Кўпчиликка маълумки, бугунги кунда мамлакатимиздаги бир нечта тижорат банклари халқаро ислом молия муассасаларидан муробаҳа ва ижара линиялари жалб қилиб ўз мижозларига тақдим қилишмоқда. Албатта, анъанавий тижорат банкларининг ислом молия маҳсулотларига қизиқишига, биринчи навбатда, уларнинг мижозлари тарафидан ислом молия маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ва талаб сабаб бўлган.
Банклар, асосан, иккита халқаро ислом молия муассасаси – Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси (ICD) ва Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорацияси (ITFC) дан муробаҳа асосида молия маблағлари жалб қилиб ўз мижозларининг лойиҳаларини молиялаштиришмоқда. Бунда банклар ушбу икки халқаро ташкилот билан ҳамкорлик ва вакиллик шартномаси имзолайди ва уларнинг вакили сифатида ўзларининг маҳаллий мижозлари билан ишлашади, яъни ўз мижозлари ва халқаро ислом молия муассасалари ўртасида воситачи бўлишади. Ушбу жараён қандай амалга оширилишини умумий тарзда, яъни тафсилотларига киришмасдан тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.
Демак, бу қуйидагича амалга оширилади:
- Мижоз ўзига керакли бўлган ускуна/дастгоҳлар ёки хом ашёни сотиб олиб беришларини сўраб банкка мурожаат қилади;
- Банк ўз мижозининг аризасини, талаб қилинаётган ускуна ёки бошқа активларни ҳамда мижознинг молиявий-иқтисодий ҳолатини текшириб чиқади ва хулоса тайёрлайди;
- Агар хулоса ижобий бўлса, у ҳолда банк барча тегишли ҳужжатлар ва ушбу хулосани ITFC ёки ICDга юборади (қайси бири билан ҳамкорлик ва вакиллик шартномаси имзоланган бўлса);
- ITFC ёки ICD юборилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, мижоз сўраган активларни сотиб олиш учун молиявий маблағлар ажратиш ёки ажратмаслик ҳақида қарор қабул қилади;
- Агар мижозга молиявий маблағлар ажратиш ҳақида ижобий қарор қабул қилинса, ITFC ёки ICD бу ҳақда банкни хабардор қилади;
- Банк керакли активларни муробаҳа орқали сотиб олиб беришдан олдин мижоздан кафолат талаб қилади (масалан, гаров ёки 3-томоннинг кафиллиги);
- Ўз навбатида, ITFC ёки ICD ҳам банкдан мижоз тўловларни ўрнатилган вақтда (тўловлар жадвалига асосан) амалга ошириши юзасидан кафиллик беришини талаб қилади (чунки банк ўз мижозини билиши ва унинг учун кафил бўла олиши керак деб ҳисобланади ва бу бўйича масъулият банкка юкланади);
- Мижоз томонидан талаб қилинган кафолат ва барча керакли ҳужжатлар банкка тақдим қилиниб, сотиб олинаётган актив баҳосининг бир қисми (25-30% атрофида) мижоз томонидан банкда очилган махсус ҳисобрақамга ўтказилгандан кейин (мижоз тарафидан активнинг бир қисми учун тўлов қилишнинг бундан бошқа йўллари ҳам бор) банк ITFC ёки ICDга мижоз учун керакли бўлган активни сотиб олиш ҳақида талабнома юборади;
- ITFC ёки ICD талаб қилинган активларни сотиб олиш учун сотувчига керакли пул маблағларини ўтказади;
- Сотиб олинган актив етиб келгандан кейин (одатда сотиб олинган актив тўғридан тўғри мижозга етиб келади) мижоз билан муробаҳа шартномаси ҳамда топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади/имзоланади;
- Активнинг мижоз учун нархи одатда қуйидаги формула асосида аниқланади: сотиб олинган актив таннархи + активни сотиб олиш билан боғлиқ бевосита харажатлар + ITFC / ICD ва банк томонидан актив таннархига қўйилган устама;
- Актив мижозга ўтгандан кейин устама ҳисоблаш бошланиши керак (устама миқдори томонлар ўртасида аввалроқ келишиб олинган бўлади). Агар устама ҳисоблаш олдинроқ бошланса мижозлар банкдан бу борада тушунтириш талаб қилишлари керак бўлади, чунки бу масала ислом молиясида энг муҳим масалалардан бири бўлган кабз, яъни мулк эгалигининг сотувчидан харидорга ўтиши масаласи билан боғлиқ. Муробаҳа асосида активни сотаётган томон мулкни сотиб олмасдан туриб харидор-мижоз билан олди-сотди шартномаси имзолаши мумкин эмас. Мижоз ҳам жисмоний ёки ҳуқуқий жихатдан (яъни конструктив) унга ўтмаган актив учун тўлов қилиши мумкин эмас.
