Норвегия, дунёдаги энг фаровон давлатлардан бири бўлиб, ўзига хос иқтисодий модели билан кўплаб мамлакатларда ҳавас уйғотади ва табиий захираларга бой бўлган бошқа давлатлар учун намуна сифатида кўрсатилади. Ушбу давлатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, киши бошига 90 минг доллардан ошади, ишсизлик даражаси эса доимий равишда паст даражада сақланиб келмоқда. Амалда, ҳар бир норвегиялик, унинг улкан давлат пенсия фондидаги улушини ҳисобга олсак, бой одам ҳисобланади — бу тахминан ҳар бир фуқаро учун 300 минг долларни ташкил этади. Бундан ташқари, ушбу фонд туфайли 5 миллион аҳолиси бўлган кичик давлат ҳукумати ўзи эгалик қилаётган акциялари орқали йирик трансмиллий корпорациялар стратегиясига таъсир кўрсата олади.
Норвегия иқтисодиёти кенгайишда давом этмоқда. Ўсиш суръати бироз пасайган бўлса ҳам, у Европанинг кўплаб давлатларидан олдинда.
Хўш, қандай қилиб мамлакат бундай кўрсаткичларга эришди?
Дунёдаги энг йирик шелф[1] конлари қаторига кирувчи Шимолий денгиз нефть конлари 1969 йилда аниқланган/топилган. Ўша пайтда кўплаб иқтисодчиларни бир савол қизиқтирган: бу Норвегия учун муваффақият бўладими ёки офат? Зеро, тарихда бундай кутилмаган “топилма совғалар” кўп мамлакатлар учун омад эмас, балки айнан офат бўлган – табиий бойликларнинг сотилишидан тушган улкан даромадлар оқими иқтисодиётга кескин кириб келиши кўпинча салбий оқибатларга олиб келган — бундай мамлакатларнинг иқтисодиёти ортиқча ликвидликдан (яъни нақд пулларнинг кўпайиб кетишидан) «қизиб кетган», порахўрлик ва исрофгарчилик авж олган, жамиятда ижтимоий тенгсизлик ўсган ва ҳатто диктатура ўрнатилишига сабаб бўлган.
Шуларни инобатга олган Норвегия ҳукумати, нефть конлари топилганидан беш йил ўтгач, нефть экспортидан тушадиган даромадлар мамлакат аҳолиси манфаатлари ва унинг фаровонлиги учун хизмат қилиши кераклиги ҳақида махсус қарор қабул қилган.
1996 йилда тўпланган нефть даромадларидан алоҳида фонд (Жамғарма) ташкил этишга қарор қилинди, дастлаб ушбу жамғармада икки миллиард доллар бўлган бўлса, бугунги кунда у бир неча минг мартага ортиб, 1,7 триллион долларни ташкил этмоқда — бу эса Норвегия иқтисодиёти ҳажмидан уч баробар кўпдир.
Қонунга мувофиқ, нефть экспортидан тушган пуллар фуқароларга тегишли, ва ҳукумат бир йилда ушбу Жамғармадан, аниқроғи Жамғарма томонидан сотиб олинган акциялардан тушган даромадларнинг 3%идан кўп бўлмаган қисмини сарфлашига рухсат берилади. Шунда ҳам шу 3% фақат мамлакатнинг ижтимоий харажатларини қоплаш (масалан, инфратузилма, таълим, фан ёки соғлиқни сақлаш) учун сарфланиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Амалга оширилган ушбу тадбирлар мамлакатни яна бир “табиий бойликлар офати”га йўлиққан ёки “Голланд касаллигига” чалинган мамлакатлардан бири бўлишини олдини олди.
Мамлакат ривожланиш стратегияси – Жамғармада йиғилган маблағлар мамлакатнинг келажак авлодлари фаровонлиги учун асос бўлиши кераклиги ҳақидаги тамойил устига қурилган ва ушбу стратегия муайян вақт/муддат билан чегараланмаган. Бунчалик катта маблағларга эга бўлиш Жамғарма бошқарувчиларига турли бозорларда эркин ҳаракат қилиш имкониятини тақдим этади. Масалан, бошқалар турли иқтисодий-молиявий инқирозлар пайтида қимматли активларни, шу жумладан акцияларни арзонга сотишга мажбур бўлса (масалан ликвидликни таъминлаш мақсадида), Норвегия жамғармаси бошқарувчилари ушбу актив/акцияларни арзон нархларда сотиб олишади.
