Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг Бош котиби, фақиҳ, олим, доктор, Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий ҳафизаҳуллоҳ Ислом иқтисодиёти бўйича ҳам дунёдаги саноқли мутахассислардан бири ҳисобланади.
Ҳаёти:
Шайх Али Қорадоғий 1949 йил Ироқ Курдистонининг Сулаймония вилоятига қарашли Қорадоғ минтақасида дунёга келган. Дастлабки таълимни ўша жойда олган. Қуръони Каримни ёдлагач, Сулаймония шаҳрига амакиси Шайх Нажмуддин Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий ва бошқа бир гуруҳ олимлардан илм ўрганиш учун борган. Сўнгра Бағдодда Шайх Абдулкарим Муҳаммад ал-Модаррис ва Шайх Абдулқодир Хатиб каби олимлар қўлида таҳсил олган. Қорадоғ минтақасидан Али Муҳйиддиндан ташқари Шайх Абдул Латиф ал-Кабир, Шайх Муҳаммад Нажиб Қорадоғий, Шайх Умар Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий, Шайх Бобо Расул, Шайх Нуриддин, Шайх Нажмиддин, Шайх Зоҳид Холид Нақшбандий сингари жуда кўп уламолар етишиб чиққан.
Бўлғуси олим 1970 йилда Бағдоддаги Ислом институтининг бакалавр босқичини имтиёзли тамомлайди. Шундан сўнг Имоми Аъзам куллиясида ўқишини давом эттиради ва у ерни ҳам муваффақиятли битириб чиқади. Кейин эса Али Муҳйиддин Қорадоғий таълимни Ал-Азҳар университети Шариат ва қонун факультетида давом эттиради ҳамда 1980 йилда Қиёсий фиқҳ бўйича магистатурани, 1985 йилда эса докторантура босқичини имтиёз билан тамомлайди. Докторлик ишининг мавзуси “Ислом шариати ҳамда фуқаролик қонунчилиги (Civil law)да розилик асослари” бўлиб, унда саккизта фиқҳий мазҳаб, шунингдек рим, инглиз, француз, миср ва ироқ қонунчиликлари тадқиқ этилган. Ал-Азҳар университети олимнинг мазкур ишини юқори баҳолаб, уни дунёнинг бир неча тилларида чоп этишга тавсия беради.
1985 йилда доктор Али Қорадоғий Қатар университети Шариат факультети ўқитувчилари сафига қўшилади. 1990 йилда мазкур даргоҳда ёрдамчи ўқитувчи, 1995 йилда эса профессор унвонини олади.
Асарлари:
Олимнинг молиявий муамолот фиқҳи, банклар, иқтисод, ислом фиқҳи каби йўналишларда 30 дан ортиқ китоблари, 100 дан ортиқ тадқиқотлари мавжуд. Улар жумласига қуйидагилар киради:
▪️ Ислом банкларининг юриспруденцияси (фиқҳи) – юридик ва иқтисодий тадқиқотлар
▪️ Ислом суғуртаси (такофул)
▪️ Молиявий ҳуқуқлар ҳамда уларнинг амалий тадбиқлари
▪️ Бошқариладиган таварруқ ва ташкиллаштирилган таварруқ ўртасида банк таварруқи
▪️ Ислом иқтисодиёти ва молиявий амалиётлар бўйича толиби илм портфели (12 жилддан иборат)
▪️ Жаҳон молиявий инқирози: сабаблари, оқибатлари ва ундан кейинги капитализмнинг келажаги – ислом иқтисодиёти нуқтаи назаридан ечимлари
▪️ Биз ва бошқалар: Қуръон, суннат ва мувозанат қонунлари нуқтаи назаридан, тинчлик, уруш, озчилик ва кўпчилик ҳолатидаги мусулмоннинг бошқалар билан бўлган муносабати баёнига асосланган тадқиқотлар
▪️ Банк ва суғурта (таҳлилилй тадқиқот) (нашрга тайёрланмоқда)
▪️ Закотга доир замонавий фиқҳий масалалар бўйича тадқиқотлар (2008)
▪️ Салам шартномаси ва унинг маҳсулот, манфаат ва хизматлар савдосидаги замонавий кўринишлари (нашрга тайёрланмоқда)
▪️ Ислом иқтисодиётига кириш (нашрга тайёрланмоқда)
▪️ Ислом банклари юрисприденсиясига оид тадқиқотлар (2007)
▪️ Пул, иқтисод, эгалик ва шартномаларга кириш (2006)
▪️ Замонавий тиббий масалалар фиқҳи (2005)
▪️ Акцияларга сармоя киритиш фиқҳи (2005)
▪️ Ислом иқтисодиётига оид тадқиқотлар (2002)
▪️ Замонавий фиқҳий муносабатлар бўйича тадқиқотлар (2001)
▪️ Шерикчилик фиқҳи (1996)
▪️ Мислий ва қиёмийлик қоидалари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсири, қоғоз пулларимизнинг замонавий амалиёти
▪️ Имом Ғаззолийнинг “Васит” асари тадқиқи ва шарҳи
▪️ Имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд” асари тадқиқи ва шарҳи
▪️ Ва бошқалари.
(Давоми бор)