Ҳозирда криптовалюталарга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда ва уларни чиқараётган ҳамда сотиб олаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Юртдошларимиз орасида ҳам криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланаётган ёки шуғулланмоқчи бўлганлар сони кўпаймоқда. Ушбу мақолада криптовалюталарни олди-сотди қилиш ҳалоллиги ҳақида устоз уламоларимизнинг фатво ва тавсияларини келтиришни мақсад қилдик. Дастлаб, криптовалютанинг ўзи нима эканлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Криптовалюта (crypto-currency, crypto, coincrypto-currency, crypto, coin) – криптография билан ҳимояланган, марказлашмаган компютерлар тармоғида ишловчи, рақамли ёки виртуал валюта. Криптовалютанинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ҳукумат ёки банк каби бирор марказий ташкилот томонидан тартибга солинмайди ва учинчи томоннинг аралашуви мавжуд эмас. Ҳозирда криптовалюталарнинг савдоси жоиз ёки жоиз эмаслиги бўйича ислом уламоларида турли қарашлар бор. Aйрим манбаларда, криптовалюталарни (хусусан, биткоинни) ҳалол деб чиқарилган фатволарга дуч келишингиз мумкин. Криптовалюта савдоси билан шуғулланишдан олдин, албатта, ҳар бир мусулмон киши бу фаолиятни ўрганиши, устозларнинг фикрларини инобатга олиши, ва мулоҳаза қилиб кўриши зарур деб ҳисоблаймиз. Биз устоз деб билган ва уларнинг фатво, тавсияларига амал қиладиган олим ва мутахассисларнинг фикрларини қуйида сиз билан бўлишмоқчимиз.
1. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг жавоблари
Биринчи навбатда, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг жавобларини келтириб ўтамиз. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний – ислом молияси ва иқтисодиёт бўйича замонамизнинг энг етук уламоларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда, Покистон Давлат Банки Шариат Кенгаши раиси, AAOIFI Шариат Кенгаши раиси, Халқаро Ислом Фиқҳи Aкадемиясининг вице-президенти, ва бир неча ислом банклари ҳамда халқаро ташкилотларнинг шариат кенгаши раиси лавозимида фаолият юритадилар .
Юқоридаги расмда кўрсатилган жавобда, устоз криптовалюта ҳозир асосан чайқов (спекулятив) мақсадларига хизмат қилаётганини, унинг жоизлигини тасдиқловчи асос йўқ эканлигини айтганлар ва у билан шуғулланишни тавсия қилмаганлар. Савол-жавобнинг ўзбек тилида таржимаси қуйида берилган.
Савол: Криптовалютадан бизнес мақсадларда фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Шу даражадаки, у турли молия ташкилотларини яратиш учун асос бўлмоқда ва кўплаб мамлакатлар уни давлат миқёсида тартибга солиш жараёнида. Ҳозирги вазиятда, шариат уламолари криптовалюта савдосининг шариат мақомини сўраётган оммага қандай йўл-йўриқ кўрсатиши керак?
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг жавоби:
«Ҳозирча криптовалюта асосан спекулятив мақсадларда фойдаланилмоқда. Шахсан мен уни тавсия қилмайман. Бироқ, келажакда ундан ҳақиқий савдо мақсадида фойдаланиш кўлами кенгайиши мумкин ва шунда биз ҳозирги қарорни қайта кўриб чиқишимизга тўғри келиши мумкин.Ҳеч шубҳа йўқки, бу валюта спекулятив характерга эга. Ҳатто ундан оммавий фойдаланиш ҳам шариат нуқтаи назаридан афзал кўрилмайди. Дастлаб, қоғоз валюталар жорий қилинди ва ҳозир дунё ҳеч қандай активга бириктирилмаган рақамли валюта томон ҳаракатланмоқда. Бу халқаро режанинг бир қисми. Яқин келажакдаги режа, иқтисодларни криптовалюталарга қарам қилиши мумкин. Ва кейинчалик бу пул эгалари заиф иқтисодларни молиявий қулликка айлантириши мумкин. Фиқҳга кўра уларнинг жоизлигини тасдиқловчи аниқ асос ҳозир мавжуд эмас, шунинг учун криптовалютани қўллаб-қувватлай олмаймиз.»
2. Др. Шайх Aли Муҳйиддин Aл Қорадоғийнинг фатволари
Бутун дунё мусулмон уламолари уюшмасининг бош котиби бўлган Шайх Aли Муҳйиддин Aл Қорадоғий, ислом иқтисодиёти бўйича дунёдаги саноқли етук мутахассислардан бири ҳисобланадилар. Фиқҳ, иқтисод, банк мавзуларида юзлаб тадқиқот ишлари ва ўттиздан ортиқ китоблар муаллифи ҳамда кўплаб ислом ташкилотлари шариат кенгаши аъзоси, Қатар Университетида профессор бўлиб фаолият юритиб келмоқдалар.