2008 йилда, бутун дунё бўйлаб молия бозорлари АҚШдаги ипотека инқирози туфайли қулаб жаҳон иқтисодий-молиявий инқирози юзага келган пайтда, Жамғарма бошқаруви ўз портфелидаги акциялар улушини 40%дан 60%га етказишга қарор қилди. Бутун дунё бўйлаб активлар паст нархларда сотилаётган бир пайтда, Норвегия нефть жамғармаси аксинча компаниялар акцияларини пасайган нархларда оммавий равишда сотиб олди.
Ўша давр мобайнида Жамғарма томонидан тахминан бир миллиард дона акция сотиб олинди. Икки йил ичида жаҳон аҳолисининг 0,1%дан камроғини ташкил этувчи ушбу давлат дунёдаги барча йирик компанияларининг 0,5%дан ортиқ акцияларини сотиб олишга муваффақ бўлди (ҳозирги кунда бу улуш 1,5%ни ташкил этади). Масалан, Жамғарма Apple, Nestle, Microsoft ва Samsung каби компанияларнинг энг йирик акциядорларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Жамғарманинг асосий даромадлари нефть ва газ сотишдан эмас, балки сотиб олинган акциялардан келади. Буни Норвегия иккинчи марта нефть конларини топганига ўхшатиш мумкин. Аммо бу сафар бойликлар ер остидан эмас, балки молия бозорларидан топилди.
Жамғарма Норвегия бюджетини ҳам қўллаб-қувватлаб туради ва бу ҳукумат ҳаётини анча енгиллаштиради (яъни қандайдир фавқулодда ҳолатлар билан боғлиқ харажатларни қоплашда муаммо бўлмайди, ҳамда бундай ҳолатларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш мумкин бўлади).
2022 йилда, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Европа давлатларининг Россия газидан воз кечиши туфайли энергия ресурслари нархи кескин ошиб Европанинг бошқа кўпчилик давлатлари бундан қийналиб қолган пайтдан бошлаб Норвегия Европа бозорида Россиянинг ўрнини фаол тарзда эгаллаб, нефть-газ экспортини оширди ва кейинги йилларда ҳам Европага нефт ва газ етказиб берувчи асосий давлатлардан бири бўлиб қолди. Ўша йили Норвегия йилни ўз ялпи ички маҳсулотининг 25,4%ини ташкил этувчи “даҳшатли” даражадаги бюджет профицити (давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ) билан якунлади. 2023 йилда нархлар яна меъёрига келгандан сўнг профицит 14,1%ни ташкил этди, ва шу атрофдаги кўрсаткич жорий йил учун ҳам кутилмоқда (таққослаш учун ўша йили Россиянинг бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,3% га тенг бўлган).
Кўриб турганимиздек, тўғри бошқарув билан унчалик катта бўлмаган имкониятлар билан ҳам катта натижаларга эришиш мумкинлигини ва аксинча катта имкониятлар билан ҳам ҳеч нимага эришмаслик ва ҳатто салбий натижаларга “эришиш” мумкинлигини турли мамлакатлар мисолида кўришимиз мумкин экан. Шу ўринда нефть захиралари бўйича дунёда биринчи ўринда (300 млрд. баррель нефть), қазиб олиш бўйича эса 21 ўринда турувчи Венесуэлани мисол келтириш мумкин. 2022 йилда ушбу мамлакатда инфляция 201% тенг бўлди. Бугунги кунда мамлакат дунёдаги 180 мамлакат ичида порахўрлик ривожланганлиги кўрсаткичи бўйича дунёдаги энг “пешқадам” 10 та давлатдан бири ҳисобланади, аҳолисининг 35% дан ортиғи(!) эса ишсиз.
Хулоса ўрнида: бошқаларнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик ва адолатли бошқарув ким томонидан ўрнатилса ҳам (яъни дини, ирқи, миллатидан қатъий назар) давлат ва жамият учун албатта яхши натижаларга олиб боради.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] шельф нефти — қуруқликка туташган қитъа сув ости қисмидан махсус бурғулаш ускуналари ёрдамида қазиб олинадиган нефт тури бўлиб, сув остидан қийин шароитларда қазиб олингани учун одатда таннархи қиммат бўлади (яъни бундай нефтни қазиб олувчи томон кўпроқ харажат қилади). Таққослаш учун: Норвегия 1 баррель нефть (136,4 кг) қазиб чиқариш учун 21 доллар сарф қилса, Саудия Арабистони 8 доллар сарф қилади.