Мижозга талаб қилинган активни сотиб олиб берганда актив устига қўйилган устама ITFC ёки ICD ва банкнинг даромади ҳисобланади. Банклар шунингдек ITFC ёки ICDнинг вакили сифатида ҳам ушбу ташкилотлардан муайян вакиллик ҳақи олиши ҳам мумкин. Бироқ, одатда маҳаллий банклар муробаҳа ёки ижара битимларини расмийлаштириш давомида бунга қўшимча равишда бир марталик ҳақ (комиссия) ҳам олишади (муробаҳа ёки ижарани ташкиллаштириганлик учун). Бундан ташқари, банклар ITFC ёки ICD га мижоз учун кафиллик беришганлиги учун мижоздан ҳақ олишади. Бу эса ислом молияси тамойилларига зид амалиёт ҳисобланади. Чунки, мабодо қарздор ўз молиявий мажбуриятини бажаролмаса кафил қарз берган томонга (бу ҳолатда ITFC ёки ICD) қарздорнинг тўламаган қарзини тўлаб беради ва дарҳол қарз берувчига айланади, чунки қарздор қарз берувчига тўламаган қарзини кафилга тўлаши керак бўлади. Бу ҳолатда кафил берган қарзи учун тўлов олган бўлиб қолади, чунки у аввалроқ кафиллик бергани учун қарздордан ҳақ олган эди. Банк қарз берувчи – ислом молия муассасасининг вакили эканлигини ёдга олсак, муробаҳа ёки ижара орқали молиялаштирувчи томон ҳам беихтиёр рибовий амалиётга қўшилиб қолгандек бўлади.
Масаланинг бундан ҳам ёмон томони бор, банклар кафилликни мижозларга “енгиллик” яратиш мақсадида бирданига олишмайди (демак, кафиллик учун ҳақ кам эмас), балки ўша тўловни мижозга бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим қилишади. Бироқ, мижоз кафиллик учун белгиланган ҳақни ўрнатилган муддатда тўламаса, банк ҳар бир тўланмаган кун учун мижоздан қўшимча ҳақ олади. Бу эса ислом молияси тамойилларига бутунлай зид. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом молия маҳсулотидан фойдаланаётган анъанавий банклар эгалари ва раҳбарияти ислом молия маҳсулотлари ва хизматларига фақатгина қўшимча пул ишлаш манбаси сифатида қарамасликлари, балки бундай хизмат ва маҳсулотларни қўллашдан олдин ушбу тизимнинг моҳият/қадриятини англаб етишлари керак, шундай маҳсулот ва хизматларни кўрсатувчи, шу турдаги маҳсулотлар талабида бўлган мижозларга хизмат кўрсатувчи бўлимлар ходимларини тайёрлашлари керак. Агар шундай қилинмаса бундай шубҳали хизматлар таклиф қилаётган молия муасасаларига нисбатан халқимизда салбий фикр шаклланиши аниқ.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари (ислом иқтисодиёти йўналиши) бўйича фалсафа доктори (PhD)