Юқорида берилган Др. Шайх Aли Муҳйиддин Aл Қорадоғийнинг криптовалюта бўйича берган фатво видеоларининг мазмуни:
«Шариатда пул бирлиги бўлиши учун қўйиладиган 2 хил талаб бор.
1) Ўз зотида қийматга эга бўлиши. Масалан, олтин ва кумушга ўхшаб. Бу турдаги пул бирлигида бизнинг наздимизда муаммо йўқ;
2) Ишонарли бўлиши, унинг ортида давлат туриши, ҳимоялаши, ва кафолатлаши лозим.
Шундан келиб чиқиб, биткоин ва шу турдаги рақамли валюталар олтин ва кумушга ўхшаб ўз зотида асл қиймати мавжуд эмас ва уларнинг ортида кафолатлайдиган, ҳимоя қиладиган давлат ҳам йўқ. Криптовалютани барча бир овоздан товар-маҳсулот ҳам эмаслигини таъкидлайди. Бундан ташқари, унинг молиявий ҳуқуқи ҳам мавжуд эмас, балки у фақатгина илғор ишлаб чиқилган дастурдир холос. Бу бўйича чуқур ўрганилгандан сўнг, шариатнинг ҳукми қуйидагича: биткоин ва шунга ўхшаш шифрланган ёки рақамли валюталарга сармоя қилиш жоиз эмас ва бу пул (мол-мулк)нинг муҳофазаси учундир. Рибо сабабли ҳаром қилинган эмас. Мен ислом давлатларини рақамли валюталарни муомалага чиқаришга, давлат томонидан уларга кафил бўлишга, ва улар учун тизим яратишга чақираман».
3. Ислом молияси бўйича эксперт Ҳондамир Нусратхўжаевнинг жавоби
Ислом молияси ва корпоратив молияда кўп йиллик тажрибага эга, AAОИФИ кенгаши аъзоси, устоз Ҳондамир Нусратхўжаевнинг криптовалюта юзасидан берилган саволга жавобини қуйидаги видеода батафсил кўриб/билиб олишингиз мумкин.
Савол: Ғарардан келиб чиққан ҳолатда хулоса қилиш мумкинки, ҳозир жуда мавҳум бўлгани учун, криптовалютанинг олди-сотдиси ислом молиясига кўра жоиз эмас деб уламолар ҳукм чиқаришган деб хулоса қилишимиз мумкинми?
Ҳондамир Нусратхўжаев қуйидаги сабабларни айтиб ўтдилар:
1) Айирбошлаш воситаси эмас;
2) Сиз ким билан муомала қилаётганингизни билмайсиз;
3) Спекуляция учун ишлатилмоқда, яъни пулдан пул қилиш. Асосий мақсад пулдан пул қилиш. Истаган (молияни тушунадиган) олимдан сўралса, спекуляция билан қимор теппа-тенг юради, дейди. Спекуляция (чайқов)нинг ҳам охири қимор (майсир)га бориб тақалади.
Бу пуллар йўқ жойдан яратилмоқда ва кейин уларга ҳақиқий бойликлар сотиб олинмоқда. Бундан фарқли равишда, доллар каби пуллар (сўм, рубл..) реал иқтисодий механизм асосида ишлайди.
4. Бошқа олим ва мутахассисларнинг криптовалюта бўйича фатво ва жавоблари:
Юқорида келтирилган фатво ва жавоблардан ташқари, криптовалютанинг жоиз эмаслиги ҳақида бир неча бошқа манбаларни ҳам топишингиз мумкин. Хусусан, Мисрнинг бош муфтийси Шоки Иброҳим Аллам криптовалюта билан шуғулланиш (ишлаб чиқариш, савдо қилиш, ва ҳ.к.)ни ҳаром деб фатво чиқарганлар. Таниқли ислом уламоларидан бири бўлган, Шайх Ассим ал-Ҳаким ҳам биткоин ва унга ўхшаш криптовалюталарнинг жоиз эмаслигини айтганлар. Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳам криптовалюта жоиз эмаслиги айтилган.
