«Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун ундан ўзга валий ҳам йўқ.» (“Раъд” сураси, 11-оят)
Бугунги кунда жамиятимизда, яъни мусулмонлар аксариятни ташкил қилувчи маконда бўлаётган (иқтисодий муносабатларга оид) ишларга бир назар солсак қуйидагиларни кўрамиз:
– ёлғончилик, омонатга ҳиёнат, ваъдасига вафосизлик одатий хол бўлиб қолган, ваҳоланки буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур ҳадисларига асосан мунофиқларнинг аломатларидир. Бошқа бир машҳур ҳадисда ёлғончи мендан эмас, яна бир саҳиҳ ҳадисда “Ким бир мусулмонга қилвирлик қилса ё унга зарар берса, ёки унга макр ишлатса, биздан эмас”, деганлар;
– илмга эътиборсизмиз, ваҳоланки билим олиш мусулмон ва муслималар учун фарз амал ва биринчи нозил бўлган оят Иқро’дир (Алақ сураси 1 оят).
– исрофгарчилик авж олган, ваҳоланки Аллоҳ таоло ҳаргиз исроф қилувчиларни севмас (Аъроф сураси 31 оят);
– рибо оддий ҳол бўлиб қолган, ваҳоланки оятга кўра рибохўрга Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган уруш ваъда қилинган (Бақара сураси 279 оят);
– пора орқали иш битириш ҳеч кимни хайрон қолдирмайдиган бўлиб қолган (гўё бу тўғри ишдек), ваҳоланки пора олган ҳам, берган ҳам лаънатлангандир.
Бу ишларнинг барчасини ким қиляпти? Албатта, ўзимиз! Ҳеч ким, ҳеч қайси душман бизга бу ишларни мажбурлаб қилдираётгани йўқ.
Ўзимизни ислоҳ қилишни бошлаш пайти келганига анча бўлди…