“Анфол” араб тилидан “ўлжалар” деб таржима қилинади. Ушбу сурада ислом тарихидаги илк жанг — Бадр жангидаги воқеалар батафсил ҳикоя қилингани учун айрим саҳобалар уни «Бадр» сураси, деб ҳам атаганлар. Бу жангда мусулмонлар ғалаба қозониб, катта ўлжаларга эга бўладилар. Сура ана шу Бадр жанги тугаганидан сўнг ўлжалар тақсимотида айрим мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиққанда, уларга панд-насиҳат қилиш ва тўғри йўл кўрсатиш, ҳақиқий мўмин қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги оятлар билан бошланади. Сура ниҳоясида эса мўминлар бир уммат эканликлари, бинобарин, фитналарига алданмай, ўзаро дўст-биродар бўлиб яшашлари лозимлиги уқтирилади.
2. Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.
3. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.
4. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.
«… Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир».
Бу ҳам иймонни тасдиқловчи амаллардан. Шунинг учун, молиявий ибодатга «садақа» – «тасдиқловчи» дейилади. Унутмаслик керакки, қалбдаги мавжуд нарсани амал юзага чиқаради. Шунинг учун ҳам, амал иймоннинг асосий қисми ҳисобланади. Оғизда турли даъволарни қилиш билан эмас, мол-у мулкининг закотини бериш, инфоқ-эҳсон этиш, Аллоҳнинг йўлида сарфлаш билан киши мўмин бўлар экан.
Ушбу сурадан кейин келадиган “Тавба” сурасининг 75 ва 76 оятларида эса ҳақиқий мўминларнинг акси қандай бўлиши ҳақида айтилади:
75. Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», — деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор.
76. У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар.
Демак, “агар Аллоҳ Ўз фазлидан бойлик / имконият берса садақа қиламан, аҳли солиҳлардан бўламан”, деб юриб, Аллоҳ бойлик / имконият берганда эса бахиллик қилиб садақа инфоқ-эҳсон қилмасдан кетиш мунофиқларнинг сифати экан. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Манба: “Тафсири ҳилол” асосида тайёрланди.