Лекин, мақоламизнинг бошида эслатиб ўтганимиздек, ҳозирда, криптовалютанинг ижобий томонларини ёқлаб чиқаётган ва биткоин каби айрим криптовалюталарнинг жоиз эканлигини таъкидлаётган ислом уламолари ҳам йўқ эмас. Умуман олганда, ҳозирда, криптовалюталарнинг ҳалоллиги борасида 3 хил қараш мавжуд.
- Криптовалютани ҳаром деб ҳисобловчи уламолар. Бу уламоларга Шайх Али Муҳйиддин Ал Қорадоғий, Шайх Шоки Ибоҳим Аллам, ва Шайх Ассим ал-Ҳаким ҳазратларини мисол келтиришимиз мумкин.
- Криптовалюта билан боғлиқ ҳозир шубҳали ва мавҳум ҳолатлар мавжуд эканлиги ва унинг ҳалоллиги борасида аниқ асос йўқ деб ҳисобловчи уламолар. Бу уламолар крипто билан ҳозирча шуғулланишни тавсия қилмаганлар ва якуний қарорларини беришни кейинга қолдирганлар. Бу уламоларга Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларини мисол келтиришимиз мумкин.
- Криптовалютани ҳалол деб ҳисобловчи уламолар. Бу уламолар барча турдаги криптовалюталарни ҳалол деб айтмаганлар, балки муайян меъзонларга жавоб берган криптовалюталарнигина ҳалол деб айтганлар. Бу уламоларга Муфтий Фараз Адам ва Шайх Ясир Қадҳи каби уламоларни мисол келтиришимиз мумкин.
Ҳозирги ҳолатда, криптовалютани жоиз эмас деб айтишган ёхуд у билан шуғулланишни тавсия қилмаган таниқли уламоларнинг фатво ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, ҳалол деб айтилаётган ҳолларга батафсил тўхталишни лозим деб топмадик. Зеро, Муфтий Тақий Усмоний ва Шайх ал Қорадоғийларнинг ҳозир криптовалюта жоиз эмаслиги ҳақидаги фатволари ва тавсиялари, бу иш билан шуғулланмаслик учун етарли асос бўлади деб ҳисоблаймиз.
Биткоин (ёки бошқа криптовалюта) тўлиқ ҳалол бўлиши мумкинми?
Ҳозир криптовалютанинг жоизлиги борасида уламоларда турли қараш мавжуд бўлсада, келгусида бу ўзгариши ва барча уламолар маълум бир криптовалютанинг ҳалоллиги бўйича иттифоқ қилишлари мумкин. Кенг миқёсда олинганда, бунинг учун бир неча шартлар бажарилиши ва бу шартлар қуйидагилар бўлиши мумкин:
- Криптовалюта мамлакат ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиши керак ва унинг қиймати мамлакат иқтисодига ва барқарорлигига боғлиқ бўлиши керак. Шунингдек, криптовалюта реал активлар (олтин, кумуш, нефт каби) билан таъминланиши керак.
- Транзакцияларни кузатувчи марказий идора бўлиши керак. Бу пул ювиш, гиёҳванд моддалар савдоси, ва бошқа жирканч жиноятларнинг тарқалишини олдини олиш учун муҳим аҳамиятга эга.
- Криптовалютадан чайқов жиҳатини олиб ташлаш ёки юмшатиш керак. Бу одамлар ўз жамғарма маблағларини йўқотишдан сақлашлари учун муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, криптовалютанинг ўзгарувчанлиги (тебраниши/нархининг “ўйнаши”) оқилона даражада бўлиши назорат қилиниши зарур.
Хулоса
Хулоса ўрнида, аввал бир ҳадисни келтириб ўтмоқчимиз.
Нўмон ибн Башир (р.а) ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти
«Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди.
Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг ўрнатган чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир.
Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир».
Криптовалюталар ҳақида ҳозир ҳар хил қарашлар мавжуд бўлсада, таниқли ислом уламолари криптовалютани жоиз эмаслигини таъкидлашган. Ҳозирги ҳолатда, криптовалютани жоиз эмас деб айтишган ёхуд у билан шуғулланишни тавсия қилмаган таниқли уламоларнинг фатво ва кўрсатмаларига амал қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Зеро, криптовалюталар билан боғлиқ кўплаб амалиётлар ҳозир шубҳали ва юқоридаги ҳадисда айтилганидек, шубҳали нарсалардан сақланиш хайрлидир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, шариат меъзонларига мувофиқ ва ислом молияси асосида ишловчи ҳалол криптовалюталарни ишлаб чиқиш зарурати тобора долзарб масалага айланиб бормоқда.
👉 https://t.me/upliftuz
Муаллиф: Javlon Ota (@javlonota).
Иқтисодчи, Инвестор, Маркетолог