ҲАДИС ТОЛИБЛАРИГА ХАЙРИ ЭҲСОНЛАРИ
Ибн Муборак ҳадис ва аҳли ҳадисга эътиборни тортадиган даражада катта ғамҳўрлик қилар эди. Ибн Муборак газлама ва мўйна билан савдогарчилик қилар эди. У шу тижоратдан келган даромадларини илмий сафарларига ва Шомдаги жанговар юришларга сарфлар эди. У «Агар беш киши бўлмаганда мен савдогарлик қилмас эдим», деганда ундан: «Эй Абу Абдураҳмон (бу Ибн Муборакнинг куняси) ким у беш киши?» деб сўраганларида: «Суфён ас-Саврий, Суфён бин Уяйна, Фузайл бин Иёз, Муҳаммад ас-Самак ва Ибн Аммия», деб жавоб беради. Ҳар вақтки савдогарчиликдан бирон нарса фойда қилса, рўзғорига озиқ-овқат олар эди ва ҳаж сафарига харажат қилар эди. Қолганини биродарларига етказар эди. Ибн Муборак хайри-эхсонларини ўз юртига сарфламасдан ўзга элларда тарқатиб юргани учун таъна қилинади. Чунки ислом кўрсатмасида хайри-эҳсон аввало ўз элига қилинади, сўнгра атрофдаги яқин элларга тарқатилади. Лекин Ибн Муборак бошқа элларда хайри-эҳсон қилишга ҳаракат қилар ва қилаётган харажатларида ўзини оқлар эди. «Мен фазилатли ва садоқатли кишиларнинг жойини биламан. Улар ҳадис учун ҳаққоний хизмат қиляптилар, улар одамларнинг ёрдамларига мухтождурлар ва агар биз уларни ташлаб қўйсак, уларнинг илмлари зое бўлади. Агар одамлар уларга ёрдам берсалар, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига илм тарқатадилар. Пайғамбарликдан кейин илм тарқатишдан кўра афзалроқ нарсани билмайман», деб жавоб берар эди. Дархақиқат, Ибн Муборак бу афзалликни ҳадисни тарқатиш ва уни толиби илмларга етказиш учун ўз ҳаётларини бағишлаган ана ўша муҳаддисларнинг эҳтиёжларини қоплашда, деб билар эди. У уламолар, аввало, шу ёрдамга муҳтожлар ва уларнинг бу мухтожликлари уларнинг ялқовликлари ёки ишёқмасликларидан эмас, балки ҳадис тарқатиш, толиби илмларга етказиш ҳамда ҳадиснинг пайида бўлиб турганликларидандир. Шунингдек, Ибн Муборак толиби илмларга, қарздор кишиларга, ва муҳтожларга доимо моддий ёрдам кўрсатар эди.
ИБН МУБОРАКНИНГ ЗОҲИДЛИГИ
Ибн Муборак Ал-Марвазийни зоҳидликка бошлаган омиллар ва рағбатлар ҳақида баҳс юритадиган бўлсак, бу ишлар ва рағбатларнинг пайдо бўлишида атроф-муҳитнинг таъсири катта эканлигини кўрамиз. Марв аҳли эса зоҳидликда машхур бўлган эканлар.
Ибн Муборакнинг зоҳидлигида наслдан наслга ўтишнинг ҳам аҳамиятли эканлигига шубҳа йўқ. Унинг отаси турк ва онаси эса хоразмлик эди. Кўп ривоятларда Абдуллоҳнинг отаси Муборак хилватни афзал билиб, қаттиқ тақводорлик билан кўпинча узлатда бўлиши зикр қилинади.
Муборакнинг ниҳоятда парҳезкорлиги, омонатдорлиги ва қалби поклиги ҳақида Ибн Халкон унинг отаси Муборак тўғрисида ҳикоя қилиб шундай дейди: «У бир хўжайиннинг боғида боғбонлик қилар эди ва у ерда бирмунча яшади. Сўнгра бир куни хўжайин келиб унга: «Менга битта ширин анор олиб кел», деди. У бориб бир дарахтдан битта анор олиб келтирди. Хўжайин уни ёриб татиб кўрса, нордон экан, ачиғланиб унга: «Мен сенга ширин анор келтир – деб айтдим, сен эса нордонини олиб келибсан, бор ширинидан олиб кел», деди. У бориб бошқа дарахтдан яна битта анор олиб келди. Хўжайин уни ҳам ёриб татиб кўрса, у ҳам нордон бўлиб чиққан. Шунда хўжайин унга: «Сен анорнинг қайсиси ширин, қайсиси нордон эканлигини билмайсанми?» деди. Муборак: «Йўқ, билмайман», деб жавоб берди. Хўжайин: «Бу қанақаси, нега билмайсан?» деди. У деди: «Анорларни биронтасини ҳам еб кўрмаганман». У: «Нега еб кўрмагансан?» деб сўрайди. Шунда Муборак: «Сиз менга анорни еб кўриш учун рухсат берганингиз йўқ», деб жавоб беради. Бу қисса аниқ бўлгач, уни кўп улуғлади, сўнгра қизига уйлантириб қўйди. Абдуллоҳ ана ўша қиздан туғилган ва отасининг баракотлари унга ҳам ўтган.
Ибн Муборакнинг Хуросонлик, Куфалик, Басралик,Мадиналик, Маккалик ва Шомлик тақводор, покдомон, зоҳид, фозил, шайхларга шогирд тушиши унинг зоҳидлик ҳаётига таъсир кўрсатди. Ибн Муборакнинг зоҳид ва муҳаддис бўлиб етишишида таъсир кўрсатган буюк шахс у зоҳидлик, тақводорлик ва ҳадис илмида амир ал-мўминийн бўлган олим Суфён ас-Саврий ал-Куфийдир.
(Давоми бор)
Манба: Islom.uz рортали