Инфляция* ҳукумат томонидан вужудга келтирилади, чунки фақатгина ҳукумат пул чоп этиш имкониятига эга. Инфляцияни бошқа ҳар қандай гуруҳ билан боғлаш нотўғри.
Милтон Фридман
На истеъмолчилар, на ишлаб чиқарувчилар, на касаба уюшмалари, на хорижий шайхлар, на нефт импорти, буларнинг ҳеч бири инфляцияни келтириб чиқармайди.
Инфляцияни келтириб чиқарадиган нарса – жуда катта давлат харажатлари, жуда катта миқдорда пул босиб чиқариш ва бундан бошқа ҳеч нарса эмас.**
Америкалик иқтисодчи, 1976 йил иқтисодиёт бўйича (бошқа иқтисодчилар билан биргаликда) Нобел мукофоти совриндори бўлган
* Инфляция – лотинча “inflatio” сўзидан олинган бўлиб, “шишиш”, “бўртиш”, “кўтарилиш” деган маъноларни англатиб, мамлакатдаги товар ва хизматлар баҳоси умумий даражасининг ошиши (ўсиши) тушунилади. Нархларнинг умумий даражаси кўтарилиши натижасида мамлакат пул бирлиги (миллий валюта) харид қобилиятининг пасайиши рўй беради. Бу эса ўз навбатида, давлат пул бирлигининг қадрсизланишига олиб келади.
Хўш, пулнинг қадрсизланиши деганда нима тушунилади?
Пулнинг қадрсизланиши деганда, бир хил миқдордаги пулга вақти келиб камроқ бўлган товар ва хизматларни сотиб олиш, яъни сотиб олиниши мумкин бўлган товар ва хизматлар миқдорининг вақти келиб камайиши тушунилади.
Мисол учун, йилнинг бошида 100 минг сўмга сотиб олиш мумкин бўлган кундалик истеъмолдаги товар ва хизматларнинг миқдори йилнинг охирига келиб камаяди. Бу эса 100 минг сўмга йилнинг охирида йилнинг бошидагига нисбатан худди ўша товар ва хизматларни камроқ миқдорда сотиб олиш демакдир.***
** ушбу сатрлар муаллифининг фикрига кўра жуда катта давлат харажатлари учун катта миқдорда пул босиб чиқариш, инфляцияни вужудга келтиради.
*** https://finlit.uz/oz/articles/monetary-policy/concept-of-inflation/
“Ислом молияси”дан қўшимча:
албатта, инфляцияга салбий таъсир ўтказувчи асосий омил ҳукумат томонидан харажатларни қоплаш учун реал активлар билан таъминламаган пулларни босиб чиқариш, лекин инфляцияни фақат шу билан асослаш унчалик тўғри эмас, чунки банкларнинг кредитлари ҳам инфляцияга сезиларли ҳисса қўшади. Банклар ишлаб чиқарувчиларга янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга хориждан янги янги маҳсулотлар импорт қилиш учун, биз, яъни нафсини амрига лаббай деб турувчи истеъмолчиларга шу маҳсулотларни сотиб олиш учун кредитлар беришади. Демак, тадбиркорлар қўлларида ишлаб топган пуллари бўлмаса ҳам кредит ҳисобидан мол олиб келишади, истеъмолчилар ҳам реал даромадга эга бўлмасдан туриб харажатларини кредит ҳисобидан оширишади. Даромад кам, харажатлар эса кўп. Албатта бу ҳолат иқтисодиётда реал активлар (яъни маҳсулот ва хизматлар) билан таъминланмаган қўшимча пулларнинг пайдо бўлишига ва инфляцияни кучайишига хизмат қилади.