1-қисм. Сукук фаолияти учун хизмат қилувчи муассасалар
Мақоланинг аввалги қисмларида айтиб ўтилганидек, сукук ислом молия тизимида нисбатан янги молиявий маҳсулот ҳисобланади, ва шу сабабли ушбу маҳсулот такомиллашиб борган сари унинг янги кўринишлари ва турлари ишлаб чиқилмоқда. Мақоланинг жорий қисмида сукукнинг қандай турлари мавжуд ва улар қандай хусусиятларни ўзида мужассамлаштиришини ёритишга ҳаракат қиламиз. Аммо ундан аввал сукуклар эмиссияси, муомаласи ва сўндирилиши/қайтарилиши/қопланиши билан боғлиқ жиҳатлар барча талаблар ва стандартлар даражасида бўлиши учун хизмат қилувчи муассасаларга тўхталиб ўтамиз.
Сукук фаолияти учун хизмат қилувчи муассасалар анъанавий қимматли қоғозларга хизмат қилувчи муассасаларга кўп жиҳатдан ўхшайди. Бу тизимни тартибга солиш вазифаси капитал бозорини тартибга солувчи идора таркибида ташкил этилган бўлимга юклатилади.
Шу тариқа сукук эмиссияси ва муомала даврида иштирок этувчи муассасалар таркиби қуйидагилардан иборат:
– SPV (эмитент) – сукук чиқарувчи ва бошқарувчи компания;
– ташаббускор/бенефициар (SPV таъсисчиси);
– шариат кенгаши;
– инвестор;
– тартибга солувчи идора;
– андеррайтер – чиқарилган сукукнинг муайян миқдорини сотиб олиб, кейинчалик уни инвесторларга сотиш йўли билан жойлаштириш мажбуриятини оладиган кафил;
– рейтинг агентлиги;
– депозитарий – фонд бозоридаги қимматли қоғозлар (акция, сукук)ни жойлаштириш, сақлаш ва ҳисобга олиш, муомала ҳаракатларини қайд этиш билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи;
– савдо ташкилотчиси (биржалар).
Сукукнинг бошқа анъанавий қимматли қоғозлардан фарқланувчи хусусиятларидан бири SPV ва шариат кенгаши институтларининг иштирок этишидир. Ушбу икки институт сукук фаолиятида муҳим аҳамият касб этиб, барча босқичларда мураккабликларни бартараф этишга хизмат қилади.
SPV (special purpose vehicle) – махсус мақсадли корхона ёки ихтисослашган лойиҳа компанияси бўлиб, маълум лойиҳа ёки бизнес режани амалга ошириш ва бошқариш учун ташкил этилган корхона.
Айнан мана шу ҳуқуқий шахс ёки траст қоидага кўра, сукук сертификатларини чиқаради, улар бўйича сукук эгалари олдида жавоб беради, сертификат эгаларидан олинган маблағларни эмиссион ҳужжатларга кўра инвестиция қилади ва улар ўртасида молиявий оқимларни тақсим қилади[1]. Бу таъриф AAOIFIга тегишли бўлиб, унга кўра сукуклар SPVсиз ҳам чиқарилиши мумкин[2].
SPVни ташкил этишдан мақсад сукук воситасида молиялаштирилган лойиҳа бошқарувини алоҳида шаклда ташкил этиш, унинг пул оқимлари ва ҳисоб-китобларида бошқа лойиҳалар билан аралашуви натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатолик ва ноаниқликларнинг олдини олиш орқали молиявий муносабатларда юқори даражада аниқликка эришиш ҳисобланади. Бу компания сукук эмиссия рисоласида кўрсатилган лойиҳадан ташқари бошқа фаолият билан шуғулланиш таъқиқланади. Шу сабабли сукук эмиссияси учун SPVни ташкил этиш мажбурий этиб белгиланган. SPVни ташкил этувчи корхона ёки шахслар таъсисчи сукук фаолияти билан боғлиқ жараённинг ташаббускори ҳисобланади.
Шариат кенгаши мустақил ўзини-ўзи бошқарувчи орган бўлиб, чиқарилаётган, муомалада бўлган исломий қимматли қоғозлар ва инвестиция йўналтирилган лойиҳанинг ислом тамойилларига мувофиқлигини назорат қилади ҳамда хулосаларини бериб боради. Айрим мамлакатларда ҳар бир эмитент ҳузурида шундай кенгашни тузиш мажбурий этиб белгиланган. Шариат кенгаши томонидан маъқуллаган сукуклар эмиссиясига (чиқарилишига) рухсат этилади.
Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи идора ҳузурида ҳам олий шариат кенгашлари тузилиб, у мазкур муассасанинг ислом капитал бозори фаолиятига оид таклифларини ишлаб чиқади, маълум вақтлар оралиғида ислом тамойилларига мос келувчи қимматли қоғозлар рўйхатини эълон қилиб боради, чиқарган қарорлари эса сукукларга дахлдор масалаларда шариат томонидан энг юқори босқич қарори ҳисобланади.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Исломий молия асослари [Матн] / Е.А.Байдаулет. – Тошкент: «O‘zbekiston» НМИУ, 2019. – 68-б.
[2] Сукук. Шариатский стандарт №17 / Пер. с англ.; [Ред. совет: P.P. Вахитов и др.]; Орг.бух. учета и аудита исламских фин. учреждений (AAOIFI). – М.: Исламская книга, 2010. С.8.