Милодий 650 – 750 йиллар
Ислом дини Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали инсониятга келди ва нисбатан қисқа муддатларда Макка ҳамда Мадина шаҳарларида кенг тарқалди. Исломга қадар бу шаҳарлар маҳаллий тадбиркорлик, давлатлар ва элатлараро савдо муносабатлари орқали гуллаб яшнаган. Бу даврда рибога асосланган молиялаштиришлар амалиёти молиявий эҳтиёжларни қондиришнинг асосий манбаи ҳисобланган. Маккалик тадбиркорлар ва Мадиналик деҳқонлар ўзларининг молиявий эҳтиёжларини фақатгина фоизли молиялаштириш орқали қондиришган.
Ислом нозил қилингандан сўнг бу шаҳарларнинг молиявий тузилишларида сезиларли ўзгаришлар юз бера бошлади. Жумладан, рибо билан шуғулланишни, маълум маҳсулотлар истеъмоли ва савдосини таъқиқловчи Қуръон оятлари Ислом молиясига асос бўлиб хизмат қилди. Натижада, ушбу тамойиллар Макка ва Мадинада муваффақиятли қўлланилиб, асрлар давомида дунёнинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалди. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида марказий Ислом хазинаси бўлган Байтул-молни ташкил этилганлиги Ислом молияси тизимининг ривожланиши айнан шу даврдан бошланганлигидан далолат беради. Закот, Ушр, Харож, Жизя, божхона тўловлари, ихтиёрий хайр-эҳсонлар, урушларда қўлга киритилган ўлжалар ва бошқа шу каби даромад ва киримлар Байтул-молнинг асосий манбаи ҳисобланган.
Байтул-молни ташкил этилишидан ташқари, Исломнинг илк даврларида йўл чеклари мавжуд бўлганлиги тарихий далиллар билан тасдиқланган. Масалан, Ибн Аббос р.а. Вориқни (дирҳамларга зарб қилинган кумуш) қабул қилиб олиб, Куфага (Ироқдаги шаҳар) эътирофнома/тасдиқнома юборарди. Яна бир мисол, Абдуллоҳ ибн Зубайр р.а. Маккада омонатчилардан нақд пул қабул қилиб олар ва Ироқдаги укасига хат ёзиб, омонатчилар Ироққа етиб борганида уларга омонатини беришини буюрарди. Юқоридагилар Ислом молиясининг милодий 650 йилдан 750 йилгача бўлган даврдаги қисқача тарихи дейиш мумкин.
Милодий 750 – 1900 йиллар
Ушбу даврда Рим, Тунис, Туркия, Ҳиндистон ва Суматра минтақаларида маҳаллий ва халқаро савдо соҳасида катта ўзгаришлар кузатилди, турли савдо ва молия амалиётлари қўлланилди. Ушбу амалиётларнинг аксарияти Мушорака (фойда ва зарарни тақсимлаш) асосида амалга оширилди. Бундан ташқари, Сукук, Суфтажа (қарз олгани тўғрисида тилхат), Бай ал-Вафо ва Бай ал-Нуқуд каби молиявий воситалар ҳам амалиётда кенг қўлланилди.
XIX аср охири — ХХ аср бошларига келиб фоизга асосланган банк тизимининг кенгайиши кузатила бошланди. Ўз навбатида, ўша давр мусулмон уламолари ушбу ҳолатларга жиддий муносабатда бўлиб, мусулмон жамияти учун Шариат меъёрларига асосланган муқобил молия тизими жорий этиш кераклигини ёқлаб чиқдилар. Масалан, 1890 йилда Ҳиндистонда фоизсиз молиялаштириш муассасаси ташкил этилди. Ундан сўнг, 1923 йилда Ҳайдарободда “Anjuman Imdad-e-Bahmi Qardh Bila Sud” (Фоизсиз кредит жамияти) деб номланган яна бир муассаса ташкил этилди.
Кейинчалик, 1950 йилнинг бошига келиб Покистонда биринчи замонавий Ислом молия муассасаси ҳисобланадиган Маҳаллий Ислом банки ташкил этилди. Шу йилнинг охирларига келиб, Музораба ва Вакала (агентлик) каби фоизсиз банк маҳсулотлари ҳам қўллана бошлади.
Шариат тамойилларига асосланган замонавий Ислом банкига, 1963 йилда Мисрда Мит Ғамр (Mit Ghamr) деб номланувчи маҳаллий жамғарма ташкил этиш орқали асос солинди. Айни шу даврда, Малайзияда ҳам мусулмонлар Ҳаж амалини бажаришларига молиявий кўмак бўлиши учун Зиёратчилар жамғарма корпорацияси ўз фаолиятини бошлади ва 1969 йилда Табунг Ҳажи (Tabung Haji) номи билан машхур бўлган Зиёратчиларни бошқариш ва жамғарма кенгаши таркибига киритилди.
1970 йилларга келиб Ислом молиясига бўлган эътибор янада кучайди ва бунинг натижаси ўлароқ 1971 йилда Мисрда Насир Ижтимоий банки ташкил этилди. Бу банк Миср президенти фармонига асосан ташкил этилган давлат ҳомийлигидаги биринчи фоизсиз муассаса эди.
