ИЖАРА СУКУКИ
Ижара сукуки. Инвестиция жалб қилмоқчи бўлган корхона ташаббускор сифатида SPV ташкил этади. SPV ҳузурида шариат кенгаши тузилади ва қонунчилик талабига кўра андеррайтер (чиқарилган сукукнинг муайян миқдорини сотиб олиб, кейинчалик уни инвесторларга сотиш йўли билан жойлаштириш мажбуриятини оладиган кафил) ва рейтинг агентликлари жалб қилиниши мумкин. Ундан сўнг жараён қуйидаги тартибда давом этади:
SPV ва сармоядор ўртасида ижара шартномаси тузилади. Унга кўра SPV сармоядорга сукук билан унинг асоси ҳисобланган активни сотади ва кейин SPV ўша активни ижарага олади, бунинг натижасида эмитент молиявий маблағларга эга бўлади. Сармоядор фойдаси, ижара тўлови орқали шаклланади ва келишув якунида SPV активни қайта сотиб олади, натижада сукук сўндирилади. Сукук жойлаштирилаётганда активни учинчи шахсдан ҳам сотиб олиши мумкин. Бу ҳолат муробаҳа келишувига ўхшашлиги сабабли амалиётда учинчи шахс аралашувидан кам фойдаланилади.
Ижара тўлови ва қайта сотиб олиш SPV учун кредиторлик мажбурияти пайдо қилгани боис сукук номинал (бошланғич) қийматининг қайтиши ва даврий фойданинг тўланиши кафолатланган бўлади. Ижара сукуки билан иккиламчи бозорда олди-сотди жараёнларини амалга ошириш мумкин. Моҳиятан инвестор активлардаги ўз улуши билан савдо қилган ҳисобланади.
САЛАМ СУКУКИ
Салам сукуки. SPV ва инвестор ўртасида олди-сотди шартномаси тузилади. Уни ижара механизмининг акс кўринишига қиёслаш мумкин. Эмитент (сукук чиқарувчи томон) келажакдаги маҳсулот учун чегирма асосида аввалдан тўлов (Р0)ни қабул қилиб олади ва шу орқали SPV лойиҳа учун молиявий ресурсга эга бўлади. Ўз навбатида инвесторлар Р0 нархда сукукни сотиб олади ва бу нарх сукукнинг номинал (эълон қилинган/белгиланган) қийматини акс эттиради. Маҳсулот сармоядорнинг мулки ҳисобланиб, SPVга кредиторлик мажбурияти юкланади.
Келишилган муддатда маҳсулот бозор нархида сотилади ва маблағ (Р1) сукук эгаларига тақсимлаб берилади. Бу эса сукук сўндирилишини акс эттиради. Инвесторлар фойдаси бозор нархи ва номинал нарх ўртасида юзага келади (Р1-Р0=фойда). Маҳсулот сармоядор мулки ҳисобланганлиги учун сўндирилиш муддатида келишувга кўра тайёр маҳсулотнинг ўзини етказиб бериш ҳам мумкин.
Салам сукуки жорий вақтда мавжуд бўлмаган маҳсулот бўйича қарзни ифодалаганлиги учун иккиламчи бозорда олди-сотди жараёнларини амалга ошириши мумкин эмас. Кредиторлик мажбуриятини бажариш нуқтаи назаридан сукукнинг сўндирилиши ишончли бўлади. Фойда эса маҳсулотнинг ўша вақтдаги бозор нархига боғлиқ бўлади.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)