Исломда молиявий муносабатлар ислом дини кириб келиши билан ривожланишни бошлаган бўлса-да, фақат ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ислом банклари фаолиятини йўлга қўйиш бошланди.
Ислом иқтисодиётига тез суръатларда ривожланаётган соҳа сифатида қаралади. Шунингдек, ислом молиясини халқаро даражада ўрганиш учун ҳам бир неча ишлар амалга оширилган. Шулардан бири ACCA.
АCCА ўзи нима?
АCCА илк бор 1904 йил Лондонда ташкил қилинган. АCCА (Association of Chartered Certified Accountants) халқаро даражада молия мутахассисларини тайёрлаш дастури ҳисобланади. Ўзида 13 та фанни жамловчи дастурнинг расмий сайти accaglobal.com. Ушбу сайтда ACCA имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш билан бирга, бу соҳа доирасида бўлаётган янгиликлардан бохабар бўлиб туришингиз мумкин. Шунингдек, бу платформада анъанавий иқтисодиёт билан бир қаторда Ислом иқтисодиёти ҳақида ҳам қизиқарли мақолалар билан танишишингиз мумкин. АССА мамлакатимиз молия тизимига эндигина кириб келганлиги сабабли унчалик маълум ва машҳур эмас.
Шунга қарамай, ушбу дастурнинг муҳимлигини англаган Ўзбекистон ҳукумати, бу дастурни қўллаб-қувватлаш, ҳамда АCCА кадрлари сонини ошириш мақсадида Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди. Унда келтирилишича, 2020-2025 йиллар давомида АCCА’ни ўқитиш ҳамда имтиҳон пуллари давлат томонидан қопланади. Бу ҳақда батафсил Kun.uz чоп этган мақолада ўқишингиз мумкин.
Хўш, бу дастурнинг ислом молиясига қандай алоқаси бор?
F9
Дастурнинг F9 (Finacial Management) молиявий бошқарув қисмида ислом молиясига кириш ўқитилади. Бу фанда талабалар ислом молияси ва анъанавий молия ўртасидаги ўзаро ўхшаш ва фарқли томонларни ўрганишади.
Бу соҳага кириш бўлганлиги боис, унда илк ва оддий тушунчалар берилади.
P4
Дастурнинг P4 (Advanced Financial Management) босқичида мавзулар ичига чуқурроқ кирилади. F9 босқичи бакалавр билан тенглаштирилса, P4 магистрлик даражасига тенг дейиш мумкин.
Шу билан бирга, ислом молияси бўйича мутахассис тайёрловчи лойиҳа ҳам мавжуд бўлиб, у IFQ деб аталади.
IFQ
IFQ (Islamic Finance Qualification) Ислом молияси сертификати 2016 йил 1 июндан ишга тушган. Бу дастур дунё миқёсида шаръий молия мутахассисларини етиштиришни мақсад қилган. Ўрганувчилар ислом молияси асослари ва такофул (ислом суғурта тизими) бўйича таҳсил оладилар.
Сертификат учун имтиҳон онлайн ўтказилади. Имтиҳон ўзида 100 саволни жамлайди ва бунинг учун 2 соат вақт ажратилади. Бутун курсни тугатиш учун 130 соат сарф этилиши тавсия қилинади. Минимал ўтиш бали 70-90 ни ташкил қилиб, бу 50% деганидир.
АCCА талабалари учун IFQ курси ва имтиҳон тўловларида 25% чегирма мавжуд.
АCCА мутахассисларининг ислом молияси тўғрисида фикрлари
АCCА мутахассислари ислом молиясини муқобил молия тизими сифатида кўрибгина қолмай, 2008 йилда бўлган молиявий инқирозга ўхшаш инқирозларни олдини олишда қўл келишини ҳам тан олади. Ушбу тизим бугунги кунда яна вужудга келиши тахмин қилинаётган янги инқирозга ечим ўлароқ кўрилади. Аммо уларнинг фикрича, шаръий молия тизими ривожланиши учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак.
АCCА маърузачиси Кен Гарреттнинг таъкидлашича, айни муаммо ягона бир тизим ва қонунлар жамланмасининг йўқлигидир.
Шунга қарамай, ушбу молиявий йўналишнинг ривожланиши жадал кетаётган мамлакатлар ҳам мавжуд. Мисол учун, Малайзия. Бу мамлакатда ушбу иқтисодий тизимни ривожланиши учун жуда муҳим ва катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Малайзияда энг катта сукук бозори мавжуд. Ривожланишларда мамлакатнинг устун жиҳати шундаки, ҳукумат инглиз тилида “sandbox”, ўзбек тилида “қонун қумдони” деб аталувчи воситадан қўрқмай фойдаланмоқда. “Қонун қумдони”нинг моҳияти шундаки, унинг доирасида турли қонун лойиҳаларини амалда тажрибадан ўтказиш мумкин, бу худди синов майдони кабидир. Малайзия ислом молиясига алоқадор масалаларда шу ёндашувни қўлламоқда ва турли хил амалиётлар ўтказиб кўрмоқда. “Биз бу соҳада кўплаб моделларни ишлаб чиқмоқдамиз. Кейинги босқичларда эса биз уларни амалда синаб кўришимиз даркор. Буларни оммага ёйиш яна бир қанча вақт олиши табиий, чунки одамлар уларнинг ишончли эканлигига амин бўлиши керак”, – дейди Куала Лумпур INCEIF профессори Обиятҳулла Исмат. Шунингдек, унинг қайд этишича кейинги 10 йилда ислом молияси анъанавий молия тизимидан яхшироқ эканлиги тўлалигича исботланади. Бунинг учун фақатгина вақт ва тизимли ишлар олиб борилиши талаб этилади.
Муаллиф: Олмос Абдумаликов
GlobalHalal.uz сайти журналисти
Муҳаррир: Жахонгир Имамназаров
«Islom moliyasi» лойиҳаси ҳаммуассиси