1975 йилда ислом молияси соҳасида иккита катта янгилик юз берди – БААда Дубай Ислом банки ҳамда Халқаро Ислом молия ташкилоти саналувчи Ислом Тараққиёт банки (Жидда, Саудия Арабистони) ташкил этилди. Ундан кейин яна кўплаб Ислом молияси муассасалари ташкил этилди, жумладан, 1977 йилда Багама оролларида Ислом Инвестиция компанияси (IIC) га асос солинди, 1978 йилда Жидда шаҳрида Қирол Абдул Азиз номидаги университетда Ислом иқтисодиёти бўйича тадқиқот маркази ташкил этилди.
1980 йилларга келиб Исломий молиявий хизматлар саноати шиддат билан ривожлана бошлади. Шулардан, учта мусулмон давлати: Эрон, Покистон ва Суданда жиддий тадқиқот ишлари олиб борилди, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ва Шариатга мос маҳсулотларни таклиф қилишда анъанавий банклар ҳам жалб қилинди. Шунингдек, Халқаро Валюта Жамғармаси (IMF) фоизсиз ишлайдиган иқтисодий тизимнинг макроиқтисодий оқибатлари бўйича илмий тадқиқотларни бошлади. Ўз навбатида, Малайзия ва Баҳрайн каби давлатлар ҳам ўзларининг мавжуд тизимлари доирасида Ислом банкчилиги фаолиятини бошлаб юбордилар. Натижада, 1983 йил 1 июлда Малайзияда Bank Islam Malaysia Berhad (BIMB) Ислом банки ташкил этилди.
Бу даврдаги яна бир муҳим воқеа содир бўлди – Саудия Арабистонида Al-Rajhi Banking Investment Corporation номи билан иш бошлади ва ушбу компанияга Ислом банки гувоҳномаси берилди.
Ягона ёки Икки томонлама банк тизими
1980 йилнинг бошларида маҳаллий ҳамда халқаро молия институтлари томонидан ягона ёки икки йўналишга эга банк тизимини татбиқ қилиш юзасидан кўплаб баҳс ва мунозаралар бошланди. Ягона банк тизими – бу мамлакатдаги барча молиявий тизимлар Шариатга мос келиши кераклигини билдирса, икки йўналишга эга банк тизими эса мамлакатда ҳам Ислом, ҳам анъанавий молия муассасаларининг бир вақтнинг ўзида (яъни ёндош равишда) фаолият юритишини англатади.
Покистон, Судан ва Эрон ягона банки тизимини танлади ва қисқа вақт ичида бу мамлакатларда барча молия муассасалари фақат Шариат тамойиларига асосланган молия маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этадиган Ислом банк-молия тизими жорий этилди.
Бошқа томондан, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Баҳрайн давлатлари икки йўналишга эга банк тизимини босқичма-босқич жорий этишга киришишди.
2000 йилдан ҳозирги давргача
Ислом молия муассасаларининг ривожи ва амалиётлари кўламининг дунё бўйлаб кенгайиши маҳаллий ҳамда халқаро даражадаги умумий меъёрий-ҳуқуқий асос ва қоидаларга бўлган эҳтиёжини оширди. Ушбу сабаблар XXI асрнинг бошларида халқаро меъёрларни белгилашга ихтисослашган муассасалар фаолиятининг ривожланишига олиб келди. 2001 йилда дунёнинг энг нуфузли молия муассасаларидан бири Халқаро Ислом молия бозори (IIFM) ташкил этилди. Ислом Молия Институтлари учун Бухгалтерия Ҳисоби ва Аудити (AAOIFI), Халқаро Бухгалтерия Стандартлари Кенгаши (IASB), Ислом Молия Хизматлари Кенгаши (IFSB) ва Халқаро Ислом Рейтинг Агентлиги (IIRA) каби ташкилотлар ҳам шу пайтга келиб ўз фаолиятларини бошлашди.
Кейинчалик, Ислом Банклари ва Молия Муассасалари Умумий Кенгаши (CIBAFI) ва Ислом Молия Муассасалари учун Арбитраж ва Муроса Маркази (ARCIFI) ва бошқа кўплаб ташкилотлар ташкил этилди. Юқоридаги муассасаларни ташкил этишдан асосий мақсад, Ислом молияси саноатини самарали назорат қилиш, шаффофлик ва бозор тартибларини жорий қилиш орқали қонуний асосга эга, мустаҳкам ва барқарор тизимни шакллантириш, бошқариш ва тартибга солиш эди. Шунингдек, улар Ислом молия муассасаларининг нафақат Шариат тамойилларига ва ички қонунчилик талабларига мос келишини, балки Шариат тамойилларига зид бўлмаган жаҳон андозаларига ҳам мувофиқ ишлашини таъминлашга ҳаракат қиладилар.
Ислом банки Ғарб дунёсида
Ислом банки ва молияси нафақат Ислом давлатларида, балки Ғарб давлатларида ҳам кенг тарқала бошлади. Ғарбдаги машҳур Ислом банки ва институтлари бўлган:
- “Islamic Banking International Holding” (Люксембург) – 1978 йилда;
- “Dar-al-mal-al-Islami” (Женева) – 1981 йилда;
- “Al-Baraka” гуруҳи ва Дания халқаро Ислом банки (Дания) – 1982 йилда;
- “Islamic Finance House” (Лондон) – 1983 йилда ташкил этилди.
Юқорида қайд этилган муассасалардан ташқари, Ислом банки хизматларини таклиф этувчи бир қанча дунёга машҳур халқаро анъанавий банклар ҳам мавжуд, жумладан, Chase Manhattan, Citibank, HSBC, Union Bank of Switzerland (UBS), BNP-Paribas, Standard Chartered ва бошқа банклар.