлашича, бу чоралар энди ихтиёрий эмас, балки мажбурий тус олиши керак.
Манба: https://plusworld.ru/articles/61600/ да
қўйилган мақола асосида тайёрланди.
[1] Дипфейк — бу контент яратиш усули бўлиб, у машинани ўргатиш ва сунъий тафаккур технологияларига асосланган. Бунда асл видео ва аудио ёзувлар СТ ёрдамида сунъий равишда ясалган қалбакиси билан алмаштирилади. Масалан, бир шахснинг видеоаксини ва овозини/сўзларини ясама/қалбакиси билан алмаштирилади ва бунинг натижасида у шахс гапирмаган гаплар худди у гапиргандек қилиб кўрсатилади. Бунда унинг оғиз қимирлашлари, юз ифодаси ва хатти-ҳаракатлари ҳам қалбаки матнга мослаб қўйилади.